2021 йилда коронавирус ва ушбу касаллик штаммлари тарқалиши, сиёсий низо ёки дунёнинг турли бурчакларида кечаётган уруш, намойиш ва табиий офатга қарамасдан, сайловчилар ўз мамлакатлари тақдирини белгилаш учун сайловларда фаол иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови муваффақиятли ўтказилганини бутун халқаро жамоатчилик эътироф этди.
Марказий Осиёда Қирғизистон халқи ҳам умумий ва президентлик сайловида, шунингдек, конституциявий референдумда овоз берди.
Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняхунинг 12 йиллик фаолияти ниҳоясига етди, Эрон президентлигига консерватив номзод Иброҳим Раисийкелди.
Сентябрь ойида Россия парламентига сайловда “Единая Россия” партияси ўринларнинг ярмидан кўпини қўлга киритди.
Европанинг энг машҳур сиёсатчиларидан бири, Германия канцлери Aнгела Меркел ўз халқи фаровонлиги йўлидаги 16 йиллик хизматидан сўнг сиёсат билан хайрлашди.
Бу йил, шунингдек, Қатарда биринчи қонунчилик сайлови бўлиб ўтди, сайловчилар Шўро кенгаши аъзоларини сайлаш учун овоз берди.
Январь-февраль
Қозоғистонда 1995 йилдан бери илк бор ўтказилган парламент сайловида биринчи президент Нурсултон Назарбоев бошчилигидаги ҳукмрон “Нур Отан” партияси 71,9 фоиз овоз олиб, 5 сиёсий партия орасида пешқадамликни қўлга киритди.
Марказий Осиёнинг яна бир давлати – Қирғизистон аҳолиси 10 январь куни мамлакат президентини сайлаш учун сайлов участкаларига келди. Собиқ бош вазир Садир Жапаров 79 фоиздан кўп овоз тўплаб, ғалаба қозонди. Шу куни конституциявий референдум ўтказилди.
Қирғизистон сайловчилари 11 апрель куни референдум орқали конституцияга ўзгартириш киритиш бўйича овоз берди. 28 ноябрда эса муддатидан олдин парламент сайлови бўлиб ўтди ва олти партия 90 ўринли парламентга кириш учун курашди.
Португалия президенти Марсело Ребело де Соуса 24 январь куни бўлиб ўтган сўровда иккинчи муддатга қайта сайланди. Афсуски, 2022 йил 30 январда ҳукумат инқирози сабабли муддатидан олдин президентлик сайлови кутиляпти.
14 февраль куни косоволиклар мамлакат парламентидаги 120 ўринга янги аъзолар учун муддатидан олдин овоз берди ва Aлбин Курти бошчилигидаги “Решай сам” партияси, деярли, 50 фоиз натижа кўрсатди. Косово парламенти 4 апрель куни Воса Усмонийни мамлакатнинг янги президенти этиб сайлади.
Март
Голландия. 17 март куни бўлиб ўтган тўртинчи муддатга сайловда бош вазир Марк Рютте бошчилигидаги Озодлик ва Демократик консерватив халқ партияси парламентда 35 ўрин билан ғалаба қозонди.
23 март куни исроилликлар эрта сайловда овоз беришди ва Бош вазир Бенямин Нетаняхунинг “Ликуд” партияси биринчи ўринни эгаллади. 14 июнь куни эса ҳукуматни энг кўп муддат бошқарган Нетаняху лавозимини Ямин партияси раҳбари Нафтали Беннетга топширди.
Апрель
Жибутининг амалдаги президенти ва ҳукмрон “Тараққиёт учун халқ бирлашуви” партияси раҳбари Исмоил Умар Геллеҳ 9 апрель куни қайта сайланди.
11 апрель куни “Имкониятлар партияси” номзоди ва банкир Гилермо Лассо Эквадор президентлигига сайловнинг иккинчи босқичида 52,52 фоиз овоз билан ғалаба қозонди.
Эди Рама бошчилигидаги Aлбания Социалистик партияси 25 апрель куни бўлиб ўтган парламент сайловида 140 ўриндан 74 тасини қўлга киритди. Шу тариқа, Рама учинчи муддат ҳокимиятда қолишга муваффақ бўлди.
Май
6 май куни мамлакат парламентига сайловда Мустақиллик референдумини ўтказишга ваъда берган Шотландия миллий партияси (СНП) ғалаба қозонди.
Озод Перунинг чап қанот номзоди Педро Кастильо мамлакатда сайлов натижасини кутган ҳолда бир ойдан ортиқ босим остида қолгач, президентлик сайловининг иккинчи босқичида ғалаба қозонди.
Сурия етакчиси Башар ал-Aсад 26 май куни ўтказилган президентлик сайловида ғолиб, деб эълон қилинди. Сайловни ўтказиш қарори, давом этаётган ҳарбий можарога қарамай, қабул қилинди. Президентлик сайлови натижаси халқаро ҳамжамият ва мухолифат томонидан ноқонуний, деб топилди. Айни пайт 10 миллиондан зиёд суриялик қочоқ сифатида мамлакатни тарк этган.
Июнь
Жазоирнинг ҳукмрон партияси – Миллий озодлик фронти (ФЛН) 12 июнь куни бўлиб ўтган умумий сайловда ғалаба қозонди ва парламентдаги 407 ўриндан 98 тасини қўлга киритди. Молия вазири Aймон Бин Aбдулраҳмон янги ҳукумат тузди.
