Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
2021 йилда одам савдоси қурбони бўлган 143 нафар Ўзбекистон фуқароларига ёрдам кўрсатилди
10:48 / 2022-03-20

Мамлакатимизда ҳар йили 600-700 минг фуқаро меҳнат бозорига кириб келади.

Иқтисодиёт тармоқларини ва ҳудудларни ривожлантириш бўйича кўрилаётган чоралар натижасида йилига 500 минггача иш ўрни яратилмоқда. Шунга қарамай, ташқи меҳнат миграциясининг катта оқими ҳалигача сақланиб қолмоқда. Қарийб 200 минг кишининг бандлигини ташқи меҳнат миграцияси орқали таъминлашга тўғри келмоқда.

Хўш, хориждаги ватандошларимизнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, шароитларини яхшилаш борасида қандай ишлар амалга оширилмоқда?

Маълумотларга кўра, 2021 йил давомида дипломатик ваколатхоналар ва консуллик муассасаларимиз томонидан одам савдоси қурбони бўлган 143 нафар Ўзбекистон фуқароларига зарур консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатилиб, уларнинг соғ-саломат Ўзбекистонга қайтиб келишлари таъминланди.

Ташқи ишлар вазирлиги бошқарма бошлиғи Бурхон Алиқулов томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, 1 минг 478 нафар фуқарога иш берувчилардан 1,2 миллиард АҚШ доллари миқдорида ойлик маошлари ва компенсациялари ундирилишида кўмак берилган.

Шунингдек, Россиянинг 9 та ҳудудида ушбу давлатда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон фуқаролари учун РУДН ҳамда “WorldSkills Russia” иттифоқи билан ҳамкорликда рус тили ва касб-ҳунарга ўқитиш курслар ташкил этилиб, шу кунга қадар 995 нафар меҳнат мигранти рус тилига ва касб-ҳунар ўрганишга ўқитилган.

Ўзбекистоннинг Алмати шаҳридаги Бош консулхонаси Қозоғистон Республикаси ҳудудида фаолият юритаётган ўзбек миллий маданий марказлари билан ҳамкорликда Қозоғистон ҳудудида қийин аҳволга тушиб қолган 100 дан ортиқ фуқароларимизни Ватанимизга қайтишини ташкиллаштирди.

Ўзбекистонда одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш соҳасида хорижий мамлакатлар ҳуқуқ-тартибот идоралари билан ҳам кенг ҳамкорлик алоқалари ўрнатилган. Бу борада амалга оширилган ишлар юзасидан халқаро ҳамжамиятни бохабар этиш мақсадида ўзбек, рус ва инглиз тилларида тайёрланган маълумотлар хориждаги дипломатик ваколатхоналаримизнинг веб-сайтларида, ижтимоий тармоқларидаги саҳифаларида кенг тарғиб қилинмоқда.

Консуллик қабулига ташриф буюрган фуқароларимизга ҳам одам савдоси қурбонига айланиб қолмаслик борасида доимий равишда тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистоннинг чет давлатлардаги дипломатик ваколатхоналари томонидан 120 дан ортиқ меҳнат миграцияси билан шуғулланувчи хорижий давлат идоралари ва 200 дан ортиқ йирик иш берувчи компаниялар билан музокаралар ўтказилди. Мазкур компанияларда мавжуд бўш иш ўринлар аниқланиб, ушбу маълумотлар Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига тақдим этиб келинмоқда.

Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналар ва консуллик муассасалари томонидан чет давлатлардаги 140 дан ортиқ ватандошларимиз ва миллий диаспораларимизга тегишли жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилган ва Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги билан ҳамкорлик келишувларини амалга ошириб келмоқда.

Хорижда қийналиб қолган фуқаро ўзига яқин бўлган Ўзбекистоннинг дипломатик муассасасига мурожаат қилади. Унинг ҳужжатлари кўриб чиқилади ва қандай шаклда ёрдам берилиши аниқланади. Мушкул аҳволда қолган фуқарога қарзлар хорижда маблағларсиз қолган тақдирда, уларнинг Ўзбекистон Республикасига қайтиб келишини таъминлаш мақсадида ажратилади. Бунинг учун фуқаро, таъминотчи ва консуллик муассасаси ўртасида уч томонлама қарз шартномаси имзоланади. Фуқаролар Ўзбекистонга қайтгач, 30 кун муддатда қарзни қайтариши керак бўлади.

