Бу ҳақда Самарқанд вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи И.Исмоилов иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.
Қайд этилишича, ўтган йил вилоятда 7 ҳолатда ис газидан заҳарланиш оқибатида 17 нафар, 5 ҳолатда ҳаво-газ аралашмасининг чақнашидан 1 нафар фуқаро вафот этган, 18 киши жабрланган.
– Мазкур фавқулодда вазиятларнинг таҳлили шуни кўрсатдики, ис газидан заҳарланишга асосан қўлбола иситиш воситаларидан фойдаланиш ва печлар мўриларининг тозаланмаслиги, ўтин ёки кўмирнинг чала ёниши, табиий газ ва суюлтирилган газ баллонларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш сабаб бўлган, – дейди И.Исмоилов. – Ҳаво-газ аралашмаси чақнаши эса табиий газ тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиш ёки белгиланмаган резина шлангларни ишлатиш, суюлтирилган газ баллонларидан фойдаланишда техника хавфсизлиги қоидаларига амал қилмаслик оқибатида келиб чиққан. Жойларда ўтказилаётган профилактик тадбирларда ушбу таҳлиллар аҳолига етказилиб, айниқса, куз-қиш мавсумида белгиланган қоидаларга қатъий амал қилиш тарғиб этилмоқда.

Ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда тузилган ишчи гуруҳлар бу йилги куз-қиш мавсумида вилоятдаги аҳоли турар жойларида ўрганиш ишларини олиб бориши жараёнида 42 мингга яқин камчилик аниқланиб, уларни бартараф этиш чоралари кўрилган.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА