English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
2021 йилда иқтисодий барқарорликни таъминлаш энг устувор масалага айланади
17:51 / 2021-02-08

Ўтган ҳафтада Ўзбекистон Республикаси Президенти “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида”ги фармонни имзолади. Яъни 2021 йилги Давлат дастури тасдиқланди.

Ҳеч иккиланмасдан айтиш мумкинки, дастур мамлакатимизда истиқомат қилаётган 34,5 миллиондан ортиқ аҳолининг барчаси учун бирдек дахлдор ва барчамизга асқотадиган муҳим ҳужжат бўлди.

Дастур лойиҳаси жорий йил 18-28 январь кунлари кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилди. Муҳокамалар чоғида лойиҳа юзасидан 4 мингга яқин таклиф ҳам олинди. Хусусан, аҳоли томонидан давлат бошқаруви йўналиши бўйича 1 минг 239 та, суд-ҳуқуқ йўналишида 479 та, иқтисодиёт соҳасида 901 та, ижтимоий соҳада 1 минг 18 та, ташқи сиёсат ва хавфсизлик йўналишида 146 та таклиф билдирилди. Уларнинг ҳар бири кўриб чиқилди. Лойиҳага жами 50 га яқин концептуал ва 100 дан ортиқ аниқлаштирувчи таҳририй ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Хўш, Давлат дастури қанча маблағ ҳисобига амалга оширилади?

Давлат дастурида режалаштирилган тадбирларни молиялаштиришга 29 триллион 500 миллиард сўмга яқин ҳамда 2 миллиард 600 миллион АҚШ долларидан зиёд ва 57,5 миллион евро миқдоридаги маблағ сарфланади.

Жами 273 банддан иборат Давлат дастурида белгилаб қўйилган вазифаларнинг ҳар бирини тўлиқ таҳлил қилиш мумкин албатта. Йил дастурида 2021 йилда суд-ҳуқуқ тизими ҳамда иқтисодий барқарорликни таъминлаш, камбағалликни қисқартириш йўналишлари бўйича белгиланган вазифалар ҳамда уларнинг ижро механизмлари хусусида фикр юритамиз.

Муҳим янгиликлардан бири 2021 йилда юртимизда бепул юридик ёрдам кўрсатиш тизими жорий этилади. Яна бир янгилик. 15 йил давомида республикамизда доимий рўйхатда турган, лекин фуқаролиги бўлмаган шахсларни энди Ўзбекистон фуқароси деб тан олиш тартиби ишлаб чиқилади. Бир-биридан муҳим бу каби ҳаётий масалаларнинг барчаси Давлат дастурида акс этган.

Йил дастурининг қамрови ва кўлами ниҳоятда кенг. Шу боис ушбу ҳужжатни устувор йўналишлар, яъни соҳалар кесимида таҳлил қиламиз. Давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш йўналиши 20 банддан таркиб топган. Унда давлат бошқаруви органларининг фаолиятини тубдан такомиллаштириш, ўрта ва қуйи бўғин раҳбарларининг иш самарадорлигини ошириш каби устувор йўналишлар белгиланган. Ушбу вазифалар фуқароларнинг хоҳиш-истаклари ва таклифларига ҳамоҳанглиги билан, айниқса, аҳамиятлидир.

– Бу дастур кенг омма муҳокамасига чиқарилди, – дейди пойтахтимиздаги “Новза” МФЙ раиси Мансур Сиддиқов. – Муҳокамада аҳолининг фикрлари, таклифлари инобатга олинди. Таклифлар, истаклар асосида қўшимчалар киритилди. Буларнинг барчаси фуқароларнинг онги янгидан шаклланишига замин яратади. Бу дастурни ўқиб чиқиб, ундаги вазифалар нафақат 2021 йилга балки келгуси йилларда ҳам дастуриламал бўлишини тушуниб етдим.