Хорижда ўзбекистонликлар муносиб шароитларда меҳнат қилиши учун йирик иш берувчи компаниялар билан алоқаларни кенгайтириш муҳимлиги эътиборга олиниб, Ташқи ишлар вазирлиги кўмагида 2021 йил давомида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Латвия, Болгария, Исроил, Полша каби давлатларнинг ишга жойлаштириш соҳасида фаолият олиб борадиган компаниялар билан Ўзбекистондан фуқароларни ташкилий асосда ишга жойлаштириш бўйича 10 дан ортиқ ҳамкорлик шартномаларини имзоланган.

Германия ва Швейцариянинг йирик компаниялари билан Ўзбекистон фуқароларининг меҳнат фаолиятини олиб боришлари ва шу билан биргаликда касбий амалиётни амалга оширишлари масалалари бўйича келишувлар имзоланди. Шу билан бирга, меҳнат миграцияси географиясини кенгайтириш мақсадида Исроил, Греция, Италия, Баҳрайн, Қатар, Қувайт, Малайзия, Озарбайжон, Сингапур каби 10 та давлат билан ҳукуматлараро ва идоралараро битим лойиҳаларини имзолаш чоралари кўрилмоқда.

Швейцариянинг “Globogate” рекрутинг агентлиги билан тиббиёт соҳасидаги ходимларни Швейцария, Германия ва Европанинг бошқа давлатларига ишга жойлаштириш бўйича имзоланган ҳамкорлик шартномаси доирасида 10 ойлик немис тили «онлайн» ўқитиш маркази ташкил этилди. Швейцариялик ҳамкорлар томонидан 3 босқичли танлов ташкил этилди. Танловлардан муваффақиятли ўтган 118 нафар фуқаролар ҳозирги кунда ўқув жараёнларига жалб этилган.

Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг кўрсатмасига асосан ҳукумат назоратида амалга оширилаётган эвакуация жараёнида Украина-Полша давлат чегарасидан 5 минг 969 нафар Ўзбекистон фуқароларини ўтказиш ташкил этилди, улардан 5 минг 884 нафари 26 та авиарейслар орқали Ватанга қайтарилди.

Украина ва Полшадаги Ўзбекистоннинг дипломатик ваколатхоналари томонидан фуқароларни эвакуация қилишни узлуксиз таъминлаш мақсадида транспорт воситалари (14 та автобус) ижарага олинди. Таъкидлаш жоизки, барча эвакуация билан боғлиқ харажатлар ҳукуматимиз томонидан беғараз (бепул) амалга оширилмоқда.

Украинанинг турли олий ўқув юртлари талабалари бўлган 300 га яқин Ўзбекистон фуқаролари Украинадан эвакуация қилинди. Ўзбекистон Президентининг топшириғига кўра, эвакуация қилинган мазкур талабаларнинг мамлакатимиз олий таълим муассасаларига ўқишини кириш учун Ташқи ишлар вазирлиги уларнинг рўйхатини шакллантириб, Республика Олий ва ўрта таълим вазирлигига тақдим қилиб келмоқда.

Украинадан Россияга ўтишда тўхтаб қолган қуритилган мева, дори-дармон, озиқ-овқат ва бошқа маҳсулотларни ташувчи Ўзбекистон фуқароларига тегишли юк автомобиллари божхона, чегара ва санитария назоратидан тезкор ўтишларида амалий ёрдам кўрсатилди.

Украинадан Молдовага утишга мажбур бўлган фуқароларимизнинг Руминия ҳудуди орқали визасиз транзитини таъминлаш, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» авиакомпанияси самолётининг Бухарестдаги халқаро аэропортдан тўсиқсиз парвоз қилиши ва техник хизмат кўрсатилиши масалалари тезкорлик билан ҳал этилди.

Натижада, жорий йилнинг 10 март куни махсус рейс билан Молдовадаги 98 нафар Ўзбекистон фуқаролари Руминиянинг Бухарест аэропорти орқали олиб чиқилди, улардан 17 нафари аёллар ва 9 нафари вояга етмаган болалардир.

Шу кунга қадар, 400га яқин фуқароларга Ватанга қайтиш ҳужжатлари тезкорлик билан расмийлаштирилди. Уларни озиқ-овқат билан таъминлаш йўлга қўйилди, шунингдек, Полшанинг Катовитса аэропортига олиб кетилишини кутаётган қариялар ва ёш болали аёлларнинг дам олишлари учун алоҳида шароитларга эга «Ўзбекистон бурчаги» ташкил этилди.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигига ҳокимликлар билан бирга хорижга ишлашга кетган юртдошларнинг оиласидан доимий хабар олиб, ота-онасининг соғлиғи, фарзандларининг ўқиши ва бошқа эҳтиёжларига кўмаклашиш вазифаси қўйилди.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА