Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
2021 йилда ЕТТБ томонидан мамлакатимиз иқтисодиётига жалб қилинган инвестициялар ҳажми 600 миллион евродан ошиб рекорд даражани қайд этган
17:00 / 2022-05-12

Бу ҳақида Ўзбекистон Европа тикланиш ва тараққиёт банки Бошқарувчилар Кенгашининг йиллик йиғилишида айтиб ўтилди.

Жорий йилнинг 10-12 май кунлари Марокашда Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) Бошқарувчилар Кенгашининг Йиллик йиғилиши бевосита ва онлайн тарзда бўлиб ўтмоқда. Тадбирда банкнинг 71 акциядори, шу жумладан, 69 мамлакат, Европа Иттифоқи ва Европа инвестиция банкидан бошқарувчилар ва уларнинг ўринбосарлари, банк раҳбарияти ва халқаро экспертлар қатнашмоқда. 

Йиғилишда Ўзбекистон Республикасидан Европа тикланиш ва тараққиёт банки бошқарувчиси, Бош вазир ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзоқов иштирок этди.

Маълумот ўрнида айтиш мумкин, Европа тикланиш ва тараққиёт банки 1991 йил 28 мартда ташкил этилган. Штаб-квартираси Лондон шаҳрида жойлашган. Ўзбекистон 1992 йил 30 апрелдан бери ЕТТБ аъзосидир.

Тадбир дастури доирасида 11 май куни Бошқарувчилар Кенгашининг ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Унда жаҳон ва минтақавий иқтисодиётнинг долзарб тенденциялари, ковиддан кейинги даврда банкнинг унга аъзо мамлакатларда иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватлашга қаратилган фаолияти кўриб чиқилди. Бундан ташқари, “яшил” иқтисодиётни ривожлантириш чоралари ҳамда иқлим ўзгаришига қарши курашиш, ЕТТБнинг амалий ва молиявий фаолияти билан боғлиқ бир қатор институционал масалалар муҳокама қилинди.

Ялпи мажлисда сўзга чиққан С.Умурзоқов Ўзбекистоннинг ЕТТБ билан ҳамкорлиги барқарорликка ва стратегик хусусиятга эга эканини таъкидлади. 2021 йилда мамлакатимиз Марказий Осиё минтақасида банк инвестицияларининг энг йирик олувчисига айланган. Банк маблағларининг энг йирик олувчиларининг бешталигига киргани ҳамда ўтган йили ЕТТБ томонидан мамлакат иқтисодиётига жалб қилинган инвестициялар ҳажми 600 миллион евродан ошиб рекорд даражани қайд этгани маълум қилинди.

Иқтисодиётда давлатнинг ролини камайтириш, давлат активлари ва тижорат банкларини трансформациялаш ва хусусийлаштириш, инвестициявий муҳитни яхшилаш, саноатни жадал ривожлантиришни рағбатлантириш, ёшлар ва аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш ҳамда Иқлим ўзгариши бўйича Париж битими мувофиқ қабул қилинган мажбуриятларни бажариш асносида турли соҳаларда “яшил” технологияларни кенг миқёсда жорий қилишда ҳамкорликни чуқурлаштиришга тайёрлик билдирилди.

Йиғилиш якунида Бошқарувчилар Кенгаши банк фаолиятининг келажакдаги истиқболларини белгилайдиган бир қатор қарорларни, шу жумладан, ЕТТБ фаолиятини Африканинг Саҳрои Кабиридан жанубидаги мамлакатларга ва Ироққа чекланган ва босқичма-босқич кенгайтириш тўғрисида қарор қабул қилди. Шунингдек, 2023-йилда ЕТТБ Бошқарувчилар Кенгашининг 32-Йиллик йиғилиши Самарқанд шаҳрида ўтказилиши маълум қилинди. Мазкур йиғилиш 16-18 май кунлари бўлиб ўтади. 

Тадбир иштирокчилари учун Самарқанднинг инвестициявий ва сайёҳлик салоҳиятининг тақдимоти ташкил қилинди. Йиғилиш доирасида 2023 йилда Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган ЕТТБ тадбирининг стенди ишлаб турибди. У ҳозирдаёқ банк Йиллик йиғилиши иштирокчилари ва меҳмонларида катта қизиқиш уйғотди.

Бошқарувчилар Кенгашининг қарорлари билан банкнинг 2022-2024 йилларга мўлжалланган стратегиясини амалга ошириш режаси ва банкнинг молиявий фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи тасдиқланди.

ЎзА