Сўнгги тўрт йилда республикамизда икки мингга яқин фармон ва қарорлар қабул қилинди. Бироқ ҳудудлар ва ташкилотларда уларнинг ижросида оқсашлар кузатилаётгани ҳеч кимга сир эмас. Аниқроғи топшириқлар ижросини таъминлаш формал ёндашувга асосланиб қоляпти. Яъни, ижронинг ҳаққонийлиги таъминланмаяпти. Жорий йилда бу борада янги тизим йўлга қўйилади. Давлат дастурининг 8-бандида айнан шу вазифа белгиланган.

Бундан ташқари бепул юридик ёрдам тизимини йўлга қўйиш чоралари қўрилади. Бу эса ҳуқуқий хизматдан фойдаланиш имкониятларини янада кенгайтиради.

– Давлат дастурининг ижроси айтиш керакки, вилоятимизда ҳам қизғин бошлаб юборилди, – дейди Қашқадарё вилояти Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Комила Каромова. 

– 30 маҳаллада “Обод маҳалла” дастури бўйича ишлар бошланди. 77 та олис ҳудудда ободонлаштириш ишлари амалга оширилиши режалаштирилган. Туманларда, олис қишлоқларда 138 мингга яқин аҳоли яшайди. Давлат дастурининг 78-бандида алоҳида кўрсатилганидек, ҳар бир қишлоқ ёки маҳалланинг имкониятларидан келиб чиқиб ўсиш нуқталари белгиланди. Бу эса ҳудуднинг ривожланишига, аҳолининг бандлиги ва фаровонлиги ошишига замин яратади.

Энди, Давлат дастурининг иккинчи йўналишига эътибор қаратамиз. Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш йўналишида фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини кафолатлаш, суд тизимининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, юридик ва ҳуқуқий хизматлар сифатини янада яхшилашга оид бир қатор чора-тадбирлар белгиланганки, уларнинг барчаси “инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” деган эзгу ҳояга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

– Партиянинг асосий дастурий йўналиши бўлган масалалардан биттаси ҳуқуқий билимни оширишдир, – дейди “Адолат” СДП мафкуравий ишлар бошқармаси бошлиғи Фазлиддин Зияев. – Бу масала бўйича биз Давлат дастурига ўз таклифларимизни берганмиз ва бу дастурда ўз аксини топган. Бунда нафақат жисмоний шахслар, балки юридик шахсларнинг ҳам ҳуқуқий билимини оширган ҳолда уларнинг ҳуқуқий муносабатларини тартибга солиш бўйича аниқ вазифалар белгиланган.

Инсон шаъни улуғланган мамлакатда аҳоли чинакам бахтли ва фаровон ҳаёт кечиради. 2021 йилги Давлат дастурига асосан 15 йил давомида мамлакатимизда доимий яшаб турган, бироқ фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан истак билдирилган тақдирда уларни Ўзбекистон фуқароси деб тан олишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш кўзда тутилган. Бу эса минглаб юртдошларимизга чинакам қувонч бахш этиши шубҳасиз.

– Давлат дастури билан танишиб, жуда хурсанд бўлдим, – дейди педагог Муқаддас Аҳмедова. 

– Мен фуқаролик олиш бўйича жуда кўп мурожаатлар қилганман. Мана шу йили Давлат дастури асосида қабул қилинадиган қонун орқали тўлақонли Ўзбекистон фуқароси бўлишга эришаман.

Бугун транспорт воситаси бўлмаган хонадон деярли учрамайди. Давлат дастурига асосан, транспорт воситаларини мажбурий техник хизмат кўригидан ўтказишни соддалаштириш тизими жорий этилаётгани юртдошларимиз кўнглидаги гап бўлди. Чунки эндиликда транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказишни республикамизнинг ҳар бир ҳудудида амалга ошириш мумкин.

Йил дастуридан ўрин олган чора-тадбирларнинг барчаси бевосита ҳаётий заруратлиги билан ажралиб туради. Бироқ уларни ўз вақтида ва сифатли бажариш, ижро интизомини таъминлаш эса юксак масъулият талаб этади.

Дастурнинг учинчи йўналишида иқтисодиётда давлат улушини камайтириш ҳамда соҳа ва тамоқларга бозор тамойилларини кенг жорий қилишга қаратилган вазифалар белгилаб берилган.

