“Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси матбуот хизматига кўра, мамлакатимизда цемент ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган 31 та корхона мавжуд бўлиб, 2021 йил якунигача цемент ишлаб чиқариш бўйича қувватлар 21,3 миллион тоннага етказилган.
–Ўтган йилда республика бўйича жами 14,195 миллион тонна цемент ишлаб чиқарилган. Эътиборлиси, энг кўп цемент мамлакатимиздаги йирки саноат корхоналардан бири “Қизилқумцемент” АЖ томонидан тайёрланган. Бу ерда ўтган йили жами
3 миллион 666 минг тонна маҳсулот харидорларга етказилган. 2021 йилда янги қувватлар билан фаолиятини бошлаган Тошкент вилоятида жойлашган “Оҳангаронцемент” АЖ да эса 2,015 миллион тонна цемент ишлаб чиқарилган. “Олмалиқ тоғ-кон металлургия комбинати” АЖга қарашли Шеробод цемент заводи 1,4 млн. тонна, Жиззах цемент заводида эса 850 минг тонна маҳсулот қурилиш майдонларига етказилган. Йиллик ишлаб чиқариш қуввати 1,6 млн. тонна бўлган “Бекободцемент” АЖ йил давомида 968,2 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқарилган. Сермаҳсуллик бўйича Жиззах вилоятида ўз фаолиятини бошлаган “Хуакцин цемент Жиззах” МЧЖ ҳам қолишмайди. Корхонада ҳисобот даврида 1,666млн. тонна цемент тайёрланди, – деди уюшма матбуот хизмати раҳбари Жамшид Шерметов.
Шунингдек, Фарғона Ясин қурилиш моллари МЧЖ 565,9 минг тонна, “Қувасойцемент” АЖ 592,5 минг тонна, “Наманган Цемент” МЧЖ 225 минг тонна, “Қорақалпоқцемент” МЧЖ ҚК 271,7 минг тонна, “Sing Lida” МЧЖ 300,8 минг тонна ишлаб чиқарилган.
Маълуот ўрнида, 2021 йил январь-декабрь ойларида 2,715 миллион тонна цемент импорт қилинган бўлса, 333,6 минг тонна экспорт амалга оширилган.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА