Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
2021 йил Давлат бюджети маъқулланди, 2020 йил тўққиз ойидаги ижроси муҳокама қилинди
15:57 / 2020-12-18

Сенатнинг ўнинчи ялпи мажлисида “2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги, “Бюджет жараёни такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ҳамда “2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонунлар муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, “2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонун билан келгуси йил учун асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар ва консолидациялашган Давлат бюджети прогнозлари ҳамда 2022-2023 йиллар учун бюджет мўлжаллари белгиланмоқда.

Макроиқтисодий сиёсатнинг асосий йўналиш ва кўрсаткичлари келгуси йилда ҳам коронавирус пандемияси давом этиши тахминларидан келиб чиққан ҳолда шакллантирилган.

Бунда асосий эътибор макроиқтисодий барқарорликни сақлаб қолиш, фискал рағбатлантириш чораларини мўътадиллаштириш, иқтисодий ўсиш суръатларининг 5 фоиздан юқори бўлишини таъминлашга қаратилган.

Инфляция даражасининг пасайиш тенденцияси давом этиши ва келгуси йилда унинг 10 фоиз атрофида бўлиши прогноз қилинмоқда.

Қайд этилганлардан келиб чиқиб, 2021 йилда Консолидациялашган бюджет даромадлари 178,5 триллион сўмга ёки ялпи ички маҳсулотнинг

25,9 фоизи даражасида прогноз қилинган.

Давлат бюджети даромадлари 147,2 триллион сўм ёки ялпи ички маҳсулотнинг 21,3 фоиз миқдорида белгиланмоқда. Давлат мақсадли жамғармалари даромадлари 26,2 триллион сўм, харажатлари эса 40,8 триллион сўм миқдорида режалаштирилган.

Давлат мақсадли жамғармаларига республика бюджетидан 15,9 триллион сўм маблағ ажратиш ҳам белгиланган.

Бундан ташқари, “Бюджет жараёни такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун билан бюджет тизими ва бюджет жараёнини такомиллаштириш чоралари белгиланмоқда.

Ушбу чораларнинг Бюджет ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекслар ҳамда “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги ва “Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида”ги қонунларга тегишли ўзгартиш киритиш орқали амалга оширилиши назарда тутилган.

Шунингдек, мажлисда “2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонун қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун ҳам кўриб чиқилди.

2021 йилда солиқ сиёсатини такомиллаштириш, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар рақобатбардошлигини ошириш орқали солиқ йиғилувчанлигига эришиш Қонуннинг асосий мақсадидир.

Шунга кўра, “Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун ва Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига ўзгартиш киритилмоқда.

Солиқ кодекси нормаларининг тўғридан-тўғри амал қилишини таъминлаш мақсадида тегишли солиқ ставкаларини босқичма-босқич базавий ставкаларга етказишни назарда тутувчи ўзгартишлар ҳам киритилмоқда.

Сенат аъзолари томонидан мазкур қонунлар маъқулланди.

Ялпи мажлисда шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2020 йил тўққиз ойидаги ижроси бўйича Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг ҳисоботи эшитилди.

Қайд этилганидек, “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонуннинг ижроси белгиланган параметр доирасида жаҳон иқтисодиётида кечаётган мураккаб жараёнларни инобатга олган ҳолда ташкил этилган.

Бюджет ижросида коронавирус инфекциясига қарши курашиш юзасидан қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон ва қарорлари ҳамда Инқирозга қарши курашиш комиссиясининг қарорлари ижросига алоҳида эътибор қаратилган.

Макроиқтисодий барқарорлик ва иқтисодий ўсиш суръатларига эришиш мақсадида ҳисобот даврида ялпи ички маҳсулот ҳажми жорий нархларда 408,3 триллион сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 0,4 фоизга ўсган.

Давлат бюджети даромадлари 94,4 триллион сўмга бажарилиб, белгиланган прогноздан 2,9 фоизга кўп бўлган. Харажатлари эса 102,2 триллион сўмни ёки ЯИМ га нисбатан 25 фоизни ташкил этган.

Ҳисобот даврида ижтимоий харажатларни молиялаштириш учун жами 53,7 триллион сўм сарфланиб, бу умумий харажатларнинг 52,5 фоизини ташкил этган.

Шунингдек, сенаторлар ҳисобот даврида харажатлар режага нисбатан кам ижро қилинганлиги, хусусан, жорий харажатлар ва капитал қўйилмалар тўлиқ молиялаштирилмаганлиги каби ҳолатлар мавжудлигига эътибор қаратди.

Шу билан бирга, сенаторлар томонидан жойларда мактабгача таълим ташкилотлари, умумтаълим мактаблари ва соғлиқни сақлаш муассасаларини қуриш, мавжудларини мукаммал ва жорий таъмирлаш, уларни замонавий воситалар билан жиҳозлаш, қолаверса, ҳудудлардаги ички йўлларни қуриш ва таъмирлашга эътиборни ошириш зарурлиги таъкидланди.

Мажлисда Олий Мажлис Сенатининг Давлат бюджетининг 2020 йил тўққиз ойлигидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни тасдиқлаш юзасидан қарори қабул қилинди.