ФОТОРЕПОРТАЖ
Сирдарё вилояти божхона бошқармасида 26 январь – давлат божхона хизмати органлари ходимлари куни муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Акмалжон Маҳмудалиев, секторлар раҳбарлари, бошқарма шахсий таркиби ва фахрийлар иштирок этди.
Вилоят ҳокими соҳа ходимларини касб байрами билан муборакбод этар экан, улар томонидан эришилган ижобий натижаларни алоҳида эътироф этди.
Бугунги кунда вилоятда “Сирдарё” ва «Ховособод» чегара божхона постлари, “Оқолтин” ва “Малик” чегара пунктлари, «Сайхун», “Гулистон”, «Ховос» ташқи иқтисодий фаолият ва “Масофавий электрон декларациялаш” божхона постлари фаолият кўрсатмоқда.
[gallery-10385]
Ўтган 2022 йилда вилоят бўйича ташқи савдо товар айланмаси 875,1 млн АҚШ долларни ташкил этиб, бу кўрсаткич 2021 йилга нисбатан 294,7 млн АҚШ долларига ошган. Шундан, божхона режимида 300,6 млн АҚШ долларга тенг бўлган товарлар дунёнинг 36 тадан ортиқ давлатларига экспорт қилинган. Шунингдек, 2022 йилда давлат бюджетига божхона тўловлари тушуми 592 млрд сўмни ташкил этиб, ўтган 2021 йилга нисбатан 183 млрд сўмга ошганлигини кўриш мумкин.
Бундан ташқари, 2022 йилда тадбиркорлар ва ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларига 1,3 трлн сўм божхона тўловларидан имтиёз ва преференциялар қўлланилган. Бу эса ўз навбатида тежалган маблағларни тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш ва технологик асбоб-ускуналарини модернизация қилиш учун йўналтиришга имкон яратди.
Ўтган йил давомида вилоятидаги чегара божхона постлари орқали 1 215 666 нафар йўловчи ҳамда 170 456 та автотранспорт воситалари ҳаракатланган. Ушбу давр мобайнида божхона ходимлари томонидан 552 та контрабанда ҳолатлари аниқланиб, 24,2 млрд сўмлик ноқонуний товар моддий-бойликлари ушлаб қолинган.
Тадбирда бошқарма бошлиғининг биринчи ўринбосари Жаҳонгир Ҳотамовга «Божхона хизмати полковниги» махсус унвони, 9-сонли умумтаълим мактаби ўқувчиси Севинчой Исроиловага “Ёш божхоначи” кўкрак нишони ҳамда бир гуруҳ ходимларга фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.
Шаҳриёр ОРТИҚБОЕВ (сурат), ЎзА