Дарҳақиқат кўпчиликни қизиқтираётган маълумот. Туризм ва спорт вазирлиги матбуот хизмати маълумотига кўра, ўтган 9 ой давомида мамлакатимизда 195 та Ўзбекистон чемпионатлари ўтказилган. Уларда 28 минг 350 нафар спортчи қатнашган. Чемпионатлар давомида 2 минг 564 та олтин, 2 минг 611 та кумуш ва 5 минг 128 та бронза медаллари тақдим этилган.
Шунингдек, ўтган давр мобайнида 47 та Ўзбекистон кубоги ҳамда 16 та республика миқёсидаги мусобақалар ташкил этилган бўлиб, уларда 11 минг нафардан зиёд спортчилар қатнашган. Мусобақаларнинг ғолиб ва совриндорларига умумий ҳисобда 4 минг 521 та медаллар жамланмаси тақдим этилган.
2021 йилнинг ўтаётган тўртинчи чорагида эса спорт турлари бўйича 46 та мамлакат чемпионатлари ҳамда 36 та кубок ва республика турнирлари ташкил этилиши назарда тутилган.

Бу, Туризм ва спорт вазирлиги тақвим режаси асосида ўтган ва ўтаётган ички спорт мусобақалари. Агар мазкур мусобақалар рўйхатига Миллий олимпия қўмитаси, спорт федерациялари, шунингдек, бошқа ташкилотларнинг ички турнир ва чемпионатларини ҳам қўшсак, мамлакатимизда ташкил этилган жисмоний тарбия ва спорт тадбирларининг умумий мундарижаси не чоғли залворли эканлиги янада ёрқинроқ тасаввур уйғотади.
Шунингдек, йил мобайнида мамлакатимизда халқаро миқёсдаги жаҳон ва қитъа чемпионатлари, кубок баҳслари, Марказий Осиё чемпионатлари, нуфузли Гран-при турнирлари, халқаро турнирлар, турли саналарга ва хотираларга ҳамда соврин жамғармасига эга баҳсларни ҳам назарда тутилса, Янги Ўзбекистоннинг жаҳон спорт майдонидаги янги саҳифаси бўй кўрсатаётганлиги аёнлашади.
Бундан ташқари, ўтаётган йил давомида мамлакатимизга бир қатор нуфузли спорт ташкилотларининг раҳбарлари, жумладан, Халқаро олимпия қўмитаси аъзолари, Осиё олимпия кенгаши раҳбарияти, Халқаро паралимпия қўмитаси мутасаддилари, бокс, дзюдо, қиличбозлик, оғир атлетика, триатлон, аралаш жанг санъатлари, самбо, кикбоксинг, замонавий беш кураш ва бир қатор яккакураш спорт турларининг халқаро федерация президентлари ташриф буюрди.
Бу ҳам Ўзбекистоннинг халқаро спорт жамиятидаги мавқеи кейинги йилларда катта юксалишга эришганлигининг амалдаги исботидир.
Тўлқин Рўзиев,
ЎзА