Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бугунги мажлисида “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастурининг 2021 йилда бажарилиши юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи муҳокама қилинди.
Бош вазир ўринбосари, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Ж.Қўчқоров 2021 йилда ялпи ички маҳсулот ҳажми ўтган йилга нисбатан 7,4 фоизга ўсди. Бюджет даромадлари 164,7 трлн. сўмга ижро этилган бўлса, давлат бюджети харажатлари 188,7 трлн. сўмни, шундан ижтимоий соҳаларга йўналтирилган харажатлар 92,6 трлн. сўмни ташкил қилди. Ушбу харажатлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 30,9 фоизга ошган. 15 170 та лойиҳалар ишга туширилиши ҳисобига 273,7 мингта янги иш ўринлари яратилди.
Тақдим этилган ҳисоботга кўра, аҳолининг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ҳам кенг қамровли ишлар амалга оширилган. Жумладан, 2021 йилда гўшт, сут, тухум ва балиқ маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш мақсадида республика бўйича умумий қиймати 7,2 трлн. сўмлик 1 898 та лойиҳа амалга оширилган. Бунинг натижасида янги 21 минг иш ўринлари яратишга эришилди.
Аҳоли бандлиги ва реал даромадларини изчил ошириш мақсадида 115,4 минг нафар иш билан банд бўлмаган фуқаролар 40 та йўналишдаги касб-ҳунарга ҳамда тадбиркорлик кўникмаларига ўқитишга жалб этилган.
85,6 минг нафар фуқаро касбга ўқитиш курсларини муваффақиятли якунлаб сертификатларга эга бўлган.
Ҳукумат ҳисоботи юзасидан депутатлар, фракция аъзолари ўз муносабатлари ҳамда таклифларини билдирди. Жумладан, Халқ демократик партияси фракцияси аъзоси Мақсуда Ворисова йиллик дастур ижроси юзасидан фракция позициясини билдирар экан, асосий эътиборни партия дастурий вазифаларидан келиб чиққан ҳолда ижтимоий соҳага қаратди. Аҳоли бандлигини таъминлаш, ишсизликнинг олдини олиш, муайян касбларни танлашда кадрларга эҳтиёж юқори бўлган соҳаларга эътибор қаратиш каби масалаларга тўхталди. Ижтимоий ҳимоя тизимига оид масалалар 10 дан ортиқ давлат ташкилотлари зиммасига юклатилган, аммо натижа кутилгандек эмаслигини таъкидлади.
Қизғин ва танқидий руҳда кечган мажлисда Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи маъқулланди ва тегишли қарор қабул қилинди.
Мажлисда яна бир қатор қонун лойиҳалари муҳокама қилинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА