Жорий йил 29 июнда “Маҳаллаларда ижтимоий хизматларни кўрсатиш ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга ёрдам бериш тизимини янги босқичга кўтариш ҳамда хотин-қизларни касбга ўргатиш ишларини янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, 2022 йил 1 июлдан Маҳаллаларда комплекс ёндашув асосида ижтимоий хизматларни ташкил этиш тизими босқичма-босқич жорий қилинади. Қарор билан Маҳаллаларда комплекс ёндашув тизими асосида ижтимоий хизматларни жорий қилишни мувофиқлаштириш бўйича республика штаби ташкил қилинади.
2022 йил 1 ноябргача маҳаллалардаги хотин-қизлар фаоллари ҳар 2 ҳафтада Ҳудудий штабларга қуйидаги маълумотларни киритади. Хонадонлар аҳволи, оилаларнинг ижтимоий хизматларга эҳтиёжи, оилаларга аниқ ижтимоий хизмат кўрсатиш бўйича маълумотлар, мураккаб операцияларга, ногиронларнинг протез-ортопедия буюмларига эҳтиёжи бўйича буюртмалар. Ҳудудий штаблар ушбу маълумотларни ўз ҳудуди кесимида умумлаштирган ҳолда 2 кунда Мувофиқлаштириш штабига юборади.
Мувофиқлаштириш штаби келиб тушган маълумотлар асосида 3 кунда ҳақиқатда ижтимоий хизматга эҳтиёжманд бўлган оилаларга Ҳудудий штаб аъзосининг масъул ходими томонидан манзилли ижтимоий хизмат кўрсатилишини ташкиллаштиради.
Шунингдек, 2022-2023 йилларда республика бўйича жами 827 минг 780 нафар (шундан жорий йилда 383 565 нафар) хотин-қизларни касб-ҳунарга ўқитиш ва уларнинг бандлигини таъминлаш назарда тутилган.
2022 йил 1 августдан дастлаб Сурхондарё вилоятидаги маҳаллаларда (2022 йил 1 ноябрдан республиканинг бошқа барча маҳаллаларида) “Маҳаллада ижтимоий хизмат” модули орқали ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизими жорий этилади.
Меҳнат бозорида тенг шароитларда рақобатлаша олмайдиган хотин-қизларни касбга ўқитиш билан боғлиқ харажатларнинг 70 фоизи, бироқ ҳар бир битирувчига БҲМнинг 4 баробаридан ошмаган миқдори давлат томонидан қоплаб берилади.
ЎзА