2021 йилда ипотека дастури асосида 632 та кўп қаватли уй қурилиб, 32 минг 503 та оила уй-жой билан таъминланди. 11 минг 800 та оилага 284 миллиард сўмлик субсидия ҳамда 4,8 триллион сўмлик ипотека кредити ажратилган.
Ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасида 23,5 триллион сўм маблағ эвазига 2 минг 173 та объект фойдаланишга топширилган.
Мазкур рақамлар Вазирлар Маҳкамасининг Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурининг 2021 йилда бажарилиши юзасидан ҳисоботида қайд этилган.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг йиғилишида мазкур ҳисобот фракция аъзолари томонидан қизғин муҳокама қилинди.

Қайд этилганидек, давлат дастурининг 273 та бандидан 243 таси тўлиқ бажарилган ва қолган 30 та банднинг ижросини таъминлаш учун тегишли чоралар кўрилган. “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастурлари доирасида 7 минг 800 та қишлоқ ва маҳаллалардаги 45 минг 567 та объектда қурилиш, таъмирлаш, ободонлаштириш ишлари амалга оширилган.
Депутатлар партия дастурий вазифаларидан келиб чиқиб, янги иш ўринлари яратиш орқали бандликни таъминлаш, таълим муассасаларини жиҳозлаш, қишлоқ шифокорларига устама тўланиши борасидаги айрим муаммоли масалалар бўйича Ҳукумат вакилларига мурожаат қилдилар.
Муҳтарама Комилова, ЎзА