English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
2022-2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегияси инсон қадрини улуғлашга хизмат қилади
17:41 / 2022-01-06

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан тасдиқланиши назарда тутилган «Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегияси», Тараққиёт стратегиясини 2022 йилда амалга ошириш бўйича “йўл харитаси” лойиҳалари жамоатчилик муҳокамасига тақдим қилинди.

Яқин келажакда Янги Ўзбекистонни жаҳон майдонида кучли салоҳият, муносиб обрў-эътиборга эга бўлган, ҳар томонлама обод ва фаровон, тинч ва осойишта мамлакатга айлантиришни мақсад қилган мазкур тарихий ҳужжатлар лойиҳалари бўйича фикр билдириш эртанги кунига бефарқ бўлмаган барчамиз учун шарафлидир.Шунинг учун ҳам қалб амри билан ушбу ҳужжатларни диққат ва ҳаяжон билан ўқиб, Ҳаракатлар стратегияси билан солиштириб, таҳлил қилиб, ўз олдимга қуйидаги саволни қўйдим ҳамда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг асар ва нутқларига таяниб, имкон қадар жавоб беришга ҳаракат қилдим. 

ТАРАҚҚИЁТ СТРАТEГИЯСИНИНГ ЎЗИГА ХОС ХУСУСИЯТЛАРИ НИМАЛАРДАН ИБОРАТ?

Эл-юртимиз биз бошлаган халқчил ислоҳотларга бугун хайрихоҳлик ва қатъий ишонч билан қараб, уларнинг ҳосили ва самарасини тезроқ кўришни истамоқда. Ана шу ҳақли талабни инобатга олган ҳолда, биз Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясини ишлаб чиқиб, сайлов жараёнида уни ўзига хос умумхалқ муҳокамасидан ўтказдик.

Шавкат МИРЗИЁЕВ

Биринчидан, Тараққиёт стратегияси лойиҳаси халқимизнинг юксак ишонч ва эътирофига сазовор бўлган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни сайловолди дастури, яъни «Янги Ўзбекистон стратегияси» асари ҳамда Президенти лавозимига киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидаги нутқида баён қилинган мақсад ва вазифалар асосида ишлаб чиқилган.

Бу муҳим концептуал ҳужжатда ислоҳотларимизнинг узвийлиги ва давомийлигини таъминлаш мақсадида «Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари» деган тамойил асосий ғоя ва бош мезон сифатида кун тартибига қўйилди.

Шавкат МИРЗИЁЕВ

Иккинчидан, Тараққиёт стратегиясида юртимизда яшаётган ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатлари энг олий қадрият этиб белгиланмоқда ва у миллий ривожланишимизнинг янги босқичини бошлаб беради. Бунга яққол мисол Тараққиёт стратегияси «инсон – жамият – давлат» деган янги тамойил асосида ишлаб чиқилган.

Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси етти йўналишдан иборат этиб белгиланди. Бу – бежиз эмас. Зеро, аждодларимиз етти рақамини бахт-саодат ва омад келтирадиган, эзгу ниятни рўёбга чиқарадиган хосиятли тимсол, деб билганлар.

Шавкат МИРЗИЁЕВ

Учинчидан, Тараққиёт стратегияси 94 та миллий мақсадларни қамраб олган қуйидаги еттита устувор йўналишдан иборат:

биринчи, инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш;

иккинчи,мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантириш;

учинчи, миллий иқтисодиётни ривожлантириш, унинг ўсиш суръатларини замон талаблари даражасида таъминлаш;

тўртинчи, адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантириш;

бешинчи,маънавий тараққиётни таъминлаш, ушбу соҳани тубдан ислоҳ этиш ва янги босқичга олиб чиқиш;

олтинчи, умумбашарий муаммоларга миллий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда ечим топиш;

еттинчи, мамлакатимиз хавфсизлиги ва мудофаа салоҳиятини кучайтириш, очиқ ва прагматик, фаол ташқи сиёсат олиб бориш.

Асосий қомусимиз кафили сифатида Конституция ва қонунларимиз талабларини сўзсиз бажариш, «Инсон қадри учун» деган устувор тамойилни тўла рўёбга чиқариш бундан буён ҳам фаолиятимнинг бош мезони бўлиб қолади.

Шавкат МИРЗИЁЕВ

Тўртинчидан, Тараққиёт стратегиясини ҳар бир устувор йўналиши номланишидан бошлаб, мазмун-моҳиятигача Инсон қадрини улуғлашга йўналтирилган.

Хусусан, биринчи устувор йўналиш оддийгина «халқпарвар давлат барпо этиш» – деб эмас балки, "инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш» эканлигига урғу берилган, Шунингдек, тўртинчи устувор йўналиш сифатида эса «адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлан-тириш” белгиланмоқда.

Президентимиз таъкидлаганидек, - «инсон қадри биз учун қандайдир мавҳум, баландпарвоз тушунча эмас. Инсон қадри деганда, биз, аввало, ҳар бир фуқаронинг тинч ва хавфсиз ҳаёт кечиришини, унинг фундаментал ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашни назарда тутамиз.

