Бугунги кунда ахборот-коммуникация технологиялари ривожлангани сари ундан ғаразли ниятларда фойдаланиш ҳолатлари ҳам кўпайиб бормоқда.
Хусусан, электрон тўлов воситасидан ёки масофавий хизмат кўрсатиш тизимидан фойдаланиб, фирибгарлик йўли билан банк пластик карточкалари ва банк ҳисоб рақамларидан пул маблағлари ўғрилик йўли билан талон-тарож қилинмоқда.
2020 йилда шу мазмунда ички ишлар органларига 965 та, 2021 йилда 1 минг 601 та мурожаат келиб тушган. Бугунги кунда банк пластик карточкаларидан пул маблағларини ўғрилик йўли билан талон-торож қилиниши ҳолатлари Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) билан квалификация қилиб келинади. Бу эса, ўз навбатида, айбдор шахсларга нисбатан етарлича жазо чораларининг қўлланмаётганлигига, уларнинг ахлоқан тузалиш йўлига ўтмаётганлигига ва такроран жиноий фаолият билан шуғулланишига сабаб бўлмоқда.

Шу мақсадда “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, бу каби қилмишлар учун Жиноят кодексининг 168 ва 169-моддаларини оғирлаштирувчи ҳолат сифатида жавобгарликни белгиловчи норма билан тўлдирилмоқда.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилишида ушбу қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.
Лойиҳа билан ахборот технологияларидан ёки электрон тўлов воситаси ёхуд масофавий хизмат кўрсатиш тизимидан фойдаланиб содир этилган фирибгарлик жинояти учун жавобгарликни Жиноят кодекси 168-моддасининг учинчи қисмига оғирлаштирувчи ҳолат сифатида киритиш назарда тутилмоқда. Бундан ташқари, ахборот тизимига рухсатсиз кириб ёки электрон тўлов воситаси ёҳуд масофавий хизмат кўрсатиш тизимидан фойдаланиб содир этилган ўғирлик жинояти учун жавобгарликни Жиноят кодекси 169-моддасининг учинчи қисмига оғирлаштирувчи ҳолат сифатида киритиш назарда тутилган.

Йиғилишда депутатлар киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар орқали бундай жиноятларнинг камайиши ва такроран содир этилишининг олдини олишини таъкидлади. Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга, фирибгарлик билан шуғулланган шахсларга нисбатан ўз вақтида чора кўришга, жиноятларни такроран содир этилишининг одини олишга хизмат қилади.
Муҳтарама Комилова, ЎзА