Мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш, соғлиғини сақлаш, касбга ўқитиш ва бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка кенг жалб этиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда.
Шунга қарамасдан, бугунги кунда хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари ошиб бораётганлиги, тазйиқ ўтказган ва (ёки) зўравонлик содир этган ёхуд уларни содир этишга мойил бўлган шахс томонидан ҳимоя ордери талабларини бажармаётганлиги ҳамда улар томонидан такрорий тазйиқ ҳолатлари содир этилаётганлиги кузатилмоқда.
Хусусан, 2020 йилда хотин-қизларга 14 минг 774 та ҳимоя ордери берилган бўлса, 2021 йил давомида бу кўрсаткич 39 минг 343 тани ташкил этган.
Шунингдек, тазйиқ ўтказган ва (ёки) зўравонлик содир этган ёхуд уларни содир этишга мойил бўлган шахс томонидан ҳимоя ордери талабларини бажармаслик бўйича 1 минг 210 та ҳолат аниқланган.
2020 йилда ҳимоя ордерларини бажармаслик оқибатида 146 та ҳолатда маъмурий жавобгарлик қўлланилган бўлса, 2021 йил якунига келиб бу рақам қарийб етти баробарга ошиб, 1 минг 322 тани ташкил этган. Бу борада Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида айтиб ўтилди.
Унда “Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 2061-моддасига ўзгартиш киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди. Мазкур қонун лойиҳаси билан бу ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ўтказган ва (ёки) зўравонлик содир этган ёхуд уларни содир этишга мойил бўлган шахс томонидан ҳимоя ордери талабларини бажармаслик ҳолатлари бўйича жавобгарлик масалаларини кучайтириш назарда тутилмоқда.
Фракция аъзолари томонидан қонун лойиҳасини такомиллаштириш юзасидан тегишли таклиф ва мулоҳазалар билдирилиб, концептуал жиҳатдан маъқулланди.
Шундан сўнг “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокама этилиб, фракциянинг тегишли муносабати билдирилди.
Йиғилиш якунида Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг тегишли қарори қабул қилинди.
М. Комилова, ЎзА