Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси расмий саҳифаларида хабар берилди.
9 март куни 2021 йил учун педагоглар аттестацияси малака (тест) синовларини Тошкент шаҳридаги олий ва биринчи малака тоифали ҳамда мазкур малака тоифаларига талабгор педагоглар бошлаб берди.
Барча шароитлар яратилган, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари воситалари билан жиҳозланган хонада ўтказилган жараёнларда 700 нафарга яқин ўзбек тили, она тили ва адабиёт, рус тили, рус тили ва адабиёти фанлари ўқитувчилари иштирок этди.
– Она тили ва адабиёт фани бўйича имтиҳон топширдим, – дейди Чилонзор туманидаги 257-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Дурдона Ибрагимова. – Жараёнлар пухта ташкил қилинган. Ҳеч қандай ноқулайликлар йўқ. Дарсликлардан ташқари саволлар бўлмаганлиги сабаб ортиқча қийинчиликлар бўлмади. Она тили фанидан саволлар мантиқий фикрлашга қаратилгани учун бироз ақлимизни чархлашга тўғри келди. Жараёнлардан чиқарган хулосам шуки, агар ўқитувчида фундаментал билим бўлса, жавобларни топишда муаммога дуч келмайди.
– Малака (синов) тестларида биринчи тоифага даъвогар сифатида қатнашдим, тестлар мазмун жиҳатидан мураккаб эмас, – дейди Учтепа туманидаги 245-умумтаълим мактаби она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Руслан Водиев. – Барчаси дарсликлардаги мавзулар доирасида тузилган. Шу сабаб ортиқча чалкашликларга дуч келмадим. Имтиҳонга қатнашиш истагидаги ҳамкасбларимга, аввало, ўз йўналишлари бўйича билимини мустаҳкамлашини ва жараёнларда вақтни тўғри тақсимлашини тавсия қилган бўлардим. Бундан ташқари, ижтимоий тармоқлардаги фирибгарлар томонидан таклиф этилаётган хизматларга чалғимаслигини ҳам тавсия қилган бўлардим. Ижобий натижа учун шунчаки, бор салоҳиятни кўрсатиш етарли.
Бугун – 10 март куни ўтказиладиган синов жараёнларида кимё, география ва иқтисодиёт, биология, физика фани ўқитувчилари қатнашади.
Тошкент шаҳридаги олий ва биринчи малака тоифали ҳамда мазкур малака тоифаларига талабгор педагоглар учун малака (тест) синовлари 15 мартга қадар давом этади.