Фарғона вилоятида 2021 йил январ-декабрь ойларида амалга оширилган экспорт ҳажми 756,3 миллион АҚШ долларини ташкил этиб, 2020 йилга нисбатан ўсиш 202,1 миллион долларга ёки 36,4 фоизга тенг бўлди.
Жумладан, саноат маҳсулотлари экспорти ҳажми 541,8 миллион долларни (2020 йилга нисбатан 194 миллион доллар ёки 55,7 фоизга кўп) ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти ҳажми 214,5 миллион долларни (2020 йилга нисбатан 8,1 миллион доллар ёки 4,0 фоизга кўп) ташкил этди.
Вилоятнинг саноат маҳсулотлари экспортида асосий улушларни калава ип , мато, тайёр тикув-трикотаж маҳсулотлари, ун, қурилиш материаллари, минерал ўғитлар, пойабзал, супурги эгаллайди.
Мева-сабзавот маҳсулотлари экспортида асосий улушларни гилос (50,3 млн. доллар), узум (45,8 млн. доллар), шафтоли (28,1 млн. доллар), помидор (12,4 млн. доллар), қуритилган мева-сабзавотлар (15,0 млн. доллар), ўрик (4,8 млн. доллар), олхўри (5,6 млн. доллар), анор (6,0 млн. доллар), хурмо (9,2 млн. доллар), дуккакли маҳсулотлар (7,2 млн. доллар), полиз маҳсулотлари (4,6 млн. доллар), қалампир (1,2 млн. доллар), ва бошқа маҳсулотлар ташкил этади.
Фарғона вилояти тадбиркорлари томонидан етиштирилган ва ишлаб чиқарилган маҳсулотлари 2020 йилда дунёнинг 62 та давлатига экспорт қилинган бўлса, 2021 йилда 70 та давлатга экспорт амалга оширилган. Экспорт географияси Австрия, Гватемала, Доминикан Республикаси, Канада, Шимолий Македония ва Чили давлатлари ҳисобига кенгайди.
М. Сулаймонов, ЎзА