Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
2022 йилда 50 турдаги янги электрон давлат хизматлари жорий қилинди
15:34 / 2022-12-27

Маълумки, Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази Ўзбекистондаги рақамлаштириш жараёнларини мунтазам таҳлил қилади. Шу билан бирга аҳоли қулайлиги учун электрон давлат хизматларини жорий этиб боради.

Маълумот ўрнида айтиш жоиз, жорий йил бошидан бери Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz)да 68 та янги онлайн хизматлар ишга туширилиб, умумий электрон давлат хизматлари сони 368 тага етди. Шулардан 242 таси тадбиркорлар учун мўлжалланган бўлса, 225 таси фуқароларимиз учун жорий қилинган. 240 та хизматдан эса бепул фойдаланиш имконияти мавжуд. Барча пуллик хизматлардан my.gov.uz орқали фойдаланилганда 10 фоиз чегирма белгиланган.  

– Жорий йилда 12 миллиондан зиёд аҳоли ва тадбиркорлар электрон давлат хизматларидан my.gov.uz орқали фойдаланишди, – дейди Электрон ҳукумат тизимини ривожлантириш департаменти бошлиғи Дилшод Мирзаев. – My.gov.uz нинг мобиль иловасида 2022 йилда 50 турдаги янги электрон давлат хизматлари жорий қилиниб, улар сони 160 тага етказилди. Шулардан 22 тасидан рўйхатдан ўтмасдан туриб, 92 тасидан эса бепул фойдаланиш мумкин бўлди. 2022 йил давомида электрон давлат хизматларидан онлайн фойдаланиш ортидан аҳолининг 36 миллиарддан ортиқ маблағлари тежалишига эришилди. Ягона интерактив давлат хизматлари портали фойдаланувчилари сони 2022 йилда кескин ортиб, 4 миллионга етди. Бунда фуқароларимизнинг вақти ва маблағи тежалишига, давлат идораларига бевосита ташрифини қисқартиришга босқичма-босқич эришилмоқда.  

Жорий йилда ижтимоий соҳаларга доир хизматларни такомиллаштиришга эътибор янада кучайтирилди. Хусусан, “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га кирган ҳамда I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга my.gov.uz хизматларини кўрсатишда давлат божлари учун 50 фоиз чегирма йўлга қўйилди.  

Шунингдек, 2022 йил 1 октябрдан бошлаб 18 ёшгача ногиронлиги бўлган болалар ва одам иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касалликка чалинган 18 ёшгача болаларга тўланадиган нафақаларни ҳамда парваришлаш нафақасини фуқаролардан қўшимча ҳужжатларни талаб этмаган ҳолда “проактив шакл”да тайинлаш тизими жорий этилди. Бугунги кунда мазкур тизим орқали 3 мингдан ортиқ нафақалар тайинланди.  

Жорий йилда Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан олиб бориладиган Электрон ҳукумат рейтингида 18 поғона юқорилаб, 193 та мамлакат орасида 69-ўринни эгаллади. Жаҳон банкининг “GovTech” рейтингида ҳукумат ва давлат хизматлари сектори бўйича 37 поғонага (198 мамлакат ичида 43-ўрин), рақамли кўникмалар ва давлат хизматларидаги инновациялар бўйича 65 поғона юқорилади.  

“Open data Inception”нинг 2022 йилги таҳлилига кўра, Ўзбекистон дунёнинг 201 та мамлакатлари орасида очиқ маълумотлар манбалари ва улар сони бўйича 4-ўринни эгаллаган.  

Шу билан бирга, 2023 йилда Ягона порталда аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига янада қулайликлар яратиш мақсадида янги хизматлар ишга туширилади. Масалан, 1-синфга онлайн қабул қилишга ариза юбориш, имтиёзли транспорт картасини олиш, кўчмас мулк тарихи маълумотларини тақдим этиш ва ҳоказолар. Йўлга қўйилган хизматларни соддалаштириш бўйича ишлар давом эттирилади.  

Янги йилдан электрон давлат хизматлари сафидан “проактив шаклдаги” хизматлар ҳам ўрин олиши кўзда тутилган. Бундан ташқари, давлат органлари ва ташкилотлари томонидан талаб қилинадиган ҳужжатлар ва маълумотлар сўрови янада қисқартирилиб, минимал даражага етказилиши режалаштирилган.  

Шунингдек, асосий эътибор my.gov.uz мобил иловасидаги хизматлар сонини кўпайтиришга қаратилади ҳамда тижорат ташкилотлари хизматларини кўрсатиш йўлга қўйилади.  

 

Ш.Маматуропова,

ЎзА