Ҳеч кимга сир эмас, бугунги кунда ҳамюртдларимизнинг кўпчилигида уй-жойга бўлган эҳтиёж жуда юқори. Юртдошларимизнинг бу борадаги талабини кенгроқ қондириш йўлида янгидан-янги, замонавий урфдаги, кўзни қувонтирадиган шинам уйлар қурилмоқда.
Тўғри, ҳамма ҳам сифатли, ташқи ҳамда ички кўриниши чиройли уйларда яшашни орзу қилади. Аммо бугунги шароитда талаб даражасидаги хонадонга эга бўлиш бироз мураккаб.
Мамлакатимизда уй-жойга бўлган муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлаш мақсадида жорий йил 22 сентябрда Президентимизнинг “Ипотека кредитидан фойдаланишда аҳолига қўшимча қулайликлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Ушбу қарор билан ипотека кредитлари бўйича солиқ имтиёзларини қўллаш шартлари такомиллаштирилди. Унга кўра, фуқароларнинг ипотека кредитини тўлаш учун йўналтирилган солиққа тортилмайдиган даромадлари ҳажми йилига 73,6 миллион сўмгача оширилди.
Шунингдек, қарорга мувофиқ 2023 йил 1 январдан бошлаб дастлабки бадалнинг ва ипотека кредити бўйича фоизларнинг бир қисмини қоплаш учун субсидия берилган фуқароларнинг уй-жойларни сотиб олиш, қуриш ёки реконструкция қилиш учун олинган ипотека кредитларини ҳамда улар бўйича ҳисобланган фоизларни тўлаш учун йўналтирилган иш ҳақи ва бошқа даромадлари жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғига тортилмайди.
Яъни, имтиёз қарз олувчи ва бирга қарз олувчилар даромадининг бир солиқ даврида меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 80 бараваридан (73,6 млн. сўм) ошмаган қисмига татбиқ этилади. Ҳозир бу миқдор қарийб 5 баробар кам — 15 миллион сўмни ташкил этади.
Бундан ташқари, 2023 йилдан бошлаб ипотека кредити ҳисобига сотиб олинган, қурилган ва реконструкция қилинган мол-мулк унга бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатидан ўтказилган санадан эътиборан 36 ой ичида бегоналаштирилганда, мазкур қарорнинг 1-бандида назарда тутилган даромадлар белгиланган тартибда солиққа тортилади.
Энг муҳими, мазкур ҳужжатга биноан 1 ноябрдан бошлаб “коробка” ҳолатдаги уй-жойлар учун ипотека кредитлари ҳамда субсидия ажратишга рухсат берилади.
Қолаверса, 2021 йилда янги тартиб асосида ипотека кредитлари ажратишнинг мақсадли параметрлари доирасида берилган субсидия ажратиш тўғрисидаги хабарномаларнинг амал қилиш муддати 2022 йил 31 декабрга қадар узайтирилади.
Яна бир маълумот, банклар бюджет ссудаси ажратади. Бундан ташқари, давлат бюджетини қўллаб-қувватлаш учун жалб этилган маблағлар ҳисобидан “Ўзбекистон ипотекани қайта молиялаштириш компанияси” АЖга банклар томонидан аҳолига берилган ипотека кредитларини қайта молиялаштириш учун 3 йил муддатга 12 фоиз ставкада ва фоиз тўловларини ҳар 6 ойда тўлаш шарти билан 300 миллиард сўмгача бюджет ссудаси ажратилади. Бунда компания ресурсларни тижорат банкларига 1 фоиздан кўп бўлмаган миқдорда маржа қўллаган ҳолда жойлаштиради.
Уй-жойлар ва ипотека кредит олишда фуқароларга қўшимча қулайликлар яратиш учун вилоятлар марказларида ипотека марказлари ташкил этилади.
Бир сўз билан айтганда, бугунги кунда қабул қилинаётган ҳар қандай ҳужжат инсон ва унинг манфаатлари учун хизмат қилади.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА