ОНЛАЙН
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар «Мамлакатимизда хизматлар соҳасини ривожлантириш йўналишида амалга оширилаётган ишларнинг ҳолати тўғрисида»ги масала юзасидан юборилган Қонунчилик палатасининг парламент сўровига Бош вазир ўринбосари – Ўзбекистон Республикаси иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоровнинг жавобини кўриб чиқди.
Бош вазир ўринбосари жавобида қайд этилганидек, мамлакатимизда хизматлар соҳасини ривожлантириш бўйича кенг қамровли ишлар амалга оширилди. Хусусан, 2021 йилнинг январь-ноябрь ойларида хизматлар ҳажми 257,3 триллион сўмни ёки ўсиш суръати 119,8 фоизни ташкил қилиб, мақсадли кўрсаткичлар ижроси таъминланди.
Тармоқлар кесимида қаралганда бу кўрсаткич транспорт хизматларида 61,6 триллион сўмни, молиявий хизматларда 54,4, алоқа, ахборотлаштириш хизматларида 15,3 трлн. сўмни ташкил этган. Ўз навбатида, ушбу кўрсаткичлар Тошкент вилоятида 19,5 триллион, Самарқанд вилоятида 17,0 триллион, Андижонда 13,7 триллион, Буxорода 11,4 триллион сўмни ташкил қилди. Энг муҳими, 2021 йилда хизматлар соҳасида умумий қиймати 18 триллион сўмлик 29 мингта лойиҳа амалга оширилди.
Шунингдек, «Ўзмиллийбанк» АЖ томонидан 28 та йирик ва ўрта шаҳарларда туризм, транспорт, тиббиёт, таълим объектлари, йирик савдо комплексларини ташкил этиш лойиҳалари учун 200 миллион доллардан зиёд, шу жумладан, Швейцариянинг “Credit Suisse” банкидан 100 миллион евро ҳамда “Deutsche Bank AG” банкидан 100 миллион доллар миқдоридаги кредит линиялари жалб қилинди.
Республиканинг 28 та ўрта ва йирик шаҳарлари ҳамда Тошкент шаҳрининг 12 та тумани масъул раҳбарларининг хизматлар соҳасини ривожлантириш борасидаги касбий ва малакавий билимларини ошириш мақсадида амалий ўқув-семинарлари ташкил этилди.
Президентимизнинг 2021 йил 20 август куни тадбиркорлар билан ўтказган очиқ мулоқоти давомида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 30 сентябрдаги «Хизматлар соҳасини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони қабул қилиниб, у билан божхона имтиёзлари берилди.
Ж.Қўчқоров жавобига кўра, савдо ва хизмат кўрсатиш объектларининг туну-кун фаолият юритишига доир жамоат хавфсизлиги бўйича соддалаштирилган талабларни инобатга олган Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 20 сентябрдаги «Йирик шаҳарларда, вилоятлар ва туманлар марказларида туну-кун фаолият юритувчи савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари жойлашган ҳудудларда жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Эътиборли томони, “Business Indicator” автоматлаштирилган онлайн ахборот тизимида ҳудудларда хизматлар соҳасининг ривожланганлик даражасини баҳолаш рейтинги жорий этилиб, рейтинг тизими орқали ҳар ярим йиллик ва йил якуни бўйича ҳудудларда (туман ва шаҳарлар кесимида) хизматлар соҳасининг ривожланганлик даражаси баҳолаб бориш имконияти яратилди.
Мажлисда Бош вазир ўринбосари – Ўзбекистон Республикаси иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирининг жавоби маълумот учун қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА