Маълумки, 2015 йил сентябрда Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо 193 та давлат “Дунёмизни ўзгартирамиз: 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги кун тартиби” лойиҳасини қабул қилди. Жумладан, Ўзбекистон томонидан ҳам Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ) маъқулланди. Ўтган даврда юртимизда Барқарор ривожлантириш мақсадларига эришиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси томонидан Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг “2023 йил учун Давлат бюджети параметрларида барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад-вазифалар учун ажратилган маблағлар ҳамда уларнинг сарфланиши тўғрисида”ги ахбороти эшитилди.
— Мамлакатимизда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишга қаратилган қатор ишлар олиб борилмоқда, — деди қўмита раиси Ш.Назаров. — Тараққиёт йўлидаги ислоҳотларимиз, ривожланиш стратегиялари ва дастурлар ҳар жиҳатдан БРМга мувофиқ ишлаб чиқилиши зарур. Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг бизга тақдим этган маълумотларига кўра, 2021-2023 йилларда давлат бюджети харажатларининг 72 фоиздан ортиғи БРМга эришиш йўлида сарфланган. 2022 йилда давлат бюджети харажатларининг салкам чорак қисми фоизи, яъни молиялаштириш бўйича энг кўп улуш сифатли таълимни таъминлаш, таълим олиш имкониятини рағбатлантиришга сарфланган. Бу йўналишдаги саъй-ҳаракатларни янада жадаллаштириш муҳим масалалардан бири бўлмоғи лозим.
[gallery-13989]
Эшитувда қайд этилганидек, 2022 йилдаги харажатларнинг 12 фоизи соғлом турмуш тарзини таъминлаш ва барча ёшдаги кишиларнинг фаровонлигига кўмаклашишга, жами харажатларнинг 12,9 фоизи барча жойларда аҳолининг кам таъминланганлик даражасини пасайтиришга йўналтирилган. Бироқ, бу маблағлар БРМни молиялаштиришдаги мавжуд тақчилликни қоплаш учун етарли эмас.
Тадбирда 2017-2022 йилларда иқтисодиётни молиялаштиришда асосий манба давлат бюджети бўлиб келгани, мавжуд бюджет харажатлари самарадорлиги ва натижадорлигини ошириш, БРМни молиялаштиришдаги тақчилликни қоплаш учун давлат бюджетидан бошқа манбаларни ҳаракатга келтириш лозимлиги алоҳида қайд этилди. Таклиф-мулоҳазалар билдирилиб, келгусидаги вазифалар белгилаб олинди.
Муҳтарама Комилова,
Отабек Мирсоатов (сурат), ЎзА