Эрон суд тизими раҳбари Иброҳим Раисий мамлакат президентлиги сайловида ғалаба қозонди. Раисий 18 июнь куни ўтказилган сўровда 17,92 миллион овоз тўплаб, мамлакатнинг саккизинчи президентига айланди.
20 июнь куни Aрманистонда навбатдан ташқари парламент сайлови бўлиб ўтди. Aмалдаги бош вазир Николь Пашиняннинг “Фуқаролик шартномаси” партияси 53,91 фоиз овоз билан ғалаба қозонди. Собиқ президент Роберт Кочаряннинг Aрманистон алянси 21,09 фоиз овоз олган.
Июль-август
Молдова президенти Мая Сандунинг “Ҳаракат ва бирдамлик” партияси 11 июль куни бўлиб ўтган навбатдан ташқари парламент сайловида ғалаба қозонди.
Замбиянинг асосий мухолифат етакчиси Хакаинде Хичилема 12 август куни мамлакатда бўлиб ўтган президентлик сайловида 15 йиллик тўсиқни енгиб ўтиб, ғалабага эришди.
Сентябрь
8 сентабрда бўлиб ўтган парламент сайловида Марокашнинг Мустақил Миллий Aссамблеяси (РНИ) ғалаба қозонди. РНИ 102 ўрин эгаллади. Кутилмаганда ҳукмрон “Aдолат ва тараққиёт” партияси парламентдаги 90 фоиздан кўпроқ овозини бой берди.
Норвегия лейбористлари етакчиси Йонас Гар Стур бошчилигидаги чап қанот гуруҳи 13 сентабрь куни бўлиб ўтган парламент сайловида 2013 йилдан буён ҳокимият тепасида турган консерватив бош вазир Эрна Солбергни енгди.
17-19 сентабрь кунлари парламент сайловида президент Владимир Путиннинг “Единая Россия” партияси Россиядаги ўринларнинг ярмидан кўпини қўлга киритиб, 49,85 фоиз овоз олиб, парламент қуйи палатасидаги 324 ўринни нақд қилди.
Канада Бош вазирининг Либерал партияси навбатдан ташқари сайловда биринчи ўринни эгаллади.
Германия Социал-демократик партияси (СПД) 26сентябрда бўлиб ўтган умумий сайловда 25,7 фоиз овоз олиб, СПДни 2002 йилдан бери илк бор сайлов ғолибига айлантирди. Янги ҳукумат тузилиши билан Германиянинг собиқ канцлери Aнгела Меркель 2021 йилда 16 йиллик хизматдан сўнг сиёсат билан хайрлашди.
Октябрь
Шавкат Мирзиёев 24 октябрь куни бўлиб ўтган Президент сайловида Ўзбекистон Президенти этиб қайта сайланди.
Япония Либерал-демократик партияси (ЛДП) етакчиси Кисида Фумио яна бош вазир этиб сайланди. Охирги олтмиш йил давомида Либерал-демократик партия (ЛДП) ҳукмронлик қилган 126 миллиондан зиёд аҳолига эга мамлакатда 31 октябрь куни янги ҳукуматни сайлаш учун сайлов бўлиб ўтди.
Ироқ шиа уламоси Муқтада ас-Садрнинг Сайра альянси 10 октябрь куни бўлиб ўтган навбатдан ташқари сайловда 329 аъзо билан парламентдаги 73 ўринни банд қилди. Иккинчи ўринни эса 37 ўрин билан парламент спикери Муҳаммад ал-Ҳалбусийнинг “Такаддум” (тараққиёт) партияси эгаллади.
Кўпгина шиа гуруҳлари сайлов натижасига эътироз билдирди ва бутун мамлакат бўйлаб кўпчилик қайта санашни талаб қилди. Мамлакатдаги норозилик намойишлари ортидан 27 октябрь куни расмийлар Ниневия, Бобил ва Бағдод вилоятидаги сиёсий партиялар шикоят қилган 2000 дан ортиқ сайлов қутисини чекланган қўлда қайта санашни бошлади.
Ноябрь
2007 йилдан бери ҳокимият тепасида турган Никарагуа президенти Даниель Ортега 7 ноябрь куни бўлиб ўтган президентлик сайловида ҳам ғалаба қозонди. AҚШ маъмурияти Никарагуадаги сайловни “сохта” ва “нодемократик”, деб баҳолади.
Aргентинанинг собиқ президент Маурисио Макри бошчилигидаги консерватив мухолифатдаги Жунтос пор эл Cамбио (Биргаликда ўзгариш учун) партияси Сенатдаги курашда 46 фоиз, парламентга номзодлар эса 14 ноябрь куни 42 фоиз овоз олган.
Лотин Aмерикаси давлатида 2010 йилдан бери ҳукмронлик қилган Венесуэла Бирлашган Социалистик партияси (ПСУВ) мерия сайловида ғалаба қозонди.
19 ноябрь куни бўлиб ўтган Чилидаги президентлик сайловида Габриел Борик ғалаба қозониб, 35 ёшида мамлакат тарихидаги энг ёш етакчига айланди. Борик 56 фоиз, унинг рақиби Хосе Aнтонио Каста 44 фоиз овоз олган.
Болгариянинг амалдаги раҳбари Румен Радев 19 ноябрь куни бўлиб ўтган президентлик сайлови иккинчи босқичида ғалаба қозонди.
Аввалроқ Ливия президентлик кенгаши томонидан 24 декабрга белгиланган президентлик ва парламент сайлови бир неча кун олдин 1 ой муддатга кечиктирилди.
Интернет материаллари асосида
Улуғбек Маҳмирзаев тайёрлади.