Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Қурилиш вазирлиги томонидан қурилиш соҳасини модернизациялаш, жадал ва инновацион ривожлантиришнинг 2020-2025 йилларга мўлжалланган стратегиясини амалга оширишга бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди.
Президентимизнинг жорий йил 27 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси қурилиш тармоғини модернизация қилиш, жадал ва инновацион ривожлантиришнинг 2021–2025 йилларга мўлжалланган стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони тизимда мавжуд муаммолар ечимига хизмат қилаётгани ва айниқса, соҳа ривожини белгилаб бергани билан аҳамиятли бўлмоқда.
Жумладан, мазкур ҳужжатга мувофиқ, 2025 йилга бориб “Бизнес юритиш” халқаро индексида қурилишга рухсатномалар олиш йўналиши бўйича Ўзбекистоннинг позицияси жорий 61,7 баллдан 78,2 баллгача яхшиланади. Ўзбекистон Республикасининг геологик, табиий-иқлим, сейсмологик ва бошқа хусусиятларини инобатга олган ҳолда 2025 йилга бориб миллий шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари камида 50 фоиз даражасида халқаро норма ва стандартлар билан уйғунлаштирилади. Шунингдек, ушбу даврда барча шаҳарлар ва шаҳар посёлкаларининг 25 фоизи бош режалар билан қамраб олинади.
Матбуот анжуманида таъкидланганидек, 2025 йилга бориб “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизими доирасида қўшимча 4 та электрон платформа яратилади. Шунингдек, улар идоралараро ахборот тизимлари ва маълумотлар базалари билан интеграция қилинади. Архитектура ва қурилиш соҳасидаги олий таълим муассасаларидан бири халқаро тан олинган ташкилотлар рейтингидаги Осиё мамлакатларининг энг яхши олий таълим муассасалари рўйхати (ТОП–1000) га киритилади. Қурилиш соҳасидаги муаммо ва камчиликларни бартараф этиш мақсадида қурилиш объектлари устидан жамоатчилик назорати кенгаяди. 2021 йил 1 январдан бошлаб аҳоли пунктларининг бош режалари жамоатчилик муҳокамаси натижаларини ҳисобга олган ҳолда тасдиқланади.
Шунингдек, фармонда эътибор қаратиш мумкин бўлган яна бир муҳим жихат – 2021 йил 1 мартдан бошлаб икки қаватдан юқори, баландлиги ер юзасидан 12 метрдан ёки умумий майдони 500 квадрат метрдан ортиқ бўлган бино ва иншоотлар, шу жумладан, якка тартибдаги уй-жойларни қуриш ҳамда реконструкция қилиш объектнинг лойиҳа ҳужжатлари мажбурий экспертизадан ўтказилган ҳамда объектнинг Қурилиш вазирлиги қошидаги қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекциялари томонидан давлат қурилиш назорати ўрнатилган ҳолда амалга оширилади.
– Ушбу тартиб, аввало, аҳоли саломатлиги, хавфсизлиги учун йўлга қўйилмоқда, – дейди Қурилиш вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Жамолиддин Қаландаров. – Бундай турдаги қурилиш учун мўлжалланмаган ер участкаларида кўп қаватли уйларни қуриш, лойиҳа ҳужжатларини экспертизадан ўтказмасдан мавжуд бино ва иншоотлар, шу жумладан, якка тартибдаги уй-жойларнинг қаватлари сонини кўпайтириш (устки қават қуриш) тақиқланади. Фармонда жамоатчилик назоратини кенгайтириш мақсадида 2021 йил 1 сентябргача фуқароларга қурилаётган объектлар тўғрисида мустақил равишда ахборот олиш, ноқонуний қурилишларни аниқлаш, қурилиш объектларида аниқланган қоидабузарликларни фото ёки видео кўринишида қайд этиш ва уларни қурилиш соҳасидаги назорат бўйича ваколатли органларга юбориш имконини берувчи “Огоҳ фуқаро” электрон тизими яратилиши белгиланди.
Кўп қаватли уйлар орасида хусусий тадбиркорлар томонидан шу турдаги уйлар қурилиши сони кўпайди. Бунинг назоратини қайси ташкилот амалга оширади?
Ушбу саволга Жамолиддин Қаландаров қуйидагича жавоб берди:
– Кўп қаватли уйлар қурилишидан олдин туман, шаҳар ҳокимларининг тегишли қарори қабул қилинган. Қарорда шаҳарсозлик нормалари бўйича, зилзилага бардошлилиги, табиий иқлим шароитига мос бўлишига оид лойиҳалар тайёрлансин ва лойиҳа экспертизадан ўтказилган ҳолда қурсин, деб белгиланган. Агар шу нормалар асосида қурилмаган бўлса, ўрнатилган тартибда бузилади.
Агар ўрнатилган талаблар асосида қурилган бўлса, давлат қабул қилиш комиссияси бор. Ўша комиссиянинг далолатномаси билан қабул қилинади. Ноқонуний қурилишлар бўйича Тошкент шаҳрида ўрганишлар олиб бордик. Жумладан, Яккасарой туманида тадбиркор 4-5 та участканинг жойини олиб, кўп қавватли турар жой қуриб юборган.
Ўрганишлар чоғида бу уйнинг қурилиши, сифати бўйича текшириш ишлари олиб бормаган. Бу ҳам етмагандай, бу ноқонуний қурилган уйларни фуқаролар билиб-билмай сотиб олган. Эртага фуқаро уйни сотаман деса, муаммо чиқади. Мана шу стратегияда шундай уйлар қурилишига чек қўйилган.
Шаҳноза МАМАТУРОПОВА, ЎзА