Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
2021 йилда янги иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигига кўмаклашиш бўйича давлат дастури тўғрисида
21:22 / 2021-04-28

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қ а р о р и

Аҳоли бандлиги ва даромадларини оширишга ҳар томонлама кўмаклашиш, ишсизлар, айниқса, ёшлар ва хотин-қизлар, меҳнат бозорига илк бор кириб келаётган битирувчилар бандлигини таъминлаш бўйича янги таъсирчан механизмларни жорий этиш, эҳтиёжманд аҳолини меҳнат фаолиятига жалб қилишда қулай шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, янги иш ўринларини ташкил этган тадбиркорлик субъектлари фаолиятини янада рағбатлантириш мақсадида:

1. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда ишлаб чиқилган, қуйидагиларни ўз ичига олувчи 2021 йилда янги иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигига кўмаклашиш бўйича давлат дастури (кейинги ўринларда – Давлат дастури) маъқуллансин:

а) 2021 йилда 457 127 та доимий янги иш ўринларини ташкил этиш бўйича прогноз кўрсаткичлари, шу жумладан:

2021 йилда доимий янги иш ўринларини ташкил этишнинг йиғма прогноз кўрсаткичлари 1-иловага мувофиқ;

2021 йилда тармоқ инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш ҳисобига яратиладиган иш ўринларининг прогноз кўрсаткичлари 1.1-иловага мувофиқ;

2021 йилда ҳудудий инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва янги кичик корхона, микрофирмалар ташкил этиш ҳисобига яратиладиган иш ўринларининг прогноз кўрсаткичлари 1.2-иловага мувофиқ;

2021 йилда якка тартибдаги тадбиркорликни ҳамда ҳунармандчиликни ривожлантириш ҳисобига яратиладиган
иш ўринларининг прогноз кўрсаткичлари 1.3-иловага мувофиқ;

б) 2021 йилда меҳнат органлари томонидан 513 575 нафар фуқаро бандлигига кўмаклашиш ва иш берувчиларни рағбатлантириш бўйича кўрсатиладиган хизматларнинг прогноз кўрсаткичлари, шу жумладан:

2021 йилда аҳоли бандлигига кўмаклашиш ва иш берувчиларни рағбатлантириш бўйича кўрсатиладиган хизматларнинг умумий прогноз кўрсаткичлари 2-иловага мувофиқ;

2021 йилда ишсизларни бўш ва захира иш ўринларига ишга жойлаштириш прогноз кўрсаткичлари 2.1-иловага мувофиқ.

2. Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан 2021 йилда аҳоли бандлигига кўмаклашиш учун қуйидаги миқдорларда субсидия, нафақалар ва микрокредитлар ажратиш прогноз кўрсаткичлари 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин:

субсидиялар ажратиш учун – 92,3 миллиард сўм;

ишсизлик нафақалари тўлаб бериш учун – 65,1 миллиард сўм;

касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малака ошириш харажатларини қоплаш учун – 40,6 миллиард сўм;

янги иш ўринлари ташкил этишни назарда тутувчи кичик лойиҳаларни амалга ошириш учун тижорат банкларига ажратиладиган ресурслар учун – 125 миллиард сўм.

3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар
ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари икки ҳафта муддатда:

Давлат дастури доирасидаги прогноз кўрсаткичларини туман (шаҳар)лар ва секторлар бўйича ойлар ва чораклар кесимида ишлаб чиқиб, уларнинг халқ депутатлари вилоят, туман (шаҳар) Кенгашларида муҳокамадан ўтказилишини;

Давлат дастури доирасидаги 2021 йилга мўлжалланган лойиҳаларнинг тармоқ жадвалларини ишлаб чиқиб, ҳудудий мутасадди ташкилот ва идоралар томонидан тасдиқланишини;

2021 йилда янги иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигига кўмаклашиш тўғрисидаги ҳудудий (манзилли) дастур тўғрисида қарор қабул қилинишини таъминласин.

4. Давлат дастурини ўз вақтида ва сифатли бажариш юзасидан қуйидаги идоралар раҳбарлари тегишли йўналишлар бўйича масъул эканлиги белгилаб қўйилсин:

Бош вазир ўринбосари С.У. Умурзаков, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (А.В. Воитов), Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (Б.К. Абдиназаров) тармоқ инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва 34 881 та иш ўрни яратишга;

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (О.Б. Рустамов), Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (С.М. Холхўжаев), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари – ҳудудий инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва 206 098 та иш ўрни яратишга;

Бош вазир ўринбосари Б.М. Мусаев, Мактабгача таълим вазирлиги (А.В. Шин), Халқ таълими вазирлиги (Ш.Х. Шерматов), Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (А.Ҳ. Тошқулов), Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.М. Хаджибаев), Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (А.М. Бобоев), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари – ижтимоий соҳа объектларини ишга тушириш ва 6 641 та иш ўрни яратишга;

Бош вазир ўринбосари Ж.А. Қўчқоров, Иқтисодий тараққиёт
ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (С.М. Холхўжаев), Давлат солиқ қўмитаси (Ш.Д. Кудбиев), Савдо-саноат палатаси (А.И. Икрамов), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари – юридик шахс ташкил этган ҳолда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш ҳисобига иш ўринларини ташкил этиш ва 121 038 та иш ўрни яратишга;

Давлат солиқ қўмитаси (Ш.Д. Кудбиев), Савдо-саноат палатаси (А.И. Икрамов), Давлат хизматлари агентлиги (У.И. Муҳаммадиев), Молия вазирлиги (Д.Ш. Султонов), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари – юридик шахс ташкил этмаган ҳолда якка тартибдаги тадбиркорликни, шу жумладан, ҳунармандчиликни ривожлантириш ҳисобига иш ўринларини ташкил этиш ва 88 469 та иш ўрни яратишга;

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Н.Б. Ҳусанов) – меҳнат органлари томонидан 513 575 нафар фуқаро бандлигига кўмаклашишга;

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Н.Б. Ҳусанов), Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (С.М. Холхўжаев) – масъул давлат органлари ва ташкилотлари томонидан Давлат дастури ўз вақтида бажарилишини мувофиқлаштиришга.

Давлат дастури юзасидан ушбу бандда кўрсатилган масъул вазирлик, идора ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳар ой якунига кўра кейинги ойнинг бешинчи санасига қадар тегишли маълумотларни умумлаштириш учун Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига тақдим этиб борсин.

5. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги бир ой муддатда “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплексининг Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси ва Давлат статистика қўмитаси ахборот тизимлари билан интеграция қилинишини таъминласин. Бунда, қуйидагилар “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплексида акс эттирилади:

меҳнат стажи учун ижтимоий солиқ тўлаган шахслар тўғрисидаги маълумотлар ҳар ой якуни бўйича ҳисобот ойидан кейинги ойнинг бешинчи санасига қадар;

ташкил этилган иш ўрнида банд бўлган жисмоний шахслардан (якка тартибдаги тадбиркорлардан) олинадиган даромад солиғи ёки ижтимоий солиқ ҳамда норасмий фаолият кўрсатаётган яширин иш ўринларини расмийлаштириш, шунингдек, ўзини ўзи банд қилган шахслар тўғрисидаги маълумотлар ҳар ой якунига қадар;

юридик шахслар томонидан янги ташкил этилган ва қисқартирилган иш ўринлари сони тўғрисидаги ойлик, чораклик, йиллик маълумотлар (кичик корхона ва микрофирмалардан ташқари) ҳисобот ойидан кейинги ойнинг бешинчи санасига қадар.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳар ой якуни бўйича:

Давлат дастури ижроси юзасидан умумлашган таҳлилий маълумотларни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасига киритиб борсин;

Давлат дастури бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан Вазирлар Маҳкамаси Раёсатида ҳисобот бериб борсин.

6. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг вақтинча, мавсумий ва бир марталик ишларда (кейинги ўринларда – вақтинча ишлар) банд бўлган фуқароларнинг меҳнат фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича қуйидагилардан иборат янги тизимни яратиш ҳақидаги таклифи маъқуллансин:

вақтинча ишларда банд бўлган фуқароларга кўрсатилаётган хизматлар кўламини кенгайтириш, шу жумладан, уларга вақтинча
иш жойлари ва иш берувчиларни қидиришда кўмаклашиш, ўзини ўзи банд қилиб ишлаш учун зарур шароитлар яратиб бериш;

иш берувчи жисмоний ва юридик шахсларга вақтинча ишларда банд бўлган фуқароларни ёллаш бўйича хизматлар кўрсатиш, меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига риоя этиш масалалари бўйича маслаҳат ва услубий ёрдам бериш;

вақтинча ишларда банд бўлган фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва меҳнатини муҳофаза қилиш, уларга меҳнат қуроллари, шахсий ҳимоя воситалари ва махсус кийимлар билан таъминлаш хизматларини кўрсатиш;

“барча учун иш” тамойили асосида вақтинча ишларни ташкил этишда замонавий ахборот технологияларидан кенг фойдаланиш, иш берувчилар ва ишловчиларга масофадан туриб хизматлар кўрсатишни кенг жорий этиш;

вақтинча ишларни ташкил этиш ва мувофиқлаштириш жараёнларига давлат-хусусий шериклик шартлари асосида тадбиркорлик субъектларини кенг жалб этиш, бунда иш изловчиларни ётоқхона
ва транспорт билан таъминлаш, тезкор буюртмалар олиш ва бошқа қўшимча хизматлар кўрсатишни йўлга қўйиш.

7. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари ҳузурида фаолият юритаётган вақтинча бир марталик иш билан таъминлаш бюролари Кунлик меҳнат марказлари (кейинги ўринларда – Марказ) сифатида қайта ташкил этилсин ҳамда қуйидагилар уларнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

иш изловчиларни рўйхатга олиш, улар тўғрисида маълумотлар базасини юритиш, иш берувчи жисмоний ва юридик шахслардан фуқароларни вақтинча ишларга ёллаш бўйича буюртмалар олиш;

вақтинча ишларни бажарувчи шахсларнинг ўзини ўзи банд қилган сифатида рўйхатдан ўтиши ва электрон (қоғоз) шаклдаги маълумотнома олишига шарт-шароит яратиш;

иш изловчиларни корхона ва ташкилотлардаги бўш (вакант) иш ўринлари билан мунтазам таништириб бориш ҳамда доимий ишга жойлашишларига кўмаклашиш;

вақтинча ишлар билан шуғулланувчи шахсларни ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этиш, касбга тайёрлаш (қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш)ни ташкил этиш бўйича хизматлар кўрсатиш;

манфаатдор иш берувчилар ва иш изловчилар иштирокида бўш иш ўринлари ярмаркаларини ташкил қилиш;

вақтинча ишлар билан шуғулланувчи шахсларга меҳнат қуроллари, шахсий ҳимоя воситалари ва махсус кийимларни ижарага бериш.

8. Белгилансинки:

Марказда вақтинча ишларни бажарувчи шахсларга уларнинг доимий яшаш жойидан қатъи назар (экстерриториаллик тамойили бўйича), иш қидираётган шахс сифатида рўйхатга олинган ҳолда бандлик хизматлари кўрсатилади;

Марказда туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази директори томонидан тайинланадиган ишга жойлаштириш мутахассислари фаолият юритади;

туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази директорининг ўринбосари бир вақтнинг ўзида ушбу ҳудуддаги Марказнинг раҳбари ҳисобланади;

жамоат тартибини сақлаш учун Марказга тегишли туман (шаҳар) ички ишлар бўлимининг масъул ходими доимий равишда бириктирилади;

Марказ ходимларининг ва унга доимий равишда бириктирилган туман (шаҳар) ички ишлар бўлимининг масъул ходими меҳнатига ҳақ тўлаш тегишли равишда туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази ҳамда ички ишлар бўлими томонидан амалга оширилади.

9. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда олти ой муддатда “барча учун иш” тамойили асосида қуйидагиларни назарда тутувчи “Mening ishim” буюртмалар биржаси онлайн-майдонини ишга туширсин:

ишсизлар, айниқса, аёллар, ёшлар, талабалар, ногиронлиги бўлган шахслар учун ишлар, масофадан туриб бажариладиган ишлар, уйда бажариладиган ишлар, касаначилик ишлари, фрилансерлик фаолияти,
иш графиклари, талаб этиладиган малака даражаси, иш ҳақи миқдори ва бошқаларни акс эттириш;

ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг фаолият турлари (хизматлари, ишлари) ҳамда уларга эҳтиёжи бор бўлган иш берувчилар тўғрисида маълумотларни олиш;

ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг фаолият турлари (хизматлари, ишлари)ни реклама қилиш;

ўзини ўзи банд қилган шахслар ва уларнинг хизматига эҳтиёжи бор иш берувчилар ўртасида кунлик ва узоқ муддатли оферта шартномаси тузиш.

10. Белгилаб қўйилсинки:

“Mening ishim” буюртмалар биржаси онлайн-майдонини ишга туширишни молиялаштириш Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади;

вақтинча бир марталик ишлар тўғрисидаги кунлик маълумотлар ва ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг фаолият турлари (хизматлари, ишлари) тўғрисидаги эълонлар “Mening ishim” буюртмалар биржаси онлайн-майдони орқали бепул тақдим этиб борилади;

хусусий бандлик агентликларига кунлик ишлар ҳақидаги ахборотни ва иш изловчиларнинг резюмеларини эълон қилиш учун “Mening ishim” буюртмалар биржаси онлайн-майдонида шахсий кабинет очишига Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан рухсат берилади;

туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари ҳузурида эҳтиёждан келиб чиқиб, филиал шаклида Марказларни ташкил этиш, Марказ тўғрисидаги намунавий низомни тасдиқлаш ҳамда штат бирликлари ажратиш меҳнат бозорининг конъюнктураси ва кунлик ишларга бўлган талабдан келиб чиққан ҳолда, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан амалга оширилади;

Марказларни ташкил этиш, сақлаш ва моддий-техник таъминлаш харажатлари Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан, уларда видеокузатув ва огоҳлантирувчи алоқа тизимларини ўрнатиш Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари маблағлари ҳисобидан ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда вақтинча, мавсумий ва бир марталик ишларда банд бўлган фуқароларнинг меҳнат
фаолиятини тартибга солиш ҳамда Кунлик меҳнат марказлари фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича Ҳукумат қарори қабул қилинишини таъминласин.

11. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Давлат статистика қўмитаси, Ахборот технологиялари
ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги:

2021 йил 1 июлга қадар янги иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигига кўмаклашиш бўйича ҳисоботларни юритиш, уларни реал вақт режимида Давлат солиқ қўмитасининг ягона интеграциялашган ахборот-ресурс базаси билан мониторинг қилишга мўлжалланган электрон дастур ишлаб чиқилишини;

уч ой муддатда аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларини, жумладан, ногиронлиги бўлган шахсларни ишга жойлаштириш учун туманлар (шаҳарлар) ҳокимларининг қарори билан белгиланган иш ўринларининг энг кам сони ва иш берувчилар томонидан иш ўринлари захирага қўйилганлиги тўғрисидаги маълумотларни “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплексида акс эттирилишини;

икки ой муддатда ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда тадбиркорлик субъектлари учун бандлик соҳасида интерактив хизматлар доираси кенгайтирилишини таъминласин.

12. Мазкур қарор ижросини самарали ташкил этишга масъул ва шахсий жавобгар этиб бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Н.Б. Ҳусанов белгилансин.

Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Бош вазир ўринбосари Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.

Амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижадорлиги юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президентига 2021 йил 1 декабрга қадар ахборот берилсин.

Ўзбекистон Республикаси

          Президенти                Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри,

2021 йил 28 апрель