– Энергия таъминоти иқтисодий ўсишни таъминлашда жуда муҳим омил ҳисобланади, – дейди Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги бошқарма бошлиғи Шоҳрух Сафаров.

 – Буни таъминлаш мақсадида жорий йилда электр энергиясини ишлаб чиқариш ҳажми ўтган йилга нисбатан 9 фоизга оширилади. Унинг импортини 18 фоизга ошириш бўйича чоралар кўрилади. Табиий газ ишлаб чиқаришни эса ўтган йилга нисбатан 16 фоизга ошириш белгиланган бўлиб, бу борада таъсирчан чоралар кўрилади. Шу билан бирга электр энергия инфратузилмасини яхшилаш мақсадида 130 минг километрдаги электр линиялари модернизация қилинади. 40 мингдан ортиқ трансформатор пунктларини босқичма-босқич янгилаш бўйича дастур ишлаб чиқиш белгиланган.

Тадбиркорликни ривожлантириш иқтисодиётни юксалтиришнинг энг муҳим омили саналади. Бунинг учун ишлаб чиқарадиган маҳсулотлар ва хизматлар импортини қисқартириб, экспорт салоҳиятини ошириш талаб этилади. Таббийки, бу мустаҳкам ҳуқуқий асосни талаб этади.

Давлат дастурига асосан 2021 йилда Тадбиркорлик кодексининг қабул қилиниши бу борадаги барча муаммоларга ечим бўлиши шубҳасиз.

– Давлат дастурини тасдиқлаш бўйича қабул қилинган фармонда кўплаб масалалар қамраб олинган, – дейди ЎзЛиДеП сиёсий кенгаши ижроия қўмитаси бўлим бошлиғи Бахтиёр Руҳиддинов. – Партия электорати манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича Тадбиркорлик кодексини ишлаб чиқиш масаласи алоҳида банд билан киритилди. Тадбиркорлик субъектлари амал қилиб келаётган 5 мингдан ортиқ ҳужжатлар бор. Улар фаолияти давомида ушбу ҳужжатлар билан боғлиқ турли муаммоларга дуч келмоқда. Шу мақсадда кодекснинг ишлаб чиқилиши тадбиркорларнинг оғирини енгил қилади. Яъни тадбиркорлар 5 мингта ҳужжатдан фойдаланмайди битта кодексдан фойдаланади.

Дастурга мувофиқ, “Бухоро – Урганч – Хива” темир йўлини электрлаштириш ишлари бошланади. Бундан ташқари, иккита тезюрар “TALGO-250” русумли йўловчи поездини олиб келиш ҳамда иккита йўналиш бўйича ҳаракатни таъминлаш кутиляпти. Бу нафақат узоғимизни яқин қилади, балки ички туризмни ривожлантириш, ҳудудлар қиёфасини янада яхшилашга хизмат қилади.

Фармоннинг 13-бандига кўра, 2021 йил 1 мартдан бошлаб энг йирик шаҳарлар ва туристик марказларга мунтазам авиақатновлар йўлга қўйилади. Давлат бюджетидан субсидиялаш тизимини татбиқ этиш орқали республика бўйлаб саёҳат қилиш учун авиа ва темир йўл чипталари нархини 40 фоизгача қоплаш тартиби жорий этилади.

Мамлакатимизда камбағалликни қисқартириш, аҳолининг бандлиги ва манфаатдорлигини таъминлаш бугунги кун учун бош масалага айланган. Давлат дастурида бу борадаги олиб борилаётган ишлар кўлами янада кенгаяди. “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқароларни иш билан таъминлаш бўйича барча имкониятлар ишга солинади.

– Ҳунарманд заргарман, – дейди Дилобар Норбўтаева.

 – Шу ҳунарни танлаб, тадбиркорлик марказида иш бошладим. Шу ҳунарни кенгайтириш, ёлғиз аёлларни жалб қилиш учун ўзим ташаббус билдирдим. Шунча имконият, шароит бўла туриб, нега фойдаланмаслик керак.

Ҳа, мамлакатимизда 2021 йилда ҳар қачонгидан марра катта олинган. Бунга “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастури асос бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.

 

Нурилло НАСРИЕВ,  ЎзА