Ўзбекистонда 2021 йилдан бошлаб ҳудудлар ва давлат органлари раҳбарларининг коррупция ва яширин иқтисодиётга қарши курашиш бўйича шахсий жавобгарлигини баҳолаш рейтинг натижалари эълон қилиб борилади.
Президентимизнинг 2020 йил 29 июндаги "Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Коррупцияга қарши курашиш агентлиги билан биргаликда давлат органлари, корхоналар ва ҳудудлар учун коррупция ва яширин иқтисодиёт рейтингини ҳисоблаш методологиясини ишлаб чиқди.
Рейтинг мамлакатда коррупция ва яширин иқтисодиётга қарши курашиш соҳасида амалга оширилаётган ўзгаришлар ва ислоҳотларни объектив баҳолаш мақсадида юритилади.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказидан хабар беришича, 2021 йилдан бошлаб барча раҳбарларнинг шахсий жавобгарлиги асосида баҳолаш рейтинг натижаларини ҳар йили эълон қилиш йўлга қўйилади. Рейтинг доирасида, хусусан, республиканинг барча ҳудудларида аҳоли, тадбиркорлар ва давлат хизматчилари ўртасида аноним сўров ўтказилади.
Марказ эксперти Бахтишод Ҳамидов мазкур рейтингнинг долзарблиги ва методологиясини қуйидагича изоҳлади:
- Ўзбекистон учун шу пайтгача коррупция муаммоларини аниқлаш бўйича кўплаб тадқиқотлар ўтказилди. Бироқ, ушбу баҳолар асосан республика даражасида тақдим этилади. Секторлар ёки ҳудудлар кесимида ўтказилган баҳолашлар бир марталик бўлиб, муаммоларни ўз вақтида аниқлаш имконини бермайди.
Ислоҳотлар жараёни айрим секторлар ва ҳудудларда коррупция даражасини аниқлашни талаб қилади, чунки коррупция кўрилаётган чоралар самарасизлигининг асосий омили ҳисобланади. Сектор ҳудуд кесимида коррупция муаммоси қанчалик жиддий?
Жаҳон амалиётида ушбу саволларга аниқроқ жавоб олиш учун коррупция даражасини баҳолашнинг кўплаб усуллари қўлланилади. Кўп усуллар коррупция муаммосининг ёпиқлиги ва мураккаблиги билан боғлиқ. Шу билан бирга, турли хил ўлчов усулларидан фойдаланиш янада кенг кўламли натижаларга эришиш имконини беради, чунки қамровнинг кенглиги муаммоларни ҳар томонлама ўрганишга ёрдам беради.
Шу билан бирга, усулларнинг самарали комбинацияси аниқ секторлар ва ҳудудларда ислоҳотлар жараёнини тўғри шакллантириш, амалга ошириш, мониторинг қилиш ва баҳолашга кўмак беради.
- Бугунги кунда мамлакатда бизнесга қўшимча қулайликлар яратиш орқали яширин иқтисодиёт даражасини камайтириш бўйича комплекс чоралар кўрилмоқда, - дейди Коррупцияга қарши курашиш агентлиги масъул ходими Ўткир Номозбоев. - Хусусан, валюта бозори эркинлаштирилди, янги солиқ тизими жорий этилди, 100 га яқин рухсат бериш ва лицензиялаш қоидалари қисқартирилди. Бунинг натижасида охирги 5 йилда саноатда норасмий сектор улуши 20 фоиздан 6 фоизга тушди.
Ўзбекистонда яширин иқтисодиётни яқин 5 йилда 2 баробарга қисқартириш бўйича вазифалар белгиланди. Бунинг учун, албатта, аниқ чора-тадбирлар зарур. Ана шундай механизмлардан бири бу — раҳбар кадрларнинг коррупция ва яширин иқтисодиётга қарши курашиш бўйича шахсий масълиятини ошириш ҳисобланади.
Шу мақсадда келгуси йилдан бошлаб Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан мустақил жамоат ташкилотларини жалб қилган ҳолда ҳудудлар ва барча давлат органларидаги яширин иқтисодиёт ва коррупцияга қарши курашиш бўйича олиб борилаётган ишлар мунтазам ўрганиб борилади. Якунда биз қайси давлат органи, корхона ва ҳудуддаги ҳолат қандайлигини кенг жамоатчиликка эълон қилишимиз мумкин бўлади.
Шаҳноза МАМАТУРОПОВА, ЎзА