English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
2022 йилда 41 минг гектар майдонда узумзорлар барпо этилди
14:42 / 2023-03-14

Ўлкамизга баҳор фасли кириб келиши билан деҳқонлару боғбонлар ҳаракатга тушиб қолишди. Кенг далаларда, боғу-роғларда, экин майдонларида баҳорги юмушлар бошлаб юборилди.

Яқинда Тошкент вилоятининг Паркент туманига йўлимиз тушиб, кенг майдонлардан ўтганимизда, адирликлар узра ястаниб ётган узумзорларга кўзимиз тушди. Таъмию номи машҳур Паркент узумлари ана шу кенг узумзор боғларда етиштирилиши хаёлдан ўтар экан, ўйларимиз юртимизда узумчилик соҳасида олиб борилаётган ишларга уланиб кетди.      

Статистика агентлигининг маълумотларини ўқиб қолдим: 2023 йилнинг январь ойида Ўзбекистон 30 та хорижий давлатга қиймати 6,3 миллион долларга тенг бўлган 7,5 минг тонна майиз экспорт қилган. Майиз экспорти ўтган йилнинг мос даври билан солиштирилганда, 464 тоннага ошган экан. Бу рақамлар, албатта, узумзорларни кенгайтириш, янги токзорларни ташкил этиш, серҳосил узум навларини кўпайтириш соҳасида амалга оширилаётган ишларга бориб тақалади.    

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 28 июлдаги “Узумчиликни ривожлантиришда кластер тизимини жорий этиш, соҳага илғор технологияларни жалб қилишни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан республикамизда 48 та узумчиликка ихтисослаштирилган туманларда 156 минг гектар майдонда янги токзорлар барпо этиш бўйича манзилли дастур ишлаб чиқилди. Маълумотларга кўра, бу борада ўтган 2022 йилда 437 та лойиҳа амалга оширилиб, 41 минг гектар майдонда узумзорлар барпо этилди. Бу 2021 йилга нисбатан 2,5 баробар кўп. Жами узум майдонлари 134 минг гектарга етказилди.  

Узумчилик йўналишида фаолият олиб бораётган фермер ва деҳқон хўжаликларини қўллаб-қувватлашга ҳам алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Шу мақсадда жами 12,8 минг гектар узумзорларда сув тежовчи технологиялар ўрнатилди ва тадбиркорларга 66,7 миллиард сўм субсидия маблағлари ажратиб берилди. Бу борадаги саъй-ҳаракатлар, ўз навбатида, узумчилик билан шуғулланаётган деҳқон хўжаликларига ўз фаолиятини кенгайтиришларида кенг имкон яратмоқда.  

Юртимизда етиштирилаётган узум ва узумчилик маҳсулотларининг экспортини кенгайтириш, қолаверса, соҳада ўзаро тажриба алмашиш мақсадида хорижий мамлакатлар билан ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига ҳам устувор аҳамият қаратиб келинади. Бу борада 2022 йилда 46 та хорижий давлатга 240 миллион долларлик, шундан 136 миллион долларлик узум, 50 миллион долларлик майиз ҳамда соҳа корхоналарининг 54 миллион долларлик маҳсулотлари экспорт қилинди.  

Бундан ташқари, ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш, миллий маҳсулотларни ташқи бозорларда оммалаштириш мақсадида ўтган йили Россия, Тожикистон ва Туркманистонда ўтказилган 5 та халқаро ярмарка ва кўргазмаларда 21 та соҳа корхоналари 50 хил турдаги табиий вино маҳсулотлари билан иштирок этган.    

Узумчилик ва виночилик, умуман, мева ва сабзавотчилик соҳасида таълим жараёнларини такомиллаштириш, соҳада илмий ёндашувларни жорий қилиш масалалари ҳам доимий эътиборда. Бу борада Фарғона давлат университетида “Узумчилик, мевачилик ва сабзавотчилик” қўшма факультети ташкил этилгани алоҳида аҳамиятга эга.    

Бир сўз билан айтганда, юртимизда азалдан шаклланиб келган узумчилик анъаналарини бугунги замон талаблари даражасида янада ривожлантириш, соҳадаги ишларни жадаллаштириш долзарб аҳамиятга эга. Соҳани ривожлантириш узум, майиз ва виночилик маҳсулотлари экспортини кенгайтиришга, аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда даромадларини кўпайтиришга замин яратади.  

Муҳтарама Комилова, ЎзА