Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов Америка Қўшма Штатларининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Жонатан Девид Хенник билан учрашди.
Учрашув ўтказишдан асосий мақсад – IT соҳасида ўзаро ҳамкорликни кучайтириш ва масофавий хизматлар экспортини янада оширишдан иборат.
Мулоқотда Ш.Шерматов рақамлаштириш соҳасида Ўзбекистонда амалга оширилаётган ишларга тўхталди. Жумладан, мамлакатни IT хабга айлантириш ва рақамлаштиришни янги босқичга олиб чиқиш натижасида ўтган 2022 йилда IT экспорт ҳажми 100 миллион доллардан ошганлиги ва унинг асосий қисми айнан АҚШ бозорига тўғри келиши айтиб ўтилди.

Шунингдек, Собиқ Иттифоқ давлатлари ичида Ўзбекистон аҳолиси энг кўп ўсганини ҳисобга олиб, мамлакатда BPO ва KPO орқали ёшлар учун муносиб масофавий иш ўринларини яратиш ва бу орқали уларни ўз оилалари билан Ўзбекистонда яшаб, юқори маошли иш билан таъминлаш муҳимлиги алоҳида таъкидланди.
Ўз навбатида, мактабларда аввал бошланган English Speaking Nation лойиҳаси натижасида Cambridge University Press томонидан ишлаб чиқилган инглиз тили китобларининг ўтган ўқув йилидан амалга киритилганлиги, келгуси битирувчиларнинг инглиз тилини билиш даражасини оширишга ёрдам беради. Бу эса кўпроқ ёшларимизни IT, BPO, KPO орқали даромад топиш имкониятларига жалб қилиш имконини беради.
Вазирлик Coursera билан ҳамкорликда uzbekcoders.uz l лойиҳасининг кейинги босқичи сифатида кўпроқ ёшларга ITдан қўшимча таълим олиш имкониятлари яратилаётгани айтиб ўтилди. Шу билан биргаликда, вазирлик томонидан кўпроқ ёшларимизни IT ва инглиз тилига ўргатиш бўйича IT таълим соҳасида ҳам ҳамкорликни янада кенгайтириш, IT йўналишида Американинг етакчи университетларида ёшларимизнинг таълим олиб келиши учун янги лойиҳаларни биргаликда ишлаб чиқиш бўйича таклифлар берилди.
– Мамлакатингиз АҚШ билан географик жойлашув нуқтаи назаридан яқин эмас, – дейди АҚШнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Жонатан Девид Хенник. – Аммо, айнан IT соҳаси орқали масофани яқин қилиб ҳамкорликни ривожлантириш ва уни янги босқичга олиб чиқиш учун имконият етарли. Бу йўналишда ҳамкорликда ҳали жуда кўплаб мақсадли лойиҳаларни амалга оширамиз.
Шу билан бирга, суҳбат давомида юртимизда АҚШ етакчи IT, стартап ва венчур компанияларининг ваколатхоналарини очиш, улар билан яқинлик ўрнатишда элчихона имкониятларидан фойдаланиш бўйича масалалар муҳокама қилинди. Бу орқали босқичма-босқич сервис экспортидан, маҳсулот экспортига ўтиш муҳимлиги таъкидланди.
Г.Сатторова,
ЎзА