Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмасининг Фарғона вилоят Кенгаши биносида “Йилнинг энг яхши ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходими” анъанавий танловининг республика босқичи ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Видеоконференция шаклида ўтказилган мазкур тадбирда вазирлик ҳамда Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси республика Кенгаши вакиллари иштирок этди.
Танловда юртимиздаги барча тиббиёт муассасаларида фаолият юритиб келаётган ўрта тиббиёт ходимлари турли номинациялар бўйича ўзаро беллашган эди. Республика босқичида ҳар бир йўналиш 1-, 2- ва 3-ўринлар бўйича жами 39 нафар ўрта тиббиёт ходимлари ғолиб деб топилиб, улар “Соғлиқни сақлаш аълочиси” кўкрак нишони ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Танлов натижаларига кўра, Фарғона туман тиббиёт бирлашмаси юқумли касалликлар бўлими ҳамшираси Кумушхон Уликова “Йилнинг энг яхши ҳамшираси” номинацияси бўйича биринчи ўринни қўлга киритди.
Вилоят ОИТСга қарши курашиш маркази методик профилактик ва эпидемияга қарши ишларни ташкил этиш бўлими эпидемиолог врач ёрдамчиси Мунира Сотволдиева “Йилнинг энг яхши санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ўрта тиббиёт ходими” номинацияси бўйича иккинчи, Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази Фарғона филиали жарроҳлик бўлими ҳамшираси Нафиса Абророва “Йилнинг энг яхши шошилинч ёрдам ҳамшираси” номинацияси бўйича учинчи ўринга сазовор бўлди.
[gallery-2393]
Ғолибларга танлов ташкилотчилари томонидан диплом ва қимматбаҳо совғалар тақдим этилди.
— Тиббиёт соҳасида фаолият юритиш учун инсон билимли, меҳнатсевар, беморлар учун жонкуяр бўлиши керак, — дейди ғолиб, ҳамшира Кумушхон Уликова. — Йиллар давомида танловларнинг туман ҳамда вилоят босқичларида мунтазам қатнашиб келардим. Меҳнатим, изланишларим туфайли бугун “Йилнинг энг яхши ҳамшираси” номинациясида ғолиб деб топилдим. Эътирофдан хурсандман. Барчага раҳмат.
Шунингдек, вилоятда намунали фаолият олиб бораётган бир гуруҳ ҳамширалар ҳам Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси республика Кенгашининг фахрий ёрлиқлари ҳамда эсдалик совғалари билан мукофотланди.
Муқимжон ҚОДИРОВ(сурат), ЎзА