Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
2021 йилда овчилик хўжаликларида 98 та ов қилиш, 205 та ҳолатда балиқ овлаш қоидалари бузилган
10:51 / 2022-03-19

Сўнгги йилларда мамлакатимизда овчилик хўжаликларини ташкил этиш ва ривожлантириш, уларни бошқаришни халқаро ҳужжатлар талаблари даражасига етказишнинг мукаммал ташкилий-хуқуқий асослари ишлаб чиқилди.

Хусусан, 2020 йилда Ўзбекистон Республикасининг “Ов қилиш ва овчилик хўжалиги тўғрисида”ги Қонунининг қабул қилиниши ва кучга кириши амалдаги тарқоқ норматив-хуқуқий ҳужжатларнинг тизимлигини ва яхлитлигини таъминлаш билан бир қаторда соҳадаги муносабатларни тартибга солиш имконини берди.

Бугунги кунда Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси тасарруфида бўлган Миллий табиат боғлари ва овчилик хўжаликлари бошқармасида мамлакатимизнинг турли маъмурий ҳудудларида 10 та давлат ўрмон-ов хўжаликлари, 38 та овчилик ва балиқчилик хўжаликлари фаолият олиб бормоқда. Ўзбекистон овчи ва балиқчилар спорт бирлашмасида рўйхатга олинган 38 минг овчидан қарийб 35 минг нафари ҳаваскор овчилар, 3 минг нафари эса ҳаваскор балиқчилардир.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси “Ов қилиш ва овчилик хўжалиги тўғрисида”ги қонуннинг ижросини Жиззах ва Сирдарё вилоятлари мисолида назорат-таҳлил тартибида ўрганган эди. Мазкур ўрганиш якунлари қўмитанинг кенгайтирилган йиғилишида муҳокама қилинди.


Қайд этилганидек, юқоридаги қонун ижросини таъминлаш юзасидан Жиззах ва Сирдарё вилоятларида муайян ишлар амалга оширилган. Хусусан, Жиззах вилоятида ўрмон хўжалиги бошқармаси тасарруфида умумий ер майдони 5777,7 гектар бўлган “Фориш” давлат ўрмон-ов хўжалиги ҳамда Ўзбекистон овчи ва балиқчилар спорт бирлашмаси Жиззах вилояти бўлимига қарашли 20 минг гектардан иборат 2 та — Зомин-Бахмал ва Айдар-Арнасой овчилик хўжаликлари фаолият олиб бормоқда.

Сирдарё вилоятида эса вилоят ўрмон хўжалиги бошқармаси тасарруфида умумий ер майдони 4016,7 гектар бўлган “Қолгансир” давлат ўрмон-ов хўжалиги бор. Ўзбекистон овчи ва балиқчилар спорт бирлашмаси Сирдарё вилояти бўлимига қарашли овчилик хўжаликлари мавжуд эмас. Бугунги кунда бўлим томонидан 14,5 гектар ер майдонда давлат фонди ерларида эркин ов қилиш жойлари ташкил этилган.

Ҳар иккала вилоятдаги мавжуд овчилик ва ўрмон-ов хўжаликларида ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш, улардан оқилона фойдаланиш борасида амалдаги қонунчиликка риоя қилинган ҳолда фаолият олиб борилган. Режага асосан, бир қатор биотехник тадбирлар амалга оширилган ва бу борада тегишли далолатномалар тузилган.


2021 йилда овчилик хўжаликларида 98 та ов қилиш, 205 та ҳолатда балиқ овлаш қоидалари бузилганлиги қайд этилиб, уларга нисбатан маъмурий жавобгарлик белгиланган.

Қонун ижросини ўрганиш жараёнларида ўрмон-ов ва овчилик хўжаликларда айрим камчиликларга йўл қўйилганлиги ҳамда соҳада баъзи муаммолар мавжудлиги ҳам маълум бўлди. Жумладан, овчилик хўжаликларининг иқтисодий ривожланишига таъсир этувчи асосий манба – овчиларга ёввойи ҳайвонларни тутиш карточкаларини беришда мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланилмаяпти. Бу эса овчилик хўжаликларида биотехник тадбирларни тизимли ва самарали ўтказиш имконини бермаяпти. Овчилик хўжаликлари ҳудудларида ноқонуний қурилишлар, суньий кўллар барпо этилиши, чорва молларининг ўтлатилиши хўжаликлар фауна ва флорасига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Қўмита аъзолари аниқланган камчиликларни бартараф қилиш, овчилик хўжаликларини ривожлантиришга қаратилган таклиф ва тавсияларини билдирди. 


М.Комилова, ЎзА