Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
2022 йилги Давлат дастури ижроси: депутатлар Ҳукумат ҳисоботини маъқулладими?
17:24 / 2023-01-27

Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури доирасида 2022 йилда 106 та оилавий шифокор пункти ва поликлиника, мингта маҳалла тиббиёт пункти ташкил этилди. Бу орқали 3,5 миллион аҳолига бирламчи тиббий хизмат яқинлаштирилди. “Тиббиёт бригадалари”га қўшимча 3 минг 600 та педиатрия ҳамшираси ва доя штатлари ажратилди.

Оилавий шифокорлар томонидан бепул тарқатиладиган дорилар 45 турдан 70 турга етказилиб, бунга ажратилаётган маблағлар ҳажми 3 баравар оширилди. 820 та бирламчи тиббиёт муассасасига ташхис ускуналари етказиб берилган ҳолда оилавий поликлиникаларда 19 мингдан зиёд кундузги шифо ўринлари ташкил этилди. Натижада 740 минг аҳоли шифохонага бормасдан, маҳалланинг ўзида даволаниш имконияти яратилди.  

Шунингдек, 10 миллиондан зиёд 40 ёшдан ошган аҳолининг 70 фоизи кардиологик ва қандли диабет касаллигини эрта босқичда аниқлаш бўйича скрининг текширувидан ўтказилди. Юқори технологик операцияга муҳтож 16 минг бемордан 3 минг 200 нафари вилоят ва туманларнинг ўзида даволанди.  

Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП, Халқ демократик партияси ҳамда Ўзбекистон Экологик партияси фракцияларининг йиғилишида айтиб ўтилди. Фракциялар аъзолари ўтган йилги Давлат дастури бажарилиши юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботини кўриб чиқар экан, муҳокамаларга партия дастурий вазифаларидан келиб чиқиб ёндашдилар.

— Давлат дастури ижроси доирасида аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини янада ошириш, бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш лозим, — деди Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Гулруҳ Аъзамова. — Дори-дармон ва тиббий буюмлар муомаласини тартибга солиш ҳамда аҳолига арзон ва сифатли маҳсулотлар етказиб бериш тизимини такомиллаштириш долзарб масалалардандир. Шунингдек, электрон рецепт тизимини такомиллаштириш ва кенг жорий этиш, нархларга риоя этилишини онлайн кузатишнинг ахборот тизимини яратиш борасидаги ишларни ҳам жадаллаштириш вақти келди.

— Мамлакатимизда ижтимоий масалаларни самарали ҳал этиш, ижтимоий соҳанинг барқарорлигини таъминлаш, эҳтиёжманд қатлам вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётир, — деди Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси Мавжуда Ҳасанова. — Бу борада ҳисобот даврида янги иш ўринлари яратиш, аҳоли даромадларини ошириш ва шу орқали 2026 йил якунига қадар камбағалликни камида 2 баробар қисқартириш мақсадида аҳолининг бандлигини таъминлаш дастурига асосан 251 мингта аҳоли доимий, мавсумий ва вақтинчалик ишларга жалб этилиб, йиллик прогноз кўрсаткич 118,3 фоизга бажарилди.  

Бундан ташқари, фракциямиз ҳукуматнинг ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш борасидаги амалий ишларини алоҳида эътироф этди. Хусусан, 2022 йилда Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган Имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлигига кўмаклашиш миллий дастури доирасида ногиронлиги бўлган шахслар ташкилотлардаги мавжуд бўш ҳамда захираланган иш ўринларига ишга жойлаштирилиши, уларни ишга қабул қилган иш берувчиларга субсидия ажратилиши ижобий ҳолдир.  

Шунингдек, йиғилишда фракция аъзолари шароити оғир ва кам таъминланган кексаларга дори воситалари, тиббий ва махсус протез-ортопедия мосламаларининг ажратилиши ҳамда жарроҳлик амалиётларининг харажатлари қоплаб берилиши масаласида ҳудудларда қатор камчилик ва сусткашликлар кузатилаётганини айтиб, бу бўйича зарур тавсиялар бердилар.  

Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси аъзолари эса Давлат дастури доирасида экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, шаҳар ва туманларнинг экологик аҳволини яхшилаш, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш борасидаги ишларга алоҳида эътибор қаратди.  

—  Ўтган 2022 йилда дастур ижроси доирасида сув таъминоти объектларида 3 минг 937 км узунликдаги ичимлик сув тармоқлари янгидан тортилди. Аҳолини тоза ичимлик суви ҳамда оқова сув тармоғи билан таъминлаш мақсадида барча дастурлар доирасида республика бюджетининг 3,3 триллион сўм маблағлари ўзлаштирилиб, унинг ҳисобидан 809 та иншоот ҳамда 6,9 минг км ичимлик ва оқова сув тармоқлари қурилиб, реконструкция қилинди. Марказлашган ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси ўтган йил бошида 69,7 фоиз бўлган бўлса, йил якунига кўра ушбу кўрсаткич 74,4 фоизга тенг бўлди. Келгусида ҳам тоза ичимлик суви етиб бормаган чекка ҳудудларда сув таъминотини йўлга қўйиш чораларини янада жадаллаштириш, бунда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг масъулиятини кучайтириш лозим, — деди депутат Наврўз Юсупов.  

Йиғилишда ҳукумат ҳисоботи қизғин муҳокама қилиниб, маъқулланди.  

Муҳтарама Комилова, ЎзА