Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
2021 йилгача тез тиббий ёрдам соҳасида “Дамас” автомашиналаридан тўлиқ воз кечилади
17:42 / 2019-11-27

Сўнгги уч йил мобайнида тиббиётнинг ушбу йўналишини ривожлантириш бўйича туб ислоҳотлар амалга оширилгани, шошилинч тиббий ёрдам тизимида диагностика ва даволаш ишлари жаҳон тиббиёти билан ҳамқадам ривожлантирилаётгани таъкидланди.


Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан аҳолига шошилинч ва тез тиббий ёрдам кўрсатишнинг бугунги ҳолати, ютуқлар ва муаммолар юзасидан матбуот анжумани ўтказилди.

Сўнгги уч йил мобайнида тиббиётнинг ушбу йўналишини ривожлантириш бўйича туб ислоҳотлар амалга оширилгани, шошилинч тиббий ёрдам тизимида диагностика ва даволаш ишлари жаҳон тиббиёти билан ҳамқадам ривожлантирилаётгани таъкидланди.

Шошилинч тиббий ёрдам шифохоналарида суяк синиши ва жароҳатларида янгича жарроҳлик ва эндопротезлаш амалиётлари, асаб ва юрак қон-томир тизими касалликларида янгича операциялар, ошқозон-ичак касалликларида юқори технологияли амалиётлар ва бошқа илмий-амалий янгиликлар инсон саломатлигини асраш ва ногиронликнинг олдини олишда муҳим самаралар бермоқда. Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида трансплантология бўлими ташкил этилиб, ҳозирги кунгача 80 дан ортиқ буйрак трансплантацияси амалиёти бажарилди.

Кенг қамровли ислоҳотлар натижасида аҳолининг тез тиббий ёрдам хизматига бўлган ишончи ортмоқда, мурожаатлар йил сайин ошиб бораяпти. Масалан, таққослаш учун айтадиган бўлсак, 2016 йилда чақириқлар сони 7,2 миллионни ташкил қилган бўлса, жорий йилнинг ўтган даврида эса мурожаатлар сони тўққиз миллиондан ошган.

Шу билан бирга, шошилинч тиббий ёрдам хизматининг стационар муассасаларига ҳам мурожаатлар кўпаймоқда. Жумладан, 2017-2019 йилларда ушбу шифо масканларига 7,5 миллиондан зиёд бемор мурожаат қилган. Уларнинг 2,5 миллион нафарига стационар, 5 миллиондан ортиғига эса амбулатор тиббий ёрдам кўрсатилган. Стационарда даволанган беморларнинг 500 мингдан ортиғида юқори технологияли хирургик амалиётлар бажарилган.

Тез ёрдамнинг махсус санитар автотранспорт парки янгилангани, тизимда сall-марказлар ташкил этилиб, у ерда шифокорлар фаолият юритиши, “тез ёрдам” машиналари GPS-мосламалари билан жиҳозлангани халқимизнинг саломатлигини муҳофазалашда муҳим омил бўлмоқда. Бугунги кунда тизимда икки ярим мингга яқин “Nissan”, “Hunday”, “Toyota” русумли ва бошқа замонавий тез ёрдам машинаси аҳолига хизмат кўрсатмоқда.

Айни пайтда тез ёрдам автопаркини янада замонавийлаштириш ишлари тизимли давом этмоқда. 2021 йилгача “Дамас” автомашиналаридан тўлиқ воз кечилиб, халқаро андозалар даражасида жиҳозланган замонавий тиббий ёрдам машиналарига ўтилади. 2019 йил якунига қадар барча тез ёрдам машиналарида қулай алоқани, чақириқлар учун машинани тезкор йўналтиришни таъминловчи GPS тизимини тўлиқ йўлга қўйиш белгиланган. Мутахассислар маълумотларига кўра, 2021 йилгача тез ёрдам тизими халқаро стандартларга жавоб берадиган, замонавий автомобилларга тўлиқ ўтади.