Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
2021 йилги Давлат дастури ижроси кўриб чиқилди
11:56 / 2022-02-04

Онлайн

Бугун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирма учинчи ялпи мажлиси ўз ишини давом эттирмоқда. Ялпи мажлисни Сенат Раиси Танзила Норбоева олиб бормоқда. 

Ялпи мажлисда дастлаб “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастурининг 2021 йилда бажарилиши юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи кўриб чиқилди. 

Давлат дастури ижроси бўйича Бош вазир ўринбосари, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Ж.Қўчқоров маъруза қилар экан, 2021 йилда Давлат дастуридаги 273 та банддан 243 таси бажарилганини, ижроси охирига етказилмаган бандлар бўйича назорат ўрнатилгани ва ниҳоясига етказилишини қайд этди.  

2021 йилда ялпи ички маҳсулот ҳажми ўтган йилга нисбатан 7,4 фоизга ўсгани таъкидланди. Бюджет даромадлари 164,7 триллион сўмга ижро этилган бўлса, давлат бюджети харажатлари 188,7 триллион сўмни, шундан ижтимоий соҳаларга йўналтирилган харажатлар 92,6 триллион сўмни ташкил қилди. Ушбу харажатлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 30,9 фоизга ошган. 15 минг 170 та лойиҳалар ишга туширилиши ҳисобига 273,7 мингта янги иш ўринлари яратилди. 

Тақдим этилган ҳисоботга кўра, аҳолининг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ҳам кенг қамровли ишлар амалга оширилган. Жумладан, 2021 йилда гўшт, сут, тухум ва балиқ маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш мақсадида республика бўйича умумий қиймати 7,2 триллион сўмлик 1 898 та лойиҳа амалга оширилган. Бунинг натижасида янги 21 минг иш ўринлари яратишга эришилди.  

Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ соҳасида ҳам қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, давлат божхона тизимини янада ислоҳ қилиш, соҳага илғор технологияларни жорий этиш, коррупцияга қарши курашиш борасидаги саъй-ҳаракатлар хусусида тўхталиб ўтилди. 

2021 йилда тадбиркорликни ривожлантириш бўйича қатор чора-тадбирлар амалга оширилди. Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури доирасида жисмоний шахсларга ажратилган кредитлар ҳажми аввалги йилга нисбатан бир ярим баробарга оширилгани алоҳида таъкидланди. 

Шунингдек, вазир ижтимоий соҳада олиб борилган саъй-ҳаракатлар хусусида ҳам тўхталиб ўтди. 2021 йилда мактабгача таълим қамрови 6,1 фоизга оширилгани, умумтаълим мактаблари битирувчиларининг олийгоҳларга кириш кўрсаткичи 2020 йилга нисбатан 1,7 бараварга ёки 51 минг нафарга ошгани қайд этилди.  

Сенаторлар Давлат дастури ижроси бўйича тақдим этилган ахборот юзасидан ўз савол ва мурожаатларини билдирмоқда. Муҳокама ҳамда савол-жавоблар қизғин давом этмоқда.  


Муҳтарама Комилова, ЎзА