Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
2021 йилнинг энг иқтидорли талабалари аниқланди
18:00 / 2022-02-25

Андижон давлат университетида “Йил талабаси – 2021” танлови мамлакат босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги мутасаддилари, мамлакатимиздаги турли олий ўқув юртларида таҳсил олаётган танлов ғолиблари, талаба ёшлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.  

Унда мамлакатимизда талаба ёшларнинг ўқиб, пухта билим олиши, илмий-тадқиқотлар ўтказиши, умуман, ўз иқтидор салоҳиятини юзага чиқариши учун кенг имкониятлар яратиб берилаётганлиги таъкидланди. Маросимда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари Юсуф Абсоатов, Ёшлар ишлари агентлиги бошқарма бошлиғи Умидилло Саттаров, Андижон вилоятидаги олий таълим муассасалари ректорлари томонидан “Йил талабаси – 2021” кўрик-танловининг “Йилнинг энг билимдон талабаси”, “Йилнинг энг фаол ташаббускор-тарғиботчи талабаси”, “Йилнинг энг фаол ихтирочи-инноватор талабаси”, “Йилнинг энг фаол спортчи талабаси”, “Йилнинг энг намунали тадбиркор талабаси”, “Йилнинг энг фаол ижодкор талабаси”, “Йилнинг энг фаол блогер талабаси” йўналишлари бўйича ғолибларга диплом ва эсдалик совғалари топширилди.  

[gallery-5909]

– Ижодим эътироф этилиб, ғолиблар қаторидан жой олганлигимдан хурсандман, – дейди танловнинг “Йилнинг энг фаол ижодкор талабаси” номинацияси ғолиби, Термиз давлат университети талабаси Абдураҳмон Абдуназаров. – Бу менга янада катта масъулият юклайди. Яхши ўқишга, ижодда фаол бўлишга ундайди. Энг асосийси, тақдирлаш маросимида қатнашиш учун Андижонга келиб кўплаб дўстлар орттирдим. Тақдирлаш маросимидан сўнг Андижон давлат университети санъатшунослик факультети устозлари, талабалари томонидан бадиий дастур намойиш этилди. Ижро этилган чиройли куй, қўшиқ ва рақслар тадбирга ўзгача файз киритди. Тадбир иштирокчилари ва меҳмонлар Андижон давлат университети қошида ташкил этилган “Қатағон қурбонлари хотираси музейи” да бўлиб, юртимиз озодлиги йўлида қатағон қурбонига айланган юртдошларимиз ҳаётига оид маълумотлар, экспонатлар билан танишди.  

Музей раҳбари, тарих фанлари доктори, профессор Р.Шамсутдинов меҳмонларга “Қатағон қурбонлари” ҳақидаги китобларидан совға қилди. Шундан сўнг республикамизнинг турли вилоятларидан келган ғолиб талабалар, меҳмонлар Андижоннинг диққатга сазовор жойлари билан танишди. “Боғи Бобур” истироҳат боғида бўлиб, Заҳириддин Муҳаммад Бобур қабрини зиёрат қилди. 

Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,  
З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА