Бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар моҳиятида «Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак», деган тамойил етакчилик қилмоқда.
Буни шу кунларда ҳудудларда бўлиб ўтаётган халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари сессияларида ҳокимларнинг мурожаатлар йўллаётганликлари мисолида ҳам кўриш мумкин.
Хусусан, халқ депутатлари Шўрчи шаҳар Кенгаши сессиясида туман ҳокими Бахтиёр Худойберганов аҳолига мурожаат қилар экан, дастлаб 2021 йил якунларининг асосий кўрсаткичлари, белгиланган режалар ортиғи билан бажарилгани эътироф этилди.
Ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича 2021 йилда амалга оширилган ишлар ва келгуси йилдаги устувор вазифаларга алоҳида урғу қаратди.
Қайд этилганидек, кейинги йилларда Шўрчи туманида кенг ва равон йўллар, янги қад ростлаётган тураржойлар, маданий-маиший хизмат кўрсатиш объектлари туман кўркига кўрк қўшмоқда ва яратилаётган қулай шарт-шароит аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қилаётир.
-Ислоҳатларнинг амалий натижадорлигини оширишда, жойларда янги ташаббусларни илгари суришда, аҳолимизнинг янада фаолроқ, янада ташаббускор бўлишига эришмоғимиз лозим, - дейди туман ҳокими ўз сўзида. - Туманимизда истиқомат қилаётган ҳар бир фуқаро етарли даромад топиши учун энг қулай бизнес ва инвестицион муҳитни шакллантириш, янги-янги корхоналарни ишга тушириш ва янги иш ўринларини кўпайтириш учун ҳаракат қиляпмиз. Олиб бораётган саъй-ҳаракатлар туб негизида аҳоли бандлигини таъминлаш, улар реал даромадини кўпайтириш, фаровонлигини ошириш мақсади мужассам.
Туман ҳудудида амалга оширилган янги лойиҳалар эвазига жами 1685 дан ортиқ иш ўринлари ташкил этилди. «Ҳар бир тадбиркор – ёшларга мададкор» тамойили асосида тадбиркорларга бириктириш, жамоатчилик ишларига жалб қилиш ва ташкил меҳнат миграцияси орқали «Ёшлар дафтари»га киритилган 368 нафар ёшларнинг бандлиги таъминланди. «Аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизларнинг 275 нафар ишга жойлаштирилди.
Шўрчи туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш мақсадида янгидан ташкил этиладиган Инвестиция лойиҳалари доимий равишда ишлаб чиқилиб, амалда ўз натижаларини бериб келмоқда.
Хусусан, 2021 йилда Электр энергияси таъминотини яхшилаш бўйича 18.41 км янги кабель линиясини тортиш, 32,75 км кабель линиясини реконструкция қилиш, янгидан 3 дона трансформатор ўрнатиш ва 14 дона трансформаторларни реконструкция қилиш, 24 дона трансформаторларни мукаммал таъмирлаш, 325 дона янгидан электр таянчлари ўрнатиш, ҳаво электр узатиш юлларини 81 км мукаммал таъмирлаш ишлар тўлиқ амалга оширилган.
2022 йилда 53 та маҳалла ҳудудидаги 468 дона эски ёғоч устунларни, темир бетон устунларга алмаштириш ишларини дастурга киритган ҳолда амалга ошириш режалаштирилди.
Туман ҳокими ўз мурожаатида «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари доирасида ҳудудларни ривожлантириш, хусусан, коммуникация ва ижтимоий инфратузилма объектлари қурилишига алоҳида эътибор қаратилаётгани, «Маҳаллабай», «Хонадонбай» ишлаш тизимини ривожлантириш ҳисобидан жойларда аҳолининг ўзини-ўзи иш билан таъминлаш масалаларини ривожлантириш, «Темир дафтар», «Ёшлар дафтари» ва «Аёллар дафтари»га киритилган фуқароларнинг муаммоларини ҳал қилиш борасида амалга ошириладиган ишлар ҳақида сўз юритилди.
Халқ депутатлари Шўрчи туман Кенгашининг сессияси якунида ҳоким мурожаати ва истиқболли режалар юзасидан депутатлар, ОАВ вакиллари ва кенг жамоатчиликни қизиқтирган саволларга жавоб берди.