Инсон қадри деганда, биз ҳар бир фуқаро учун муносиб турмуш шароити ва замонавий инфратузилма ташкил этишни, малакали тиббий хизмат кўрсатиш, сифатли таълим, ижтимоий ҳимоя тизими, соғлом экологик муҳит яратиб беришни тушунамиз».

Бешинчидан,Тараққиёт стратегияси беш босқичда, юртимизда йилларга бериладиган номлардан келиб чиқиб, ҳар бир йил бўйича «йўл хариталари» қабул қилинишини назарда тутган ҳолда амалга оширилади.

«Йўл харитаси» тузилиши жиҳатидан мукаммаллаштирилган ва унда миллий мақсадлар, асосий кўрсаткичлар ва чора-тадбирлар; уни амалга ошириш механизмлари ва шакли; муддати, назорат қилувчилар, масъул ижрочилар аниқ кўрсатилмоқда. 

Ҳаммамиз яхши тушунамиз, агар жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони ва руҳи – маънавиятдир. Биз янги Ўзбекистонни барпо этишда ана шу иккита мустаҳкам устунга, яъни, бозор тамойилларига асосланган кучли иқтисодиётга ҳамда аждодларимизнинг бой мероси, миллий ва умуминсоний ғояларни мужассам этадиган кучли маънавиятга таянамиз.

Шавкат МИРЗИЁЕВ

Олтинчидан, Тараққиёт стратегиясини алоҳида устувор йўналиши сифатида “маънавий тараққиётни таъминлаш, ушбу соҳани тубдан ислоҳ этиш ва янги босқичга олиб чиқиш” белгиланмоқда.

Шу мақсадда «Янги Ўзбекистон – маърифатли жамият» концепциясини амалга ошириш орқали миллий қадриятларимизни янада ривожлан-тириш, маданият ва санъатни юксалтириш, «жаҳолатга қарши – маърифат» тамойили асосида униб-ўсиб келаётган ёшларимизни соғлом эътиқод руҳида тарбиялашга алоҳида аҳамият бериш назарда тутилмоқда.

Шунингдек, Президентимиз таъкидлаганидек, - «Ўзбекистон – улкан имконият ва бойликларга эга мамлакат. Лекин бизнинг энг катта бойлигимиз – турли миллат ва элатлар, диний конфессиялар вакиллари ўртасидаги тинчлик ва барқарорлик, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатликдир».

Бундай бебаҳо бойликни авайлаб-асраш ҳамда давлатимиз ва жамиятимизнинг бор куч ва имкониятларини, мамлакатимиздаги дўстлик ва аҳиллик муҳитини янада мустаҳкамлашга йўналтириш мақсадида Тараққиёт стратегиясида миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепциясининг изчил амалга оширилишини таъминлаш белгиланмоқда.

Биз глобаллашув ҳар томонлама авж олаётган, шиддатли ўзгаришлар содир бўлаётган мураккаб замонда яшамоқдамиз. Бугунги кунда иқлим ўзгаришлари, экологик муаммолар, радикализм, экстремизм ва терроризм, одам савдоси, наркотрафик каби таҳдидлар бизнинг мамлакатимизда ҳам ечилиши зарур бўлган долзарб вазифалар ҳисобланади.

Шавкат МИРЗИЁЕВ

Еттинчидан, Тараққиёт стратегиясининг яна бир янги устувор йўналиши сифатида «умумбашарий муаммоларга миллий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда ечим топиш»белгиланмоқда.

Бугунги кунда инсоният кўплаб умумбашарий муаммоларга дуч келмоқда ва уларга ечим топиш ниҳоятда долзарб бўлиб қолмоқда.

Бундай муаммоларни ҳал этишда куч ва имкониятларни бирлаштириш, бу борадаги барча саъй-ҳаракатларни уйғунлаштириш лозим. Бу эса, ўз навбатида, келажагимиз қиёфасини белгилайдиган глобал муаммоларнинг миллий ва минтақавий даражадаги ечимларини топиш зарурлигини англатади.

Шунинг учун ҳам Тараққиёт стратегиясида аҳоли саломатлиги ва генофондига зиён етказадиган мавжуд экологик муаммоларни бартараф этиш; экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш, шаҳар ва туманларда экологик аҳволни яхшилаш, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш;экстремизм ва терроризмга қарши курашишнинг самарали механизмларини шакллантириш; хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси ҳамда самарали миграция сиёсатини юритиш; «Ватандошлар» жамоат фонди орқали хорижий давлатлардаги юртдошларимиз билан доимий ва самарали алоқалар ўрнатиш; пандемияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини ошириш каби глобал аҳамиятга эга бўлган мақсадлар белгиланмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегияси» - инсон қадрини улуғлашга хизмат қилади.

 

Фозилжон ОТАХОНОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва

парламент тадқиқотлари институти директори, 

юридик фанлар доктори, профессор