Бу ҳақда давлатимиз раҳбарининг шу йил 16 июнь куни қабул қилинган «Аҳолининг жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш тизимини жорий этишнинг ташкилий чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида белгилаб қўйилди.
Мазкур қарорга мувофиқ, 2021 йил 1 августдан бошлаб аҳолининг жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш тизими жорий этилади.
Ундан кўзланган асосий мақсад – аҳолининг барча қатламлари ўртасида жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш, жисмоний қобилият ва ҳаракат фаоллигини такомиллаштириш, зарарли одат ва турли касалликларнинг олдини олиш, соғлом турмуш тарзи кўникмаларини шакллантириш ва жисмоний тайёргарлик даражасини оширишдан иборат.
Шунингдек, унинг воситасида ёшларда ирода, ўз кучи ва имкониятларига ишонч каби фазилатлар мустаҳкамланади, уларда жасорат, ватанпарварлик ва садоқат хислатлари ривожланади, юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қила оладиган, жисмонан бақувват ва интеллектуал салоҳиятли Ватан мудофаасига муносиб захира кадрлар тайёрланади.
Республикамизнинг олис ҳудудларида жойлашган қишлоқ, овул ва маҳаллаларда соғломлаштириш ишлари янада ривожланади.
Аҳоли жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолашда халқаро стандартлар ва илғор хорижий тажриба татбиқ этилади. Баҳолаш тизими бўйича аҳолининг етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган қатлами ва ундан катталарнинг жисмоний тайёргарлиги аниқланади.
Спорт синовлари поғона ва мураккаблик даражасидан келиб чиқиб, 15 турда, яъни узоқ ва қисқа масофага югуриш ҳамда сузиш, турникда тортилиш, анжомларни улоқтириш ва бошқа машқлардан иборат бўлади.
Спорт синовлари иштирокчиларига 11 ёш тоифаси бўйича эгаллаган ўрни ва даражасига қараб спорт разряди ва унвонлари берилади ҳамда моддий рағбатлантирилади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА