Хитойнинг «China Trade Daily» иқтисодий нашрида «Хитой ва Ўзбекистон ўртасида қишлоқ хўжалиги савдоси яхшиланмоқда» сарлавҳали мақола чоп этилди.
Муаллиф Ўзбекистон Хитой билан қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорлик қилаётган асосий мамлакатлардан бири ва «Бир макон, бир йўл» лойиҳаси қурилишида иштирок этиш учун муҳим марказ эканини таъкидлаган. «Сўнгги йилларда Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги инфратузилмасига инвестиция миқдори мунтазам ошиб бормоқда, мамлакат ирригация тизими янгиланиб, илғор қайта ишлаш технологиялари фаол жорий этилмоқда», - дейилади мақолада.
Таъкидланганидек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сифати ва саноатнинг қўшимча қиймати доимий равишда яхшиланмоқда. Ўзбекистон мева ва сабзавоти хитойлик харидорлар, истеъмолчилар орасида тобора оммалашмоқда.
2020 йил Ўзбекистон Хитойга 14 хил озиқ-овқат маҳсулоти, асосан, янги узилган ва қуритилган мева экспорт қилган. 2021 йил товар номенклтаруаси 17 тага етган. Жорий йил охиригача экспорт қилинадиган маҳсулот турини 20 дан, мева-сабзавот экспортини ҳам икки баробар ошириш кўзда тутилган.
2021 йил Ўзбекистон Хитой бозорига қиймати 112 миллион доллардан зиёд 100 минг тоннадан зиёд турли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари жўнатди. Жорий статистикага кўра, Хитойга Ўзбекистон мева ва сабзавоти умумий экспортининг 4,5 фоизи тўғри келмоқда, дейилади нашрда.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Хитой ўртасида тўсиқсиз савдо қилиш учун шароит фаол тарзда яхшиланяпти. Ҳозир Хитойнинг қатор шаҳарлари ва Тошкент ўртасида ҳаво йўли очилган. Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон халқаро юк йўли республикага қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини халқаро бозорга экспорт қилиш учун логистика ва транспорт имкониятини кенгайтирди.
Мақолада маълум қилинишича, Ўзбекистондан Хитойга гилос, қовун, қалампир, анор, мош, кунжут уруғи, майиз, қуритилган ўрик, ёнғоқ, бодом, узум уруғи, ер ёнғоқ, асал, лимон, ўрик ва бошқа мева-сабзавот экспорт қилиняпти.
Бугунги кунда Ўзбекистон шафтоли, олхўри ва узум етиштириш, шунингдек, гилос, ўрик ва олхўри сифати бўйича дунёдаги энг яхши беш мамлакат қаторига кириши қайд этилган. 2021 йил Хитой илк бор Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини истеъмол қилувчи энг йирик мамлакатлар учлигига кирди, деб ёзади Хитой нашри.
Ўзбекистон Хитойга юборадиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари орасида мошга талаб энг юқори бўлиб қолмоқда. Мош экспорти 2019 йилдаги 28 минг тоннадан 75 минг тоннага етди.
Мақолада Ўзбекистон Хитойнинг қишлоқ хўжалиги савдосини янада ривожлантириш бўйича салоҳиятли ҳамкори ҳисобланиши қайд этилган. «Ўзбекистон Хитой бозори учун мева-сабзавотнинг янги турларини танлаш ва сақлаш билан боғлиқ барча масалаларни фаол ҳал этмоқда. Мамлакат хитойлик шерикларга логистика ва транспорт соҳасида изчил ҳамкорликни таклиф этмоқда», - дея хулоса қилади «China Trade Daily».
ЎзА