Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
2022 йилдан бошлаб фуқаролар иштирокидаги аудит ўтказиш тизими жорий этилади
21:07 / 2021-09-02

2021 йил 27 августда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан «Давлат молиявий назорати тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони қабул қилинди.

Бунда, Давлат молиявий ресурсларини самарали бошқариш ҳамда давлат маблағларидан мақсадли ва оқилона фойдаланиш борасида ривожланган давлатлар тажрибасидан келиб чиқиб, давлат молиявий назорати тизимини янада такомиллаштириш назарда тутилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси, Молия вазирлиги ҳамда вазирлик ва идоралар ички аудит хизматларининг фаолияти халқаро тажрибалар асосида ташкил этилади ва мувофиқлаштирилади.

Давлат молиявий назорат тадбирлари янгидан ишлаб чиқиладиган халқаро стандартлар асосида олиб борилади.

Фармонда, халқаро ташкилотлар ва ривожланган давлатлар билан тажриба алмашиш, илғор тажрибаларни амалиётда қўллаш учун халқаро ташкилотларга аъзо бўлиш, мутахассисларни бугунги кун талаблари асосида қайта тайёрлаш каби аниқ вазифалар белгиланди.

Ҳисоб палатасига Олий аудит органларининг халқаро стандартлари (ISSAI) асосида – «ташқи аудит тадбирларини режалаштириш ва ўтказишни ташкил этиш», «молиявий», «самарадорлик» ва «мувофиқлик» аудитларини ўтказиш каби стандартларни ишлаб чиқиш топшириғи берилди.

Жумладан, Ҳисоб палатасига дастлаб 4 та вазирлик тизимида, кейинчалик эса барча назорат тадбирларини халқаро стандартлар талаблари асосида молиявий, самарадорлик ва мувофиқлик аудитларини ўтказиш орқали амалга ошириш белгиланди.

Молия вазирлигига эса Халқаро ички аудиторлар институти (IIA) томонидан ишлаб чиқилган «Ички аудитнинг халқаро профессионал тажрибалари (IPPF)” асосида «ички аудит миллий стандартлари»ни ишлаб чиқиш талаби қўйилди.

Яна бир муҳим йўналишлардан бири, Давлат молиявий назоратини амалга оширувчи ташкилотлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш бўйича ҳам бир қатор янги вазифалар белгиланди.

Амалиётда биринчи марта, 2022 йилдан бошлаб Молия вазирлиги Ҳисоб палатаси билан биргаликда, ҳар чоракда камида 2 тадан объектда фуқаролар иштирокидаги аудит ўтказиш тизими жорий этилади.

2021 йил 1 октябрдан бошлаб Ҳисоб палатаси, Молия вазирлиги ва ички аудит хизматлари ҳар чоракда камида бир маротаба оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида ўз фаолиятига оид ҳисоботларни жамоатчиликка эълон қилиб боради.

Бундан ташқари, давлат молиявий назорати ва ички аудит хизматлари фаолиятини мувофиқлаштириш мақсадида Ҳисоб палатаси Ҳайъати ташкил этилиб, унинг таркиби тасдиқланди.

Фармонга мувофиқ, янги ташкил этилаётган тизимда «Давлат аудити» электрон дастурий комплекси ишга туширилади.

Фармон билан 2021–2022 йилларда давлат молиявий назорати тизимини такомиллаштириш бўйича «Йўл харитаси» тасдиқланди.

 

А. РУСТАМОВ, ЎзА