Олий Мажлис Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси мажлиси бўлиб ўтди. Унда Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида кўриб чиқилиши назарда тутилган масалалар муҳокама қилинди.
Хусусан, Давлат бюджетининг 2021 йил 9 ойи ижроси, “2022 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун қизғин руҳда кўриб чиқилди. Қайд этилганидек, ҳисобот даврида Давлат бюджети даромадлари 116 триллион сўмни ташкил этиб, белгиланган 107 триллион сўм прогноз 108,4 фоизга ёки 9 триллион сўмга ошириб бажарилган. Даромадлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 21,6 триллион сўмга кўп бўлган.
Сенаторлар ҳисобот даврида бюджет маблағларидан самарали фойдаланишни таъминлаш мақсадида Ягона ғазна ҳисобварағининг ишончли ва барқарор ишлаши ҳамда инсон омили аралашувини қисқартириш билан боғлиқ чора-тадбирларни амалга оширилиши лозимлигига эътибор қаратди.

Молия вазирлиги бюджетдан маблағ олувчи вазирлик ва идоралар билан биргаликда ажратилган маблағлардан мақсадли ҳамда самарали фойдаланилиши устидан таъсирчан назорат тизимини ўрнатиш, бюджет маблағларининг натижадорлигини таъминлашга қаратилган доимий мониторинг тизимини жорий этиши мақсадга мувофиқлиги кўрсатиб ўтилди.
Шу муносабат билан бюджет харажатлари устидан назоратни кучайтириш мақсадида вазирлик ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан расмий веб-сайтларда бюджет маблағлари харажатлари, бюджет очиқлигини таъминлаш юзасидан тегишли маълумотларни жойлаштириш зарурлиги билдирилди.
“2022 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, давлат бюджети даромадларидан келиб чиқиб, келгуси йил учун Давлат бюджети харажатлари ялпи ички маҳсулотга нисбатан 25,6 фоиз миқдорида белгиланмоқда.

Қонун билан ижтимоий соҳа харажатларининг қарийб 45 фоизи таълим соҳасига, хусусан, мактабгача таълим муассаларига 8,6 триллион сўм, халқ таълимига 30,8 триллион сўм, ўрта махсус ва олий таълимга 7,5 триллион сўм маблағ ажратилмоқда. Соғлиқни сақлаш соҳасига эса (марказлашган инвестиция харажатлари билан бирга) 24 триллион сўм маблағ ёки 2021 йил тасдиқланган режага нисбатан 3,5 триллион сўм (17 фоизга) кўп маблағ ажратилиши кўзда тутилган.
Қўмита мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди. Хусусий мулкни ҳимоя қилиш билан боғлиқ айрим муаммоли вазиятларларни бартараф этиш мақсадида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилига тадбиркорларнинг манфаатларини бузилиши ҳолатлари бўйича айрим маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколатини бериш белгиланмоқда.
Муҳтарама Комилова, ЎзА