Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
2021 йилда 50 минг гектарда янги токзорлар яратилади
15:56 / 2021-08-09

Юртимиз тупроқ-иқлим шароитининг мўътадиллиги мўл-кўл ҳамда сифатли мева-сабзавот, полиз маҳсулотлари етиштириш имконини беради.

Айниқса, серқуёш заминимизда етиштирилаётган биргина узум маҳсулотлари етти иқлимга машҳур. Шу боис мамлакатимизда мазкур тармоқни ривожлантириш, токзорларни кўпайтириш, янги технологияларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан сўнгги йилларда узумчилик соҳа сифатида ривожланиб, одамларнинг даромад манбаига айланмоқда.  Халқимиз узумчилик юқори даромад эканини англаб, уни катта майдонларда етиштиришни йўлга қўйиш орқали мўмай даромад топяпти, минглаб инсонларни иш билан таъминмоқда.

Мазкур соҳани янада ривожлантириш, узумчилик билан шуғулланишни кўзлаган юртдошларимизга имтиёзлар бериш мақсадида жорий йилнинг 28 июль куни Президентимизнинг “Узумчиликни ривожлантиришда кластер тизимини жорий этиш, соҳага илғор технологияларни жалб қилишни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Мазкур қарорда кўзда тутилган ишлар ҳақида ЎзА мухбирига Ўзбекистон Республикаси Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлиги директори Раҳимжон БОБОЕВ қуйидагиларни сўзлаб берди.

– Мазкур қарор билан 2021 йил 1 сентябрдан аҳоли томорқалари, маҳаллаларда узум етиштиришни кенгайтиришнинг янги механизларини жорий этиш белгиланди.

Узум ер танламайди, ҳар қандай ерда ўсиб кетаверади. Ота-боболаримиз айтганидек, меҳр, парвариш бўлса бўлгани. Ерга экилган ток кўчати бир неча ўн йилларгача ҳосил бериши мумкин. Эътиборли жиҳати, ток кўчатлари ортиқча сув  талаб қилмайди, йилда 2 ёки 3 марта сув ичса кифоя. Бу сувсиз лалмикор ерларда ҳам узум етиштиришимиз учун яхшигина имконият.

Узумчилик иқтисодиётимиз ривожига катта фойда келтиради. Мисол учун, 2 гектар хўраки узум етиштириш учун ўртача 200 миллион сўм харажат қилиб, 4 йилдан кейин йилига 500 миллион сўм соф фойда олиш мумкин. Яна бир жиҳати бор. Узум данагидан олинадиган ёғ ҳам жаҳон бозорида юқори баҳоланади.

Айни чоғда юртимизда фермер хўжаликлари томонидан 90 минг гектар майдонда узум етиштирилаётган бўлса, тармоқда 900 минг аҳоли доимий ва мавсумий иш билан банд этилган. Сўнгги тўрт йилда 52 минг гектар янги токзорлар ташкил этилиб, соҳага 210 миллиард сўм субсидия ва имтиёзли кредитлар ажратилди. Шу давр мобайнида мева-сабзавотлар экспортида узумнинг улуши  2 бараварга кўпайди.

Тан олишимиз керак, табиий винонинг умумий спиртли ичимликлар истеъмолидаги улуши бор-йўғи 2 фоизни ташкил этади. Энотуризм, яъни вино туризми ҳам тармоқ сифатида ривожланмаган.Хорижий давлатларга эътибор берадиган бўлсак, бутун дунёда узумни қайта ишлаб, ундан турли маҳсулотлар олиш энг сердаромад йўналишлардан бири эканлигини кузатамиз.

Жаҳон тажрибасини ўрганган ҳолда, юқоридаги қарор билан узум етиштириш, уни қуритиш, қадоқлаш, қайта ишлаш, тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ҳамда экспорт қилишнинг тўлиқ циклини яратиш мақсадида узумчилик ва виночилик кластерлари ташкил этиладиган бўлди.

Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлиги томонидан ҳам соҳани ривожлантириш йўналишида аниқ вазифалар белгилаб олинган. Хусусан, жорий йилда соҳа корхоналари томонидан сифатли экспортбоп вино ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилади.

2021 йилда 50 минг гектарда янги токзорлар яратилиб, 2,0 триллион сўмлик узумчилик лойиҳалари амалга оширилади. 26 минг гектар ер ўзлаштирилиб, ҳар йили 35,6 миллион куб метр миқдорида сув, 3,2 миллион кВт/соат электр энергияси тежалишига эришилади. Ҳосилли майдонлардан 320 минг тонна қўшимча ҳосил олиниб, 100 миллион долларлик қўшимча узум ва майиз экспорти йўлга қўйилади.

Келгусида соҳа имкониятларидан фойдаланган ҳолда 2021-2023 йилларда умумий қиймати 3,2 триллион сўмлик 4 724 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш, 50 мингта янги иш ўрни яратиш кўзда тутилмоқда. Маҳаллийлаштириш доирасида илк бор Шофиркон туманида эман (дуб) бочкалар, Тойлоқ туманида катта сиғимдаги зангламас идишлар ишлаб чиқарилади. Йилига 1 200 дона зангламас сиғимлар ишлаб чиқарилиши ҳисобига 1,5 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинишига эришилади.

