Молия вазирлигида видеоконференция шаклида ўтказилган мажлисда давлат бюджетининг 9 ойлик якунлари бўйича ижроси, “2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг давлат бюджети тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги ҳамда “2021 йил учун солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси томонидан ўтказилган мажлисда Сенат аъзолари, тегишли вазирлик ва идоралар мутасаддилари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Олий Мажлис Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси раиси Эркин Гадоев, молия вазири ўринбосарлари Аҳадбек Ҳайдаров, Дилшод Султонов ва бошқалар давлат бюджетига доир масалалар ҳамда айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш борасида амалга оширилган ишлар ҳақида гапирди.
Йиғилишда молия вазири ўринбосари Аҳадбек Ҳайдаров давлат бюджетининг 9 ойлик якунлари ҳамда 2021 йилги давлат бюджети тўғрисида атрофлича маълумот берди.
Таъкидлаганидек, жорий йилнинг 9 ойида Ўзбекистон Республикаси давлат бюджети даромадлари 94,5 триллион сўмни ташкил этган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 15,3 триллион сўмга кўпдир.
– Жорий йил учун давлат бюджети харажатлари 131,1 триллион сўм миқдорида, шундан республика бюджети харажатлари 95,7 триллион сўм ҳамда маҳаллий бюджетлар харажатлари 35,4 триллион сўм миқдорида тасдиқланган эди, – деди А.Ҳайдаров. – Бироқ коронавирус пандемиясининг тарқалиши, карантин чораларининг кўлланилиши ва баҳор мавсумида юз берган табиий офат ва техноген авариялар давлат бюджети харажатларига жиддий ўзгартиришлар киритди. Шунингдек, республика бюджетидан биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчиларга 2020 йил 9 ойида 79 триллион сўм маблағ ажратилиб, амалга оширилган харажатлар эса 75 триллион сўмга ёки аниқланган режага нисбатан 95 фоизга ижро этилди.
Мажлисда “2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг давлат бюджети тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодексининг 83-моддасига мувофиқ ишлаб чиқилгани таъкидланди.
[gallery-351]
Келгуси йил учун мўлжалланган давлат бюджетини ишлаб чиқишдаги ўзгаришларда мамлакат ҳудудларида ўрганилган таклифлар инобатга олинган. Хусусан, унда 2021 йил учун мўлжалланган бюджет маблағларини ишлаб чиқишда иштимоий нафақага муҳтож оилаларга алоҳида эътибор қаратилади. Уларга ижтимойи нафақа бериш тартиблари енгиллаштирилади.
–Масалан, келгуси йилда давлат дастурлари ижроси бўйича маблағлар ажратиш масаласи янада тизимли ташкил этилади, – деди А.Ҳайдаров. – Дейлик, соғлиқни сақлаш тизимида, онкологик касалликлар дастури бўйича 126 миллиард сўм маблағ ажратилиши кўзда тутилган. Соғлиқни сақлаш тизимининг барча тадбирлари учун 4 триллион сўм, коронавирусга қарши курашиш ва вакцина учун 3 триллион сўм маблағ йўналтирилади. Бундан ташқари, мактабгача таълим, халқ таълими, ўрта махсус ва олий таълим соҳалари ривожи йўлида маблағлар белгиланди. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, таҳлиллар натижасида мамлакатимизда истиқомат қилаётган 440 нафардан ортиқ чин етимни уй-жой билан таъминлаш мақсадида 30 миллиард маблағ ажратилмоқда.
Қайд этилганидек, 2021 йил учун давлат бюджети даромадлари 147,2 триллион сўм, харажатлари эса давлат мақсадли жамғармаларига трансфертларни инобатга олмаган ҳолда 149,9 триллион сўм белгиланган. Хусусан, бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси даромадлари 23,5 триллион сўм, харажатлари 36,5 триллион сўмни ташкил этган ҳолда давлат бюджетидан 14,7 триллион сўм миқдорида трансферт ажратилиши режалаштирилмоқда.
Давлат молиясини бошқаришнинг халқаро стандартларига мувофиқ бюджет қамровини ошириш ҳамда тўлиқлигини таъминлаш учун 2021 йилдан бошлаб ташқи қарз ҳисобидан давлат дастурларига режалаштирилаётган харажатларни консолидациялашган бюджет таркибига киритиш таклиф қилинмоқда. 2021 йилда ушбу харажатлар 12,1 триллион сўм миқдорида бўлиши прогноз қилинмоқда.
Мисол учун айтганда, 2021 йилда шошилинч тиббий ёрдам хизматини такомиллаштириш учун Жаҳон банкидан 31,5 миллион АҚШ доллари, бирламчи тиббий-санитария ёрдами фаолиятини такомиллаштириш учун Осиё тараққиёт банкидан 25,2 миллион АҚШ доллари миқдоридаги қарз маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган харажатлар консолидациялашган бюджетда ўз аксини топган.
Насиба Зиёдуллаева, Темур Мамадаминов (сурат), ЎзА