Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури тасдиқланди. Мазкур ҳужжатнинг ўзига хос хусусиятлари нималардан иборат?
Биринчидан, Давлат дастури лойиҳаси кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтди. Мазкур Давлат дастури лойиҳаси жорий йилнинг 18-28 январь кунлари 2021.strategy.uz, jamoatchilik.uz ва regulation.gov.uz веб-порталлари, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали аҳоли ва кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилди. Муҳокамалар доирасида маҳаллий оммавий ахборот воситалари, веб-сайтлар, ижтимоий тармоқларда 700 га яқин материал эълон қилинди, телерадиоканалларда қарийб 400 та чиқиш ва эшиттириш эфирга узатилди.
Иккинчидан, мазкур дастур том маънода сиёсий-юридик жиҳатдан халқчил ҳужжатдир. Унинг тузилиши, ундаги меъёрларнинг равон ва оддий тилда ифодаланганлиги, ҳуқуқни қўлловчилар учун, умуман, оддий фуқаро учун тушунарли қилиб ёзилганлиги алоҳида аҳамият касб этади.
Учинчидан, давлат дастури ҳаётий аҳамиятга эга бўлган ҳужжатдир. Шунинг учун ҳам бугунги реал воқеликни таъминлашга қаратилган 4 мингга яқин таклиф келиб тушди. Хусусан, давлат бошқаруви йўналиши бўйича – 1 239 та, суд-ҳуқуқ йўналишида – 479 та, иқтисодиёт соҳасида – 901 та, ижтимоий соҳада – 1 018 та, ташқи сиёсат ва хавфсизлик йўналишида– 146 та таклифлар билдирилди.
Кенг жамоатчилик ва экспертлар томонидан берилган таклифларни ҳар томонлама кўриб чиқиш якунига кўра, Давлат дастури лойиҳасига жами 50 га яқин концептуал ҳамда 100 дан ортиқ аниқлаштирувчи таҳририй ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Тўртинчидан, Давлат дастурида белгиланган тадбирлар ва вазифаларнинг моҳияти мамлакатимиз демократик ислоҳотлар йўлидан изчил бораётганлигининг яққол тасдиғидир. Биргина мисол, Давлат дастурининг “Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишнинг устувор йўналишлари” деб номланган бўлимида Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигини бериш тартибини такомиллаштириш борасидаги ислоҳотларни изчил давом эттириш, қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш, юридик шахсларнинг молиявий жавобгарлиги институтини қайта кўриб чиқиш, транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тартибини соддалаштириш, жазони ижро этиш ва пробация хизматини янада такомиллаштириш каби муҳим чора-тадбирлар амалга оширилиши кўзда тутилмоқда.
Мухтасар айтганда, 2021 йилги Давлат дастурида амалга оширилиши режалаштирилаётган барча соҳалардаги чора-тадбирлар дастурнинг, энг аввало, мамлакат ривожи ва халқ фаровонлигига хизмат қиладиган муҳим ҳужжат эканлигини яққол кўрсатиб турибди.
Валишер ДАВЛЯТОВ,
ТДЮУ кафедра мудири
Юридик фанлари бўйича фалсафа доктори.
ЎзА