Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
2021 йилда атроф-муҳит ва аҳоли саломатлиги муҳофазасига доир 3 минг 760 та депутатлик сўрови юборилди
12:43 / 2022-03-12

Пойтахтимизда Ўзбекистон Экологик партияси марказий кенгаши пленуми ўтказилди.

 Унда Ўзбекистон Экологик партиясининг 2021 йилдаги фаолияти, 2022-2026 йилларга мўлжалланган янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясида белгилаб берилган устувор вазифалар ҳамда “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да Ўзбекистон Экологик партияси амалга ошириши лозим бўлган ишлар ҳақида сўз юритилди. 

Таъкидланганидек, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзолари қонун ижодкорлиги фаолияти йўналишида қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида 4 та қонунга ҳамташаббус бўлдилар ҳамда бошқа қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектларидан кирган 20 та қонун лойиҳалари устида ишлар олиб борди. Фракция аъзолари 14 та назорат-таҳлил тадбирларида иштирок этиб, давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига сайловчиларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини таъминлаш мақсадида жами 17 та депутат сўрови юборилди.

[gallery-6117]

Жойларда аҳолини қийнаб келаётган ижтимоий-иқтисодий муаммолар, атроф-муҳит ва аҳоли саломатлиги муҳофазасига доир 3 минг 760 та депутатлик сўровлари билан тегишли ташкилотларга мурожаатлар қилинди. Маҳаллий кенгаш сессияларида 3 минг 396 та, маҳаллий кенгашнинг доимий комиссия йиғилишларида эса 3 минг 413 та ҳисобот ва ахборотлар тингланди. Мансабдор шахсларнинг қониқарсиз фаолияти бўйича маҳаллий кенгашларга 50 та хулосалар киритилиб, 17 та ҳоким ва маҳаллий Кенгаш қарорлари бекор қилинди.

Партия томонидан 21 май – 5 июнь кунлари “Мўйноққа мадад” ҳайрия веломарафони, “Ривожланаётган Оролбўйи минтақаси жаҳон ҳамжамияти нигоҳида” мавзусидаги халқаро конференция каби халқаро аҳамиятига эга бир қатор тадбирлар ҳам ўтказилди.

Веломарафон доирасида тўпланган қарийб 2 миллиард сўм маблағ Алиовул қишлоғини обод қилиш, суғориш-ирригация тизимларини яхшилаш, тоза ичимлик суви тармоғини тортиш ва аҳолининг бошқа муаммоларини ҳал этиш бўйича чора-тадбирларни молиялаштиришга йўналтирилди. 

2021 йилда биринчи марта Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида Ўзбекистон Экологик партияси ҳам иштирок этди. Партиянинг Марказий, 14 та ҳудудий ва 204 та туман ва шаҳарлардаги сайлов штаблари тузилиб, фаолияти ташкил қилинди. Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Н.Обломуродов ва унинг ишончли вакиллари томонидан жойларда ўтказилган 300 дан ортиқ учрашувларда 65 мингдан зиёд сайловчилар қамраб олинди.

Жойларда ижтимоий-иқтисодий соҳадаги муаммоларни ҳал қилиш мақсадида “маҳаллабай” ва “фуқаробай” шаклда ишларни олиб бориш натижасида кам таъминланган оилаларга, ногиронларга амалий ёрдам кўрсатилди ва аҳолининг экологик саводхонлигини ошириш, ҳудудлар тозалиги ва ободлигига эришишга қаратилган ишлар амалга оширилди. 

“Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган аҳолининг 32 минг 263 та муаммолари ўрганилган ва шундан 25 минг 281 таси ҳал этилган. 

Партиянинг сайловолди дастурида ва “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” Давлат дастурида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб 2022 йилда бир қатор ишларни амалга ошириш кўзда тутилган.

Жумладан, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси ва “Яшил йиллик” миллий тадбирида фаол иштирок этиш, улар доирасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан депутатлик ва жамоатчилик назоратини олиб бориш, “Чиқиндилар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунини янги таҳрирда қабул қилиш, “яшил” энергетика, “ақлли” қишлоқ хўжалиги тамойилларини татбиқ этишнинг ҳуқуқий асосларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш, аҳолининг экологик саводхонлиги ва экологик маданиятини ошириш бўйича маънавий-маърифий ва амалий ишларни кучайтириш каби кўплаб ишлар режалаштирилган.

Йиғилишда шунингдек, Ўзбекистон Экологик партияси,   Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ва туман (шаҳар) партия ташкилотларининг янги ташкилий тузилмаси, Ўзбекистон Экологик партияси фаолиятини тартибга солувчи ҳужжатлар лойиҳалари кўриб чиқилди ва тасдиқланди. 

Кун тартибидаги масалалар бўйича марказий кенгаш ижроия қўмитаси ва ҳудудий партия ташкилотлари олдига аниқ вазифалар қўйилди. Муҳокама қилинган барча масалалар юзасидан Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши пленуми тегишли қарорларни қабул қилди. 

Д.Маматова, 

ЎзА мухбири