Энг муҳими, юқоридаги ҳужжат билан узумчилик соҳасида иш олиб бориш истагидаги инсонларга қатор имтиёзлар бериляпти. Жумладан, 2021 йил 1 августдан қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкалари (суғориладиган ва суғорилмайдиган (лалми) ерлар) токзорлар барпо этиш ва узумчиликни ривожлантириш учун очиқ танлов асосида 30 йил муддатга ижарага берилади.

Жорий йил 1 январдан эса маҳаллий ишлаб чиқарилган узум ва мева-резаворлардан тайёрланган табиий равишда ачитилган табиий вино (этил спирти қўшилмаган ҳолда) ва кўпикланадиган винонинг 1 далига акциз солиғи 1 сўм этиб белгиланади.

Бу йўналишдаги энг катта қадамлардан бири – бу Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги 48 та туман узум етиштиришга ихтисослаштирилади. Ушбу туманлардаги 156 минг гектар майдонда  узумзорлар барпо этилиб, уларни истеъмолчига етказишга қадар узлуксиз тизим яратилади. Бу жараёнда виночилик кластерларининг ташкил этилиши ҳам муҳим янгиликлардан ҳисобланади.

Яна бир маълумот: маҳаллий шароитда “in-vitro” усулида етиштирилган ҳар бир дона ток кўчати ва пайвандтагли ток кўчати учун 5 минг сўм, маҳаллий ишлаб чиқарувчи кластерлар томонидан экспорт қилинган ҳар бир литр узум ва мева-резаворлардан тайёрланган табиий равишда ачитилган табиий вино ҳамда бренди (этил спирти қўшилмаган ҳолда) учун 5 минг сўмдан кўп бўлмаган миқдорда ҳамда майиз қуритиш ва қадоқлаш линиялари, виночилик асбоб-ускуналарини харид қилиш харажатларининг 20 фоизи, лекин  300 миллион сўмдан ортиқ бўлмаган миқдорда субсидия ажратилиши тадбиркорларга катта имкониятлар яратади.

Шу ўринда айтиш жоиз, соҳага қаратилаётган эътибор ва берилаётган имтиёз ва имкониятлар натижасида замонавий, билимли ёш кадрларга эҳтиёж бор. Мазкур қарорда бу инобатга олинган. Натижада,  масъул соҳа вакилларига 2021 йил якунига қадар Жиззах давлат университети ҳамда Фарғона давлат университетида узумчилик ва виночилик ривожланган хорижий давлатлар олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда қўшма факультет ташкил этиш вазифаси юклатилди. Қолаверса, “Эл-юрт умиди” жамғармаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда 2021 йил 1 мартга қадар илмий ходимлар, соҳа мутахассислари ва узум етиштирувчилар ва қайта ишловчиларни “Эл-юрт умиди” жамғармаси ҳамда халқаро молия институтлари грант маблағлари ҳисобига узумчилик ривожланган хорижий мамлакатларга узоқ ва қисқа муддатли стажировка, малака ошириш ва ўқишга юбориш чоралари кўрилиши борасида кўрсатма берилишининг ўзиёқ олдимизда улкан ва масъулиятли, шу билан бирга, натижадорлиги юқори бўлган вазифалар турганини билдиради.

Энг муҳим жиҳати шундаки, бугунги кунда жаҳон талабларига жавоб берадиган, бозорларда ўз ўрнини топадиган узум кўчатлари зарур. Шу сабабли ҳам, 2021-2022 йилларда узумнинг ҳосилдорлиги юқори, совуққа ва касалликка чидамли ҳамда данаксиз янги навларини яратиш бўйича Россия, Чили, Туркия, Италия ва бошқа мамлакатларнинг илмий муассасалари билан ҳамкорлик ташкил этилишига катта аҳамият қаратилмоқда. Бундан ташқари, Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази илмий-тадқиқот институтларининг ер майдонларида камида 500 гектар тупроқ-иқлим шароитига мос бўлган, уруғсиз, совуққа чидамли, экспортбоп ва пайвандтагли узум кўчатларини етиштириш ишлари бошлаб юборилган. Мақсадимиз яқин фурсатларда ташаббускор ва фермерларга замонавий кўчатларни тез, қулай ва арзон етказиб беришдир.

Маълумот ўрнида айтиш жоиз, Жаҳон банкининг қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш лойиҳаси доирасида 100 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағлар тижорат банкларига ажратилиши белгилаб берилди.

Бир сўз билан айтганда, соҳани тубдан ривожлантириш, бўш ерлардан мақсадли фойдаланган ҳолда юртимиз иқтисодиёти ривожидаги улушини кўтариш учун муҳим қадамлар ташланаётир. Белгиланган вазифалар тўлиқ бажарилса, Ўзбекистон узум навларининг миллий бренди яратилиб, чет элга экспорт кўлами кенгайтирилади.

 

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА