Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
2021 йилда 1,7 миллион хорижий ва 7,7 миллион маҳаллий сайёҳларга хизмат кўрсатилган
18:59 / 2022-06-21

Юртимиз ўзининг табиати, тарихий обидалари, қатор туризм масканлари билан юқори сайёҳлик салоҳиятига эга. Шу боис, мамлакатимизда туризм, шу жумладан, экотуризмни ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Туризм соҳасини ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаб беришга қаратилган “Туризм тўғрисида”ги қонун, Президентимизнинг тегишли фармон ва қарорлари қабул қилинди.

Жумладан, “Ўзбекистон Республикасида ички ва зиёрат туризмини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони, “Хизматлар соҳасини ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан туризм хизматлари соҳасини қўллаб-қувватлаш учун кўплаб имтиёзлар берилди.

2022 йил 1 апрелдан 2025 йил 1 январга қадар тегишли туризм ҳудудларида рўйхатдан ўтган ҳамда ушбу ҳудудда хизмат кўрсатаётган тадбиркорлик субъектлари учун айланмадан олинадиган солиқ ставкаси 1 фоиз, ушбу ҳудудлардаги объектлар ва улар эгаллаган ер участкаси бўйича юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ва юридик шахслардан олинадиган ер солиғи миқдорлари мазкур солиқлар бўйича ҳисобланган сумманинг 1 фоизи миқдорида белгиланди.

Амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида туризмни янада ривожлантириш, сайёҳлар ва дам олувчилар учун муносиб шарт-шароитлар яратиш, туризм соҳасининг субъектларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизими яратилди. 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси 35-мақсадида “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилинг” дастури доирасида маҳаллий сайёҳлар сонини 12 миллиондан ошириш ҳамда республикага ташриф буюрадиган хорижий туристлар сонини 9 миллионга етказиш вазифаси белгилаб қўйилди.

Мамлакатимизда туризм хизматлари соҳасини қўллаб-қувватлаш бўйича кўрилган чора-тадбирлар натижасида 2021 йилда 1,7 миллион хорижий ва 7,7 миллион маҳаллий сайёҳларга хизмат кўрсатилиб, туризм хизматлари экспорти 400 миллион долларга етказилди. Шунингдек, республика бўйича жами 148 та меҳмонхона, 128 та туристик ташкилот ҳамда 1 минг 15 та оилавий меҳмон уйлари ташкил қилиниб, 4 минг 634 та янги иш ўринлари яратилди.

Парламент қуйи палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси ҳамда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси томонидан “Туризм тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг ижро этилиши ҳамда Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини янада ошириш, шу жумладан, экотуризмни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишларнинг ҳолати ўрганилганда, соҳада ўз ечимини кутаётган бир қатор тизимли масалалар мавжудлиги аниқланди.

Шундан келиб чиқиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг шу йил 21 июнда бўлиб ўтган мажлисида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимовга “Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини ошириш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар, шу жумладан, экотуризмни ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида”ги парламент сўрови юборилди.

Таъкидлаш жоизки, парламент сўрови парламент назоратининг энг муҳим шаклларидан бири сифатида ўз самарасини кўрсатиб келмоқда. Туризм ва маданий мерос вазирига юборилган мазкур парламент сўрови ҳам соҳадаги ишларни баҳолаш билан бирга, мавжуд камчилик ва муаммоларни бартараф этиш, юртимизнинг сайёҳлик салоҳиятини янада ривожлантириш, фойдаланилмаётган имкониятларни ишга солишда муҳим аҳамият касб этади.

Муҳтарама Комилова, ЎзА