Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
2020 йил дунё мамлакатларида бўладиган сайловлар
19:02 / 2020-01-21

Уларнинг диққатга сазоворларига тўхталиб, бўлажак сайлов жараёнларини таҳлил қиламиз.


2020 йилда дунёнинг кўплаб давлатларида турли сайловлар бўлиб ўтади. Уларнинг диққатга сазоворларига тўхталиб, бўлажак сайлов жараёнларини таҳлил қиламиз.


ПЕРУ

Сайлов тури: Парламент

Сана: 26 январь

Ўтган йилнинг октябрь ойида, Перуда президент Мартин Вискарра ва катта қисмини Фухимори партияси бошчилигидаги мухолифат ташкил қилувчи Конгресс ўртасида жиддий институционал инқироз бошланган эди. Инқироз бир неча ой давом этди ва мамлакатдаги қонунчилик тизимини фалаж аҳволга олиб келди.

Конституция механизми ёрдамида Виcкарра парламент қуйи палатасини тарқатиб юборди ва фавқулодда сайловлар ўтказиш қарорини имзолади.

Қуйи палата тарқатиб юборилиб, янги сайловлар белгиланганидан бир неча ҳафта ўтгач, мамлакат Конституциявий суди асосий мухолифат партияси “Fuerza Popular”нинг етакчиси Кейко Фухиморини қамоқдан озод этишга қарор қилди.

Собиқ президент Альберто Фухиморининг қизи бўлган Кейко, 2011 йилги сайлов кампаниясини ноқонуний равишда молиялаштиришда айбланиб 2018 йилдан бери қамоқда эди. Перудаги парламент сайловлари ҳал қилиши керак бўлган энг катта савол бу – сиёсий ечимга эришилган ҳолда парламент фалажликдан чиқадими ёки йўқми. Айни пайтдаги вазиятга баҳо бериб шуни айтиш мумкинки, бунинг эҳтимоли жуда кам.

Вискаррани Конгрессда қўллаб-қувватлайдиган партия йўқ ва бунинг ортидан овоз бериш натижаларида жуда катта бўлинишлар юз беради. Шундай экан, бу сайлов натижалари Перуда ижро этувчи ва қонун чиқарувчи ҳокимият ўртасидаги муносабатлар келажагини аниқлашга хизмат қилиши аниқ эмас.


ЭРОН

Сайлов тури: парламент ва Экспертлар ассамблеяси учун

Сана: 21 февраль

Декабрь ойи бошида Эрон Қонунчилик палатаси депутатлигига ўз номзодларини тақдим этиш муддати тугади. «Ислоҳотчилар» деб номланган баъзи сиёсатчилар эса рўйхатдан ўтишдан бош тортдилар. Бунга сабаб, оятуллоҳ Али Хоманаий назорат қиладиган Васийлик кенгаши томонидан, ислоҳотчиларнинг парламент номзодларига нисбатан вето қўйишига бўлган ишонч бўлди.

Эрон шаҳарларида Ноябрь ойининг ўрталарида бензин нархининг ошиши сабаб катта намойишлар бўлиб ўтди. Инсон ҳуқуқлари ташкилотларига кўра бу намойишлар қаттиқ бостирилди ва ҳатто юзлаб одамлар ўлди. Ҳукумат ҳозирча расмий рақамлар эълон қилмади.

Парванеҳ Салаҳшоури каби баъзи мўътадил сиёсатчилар томонидан чақирувларга қарамай, полиция шаффоф тергов очишни рад этди. Шу нуқтаи назардан, кутилаётган сайлов жараёнларида қонунийлик йўқ деб қарайдиган аҳоли кўпайиб бормоқда.

Бундан ташқари, агар ҳукумат генерал Қосим Сулаймоний ўлдирилиши ва бунинг ортидан АҚШ билан келиб чиққан низолар орқали миллий кайфиятни уйғотишга муваффақ бўлса, бу Али Хоманаийнинг энг реакцион қанотига фойда келтириши мумкин. Аммо энг сўнги хабарлардан билиб турибмизки, Эронда миллий кайфият ўрнига яна кўча намойишлари авж олмоқда.


ИСРОИЛ

Сайлов тури: Қонунчилик палатаси

Сана: март

Апрель ва сентябрда Исроилда бўлиб ўтган сайловлар ҳукуматни шакллантиришга қодир бўлган кўпчиликни ташкил қилишга хизмат қилмади. Иккита йирик партия – Нетаняҳу бошчилигидаги “Ликуд” ва генерал Бенни Ганц бошчилигидаги “Кўк-оқ коалиция” келиша олмади ва яна бир йилдан кам бўлган муддатда қайта сайловлар бўлиб ўтадиган бўлди.

Декабрь ойи охирида, Бош прокурор томонидан уч марта коррупцияда айбланганига қарамай, Ликуд партияси ўз лидери сифатида кўпчилик овоз билан яна Нетаняхуни қайта сайлади.

Нетаняху кейинги сайлов кампанияси даврида ўзини Олий суд олдида ҳимоя қилиши керак. Нетаняхуга қарши бу жараёнларга қарамай, воқеалар ривожини олдиндан айтиш мумкинки, амалдаги бош вазирни қаттиқ жазоламаса керак.

Агар келгуси ойларда кутилмаган ҳолатлар юз бермаса, Бенни Ганц ва унинг марказлашган сўлчилар коалицияси, ўзларининг овозларини сезиларли даражада ошира олмайдилар ва парламент блокланган бўлиб қолаверади.

Иккала тузилма ҳам сентябрь ойидаги сайловлардан кейин, Миллий бирлик ҳукумати тўғрисида келишувга эришишга ҳаракат қилишди, бироқ бош вазир Нетаняху бўлиши кераклиги ва ҳукуматга ультра-ортодоксал партияларнинг қўшилиши (Нетаняху томонидан қўллаб-қувватланган) каби мавзулардаги қарама қаршиликлар сабабли бу юз бермади.


БОЛИВИЯ

Сайлов тури: умумий (президентлик ва қонунчилик)

Сана: май

Ўтган йилнинг ноябрь ойи охирида Боливияда фавқулодда қонун қабул қилинди, бу эса навбатдаги президент ва қонунчилик сайловларини чақириш муддатларини тезлаштиради. Давлат тўнтаришидан кейин мамлакатни тарк этган собиқ президент Эво Моралеснинг партияси ҳам ушбу қонунни қўллаб-қувватлади. Ниҳоят, сайловлар май ойида бўлиб ўтадиган бўлди.

Яқинда Моралеснинг Мексикадан Аргентинага кўчиши, унга Боливияга яқинроқ бўлиб, ўзининг “Социализм учун ҳаракат” партиясидан кўрсатиладиган номзодлар рўйхатини ва партия стратегиясини назорат қилиш имконини беради. Аммо унинг партияси ичида номзодлар бўйича келишмовчиликлар мавжуд.

Моралеснинг ўзи номзод бўла олмаслигидан ташқари, собиқ вице-президент Алваро Гарсия Линера ҳам Аргентинада эканлигини эслаш керак. Баъзи номзодлар эса аллақачон бошқа партиялардан президентлик сайловларида қатнашишмоқда.

Сайловларда яна бир собиқ президент Карлос Месадан ташқари, иккита протестант руҳонийларининг номзодлари кўрсатилган. Улардан бири - Моралесга қарши намойиш етакчиси Луис Фернандо Камачо бўлса, иккинчиси мамлакат черковлардан бирининг раҳбари Чи Хен Чунг. У ўзининг консерватив ғоялари учун «Боливия Болсонароси» номига сазовор бўлган.

Боливияда (Лотин Америкасининг бошқа давлатларида ҳам) Протестант дини янги сиёсий ўйинчи сифатида шу кунларда муҳим аҳамият касб этмоқда.


ГОНКОНГ

Сайлов тури: Қонунчилик палатаси

Сана: сентябрь

Ўтган йил ноябрь ойида Гонконгда бўлиб ўтган маҳаллий сайловларда, деярли 90% округларда демократия тарафдорлари ғалаба қозонишди. Пекиннинг таъкидлашича, ушбу натижа – унинг иттифоқчиси, собиқ Британия мустамлакаси бош ижрочи директори Керри Лам маъмуриятига савол туғдиришини, Гонконг эса намойишчиларнинг зўравон фаолияти таъсирига тушиб қолганини англатади.

Олти ой давомида Хитойнинг ушбу автоном вилояти, тинч намойишларни ҳам зўравон намойишларни ҳам бошдан кечирди. Аммо ҳозирги кунгача Гонконгни тинчлантириш учун чоралар кўрилмади.

Маҳаллий сайловлардаги натижаларнинг сустлиги ҳозирча Пекиннинг Ламни қўллаб-қувватламасликка олиб келмади. Лам хонимнинг Хитой пойтахтига сўнгги ташрифидан бир неча кун олдин, шахсан Си Цзинпиннинг ўзи уни қўллаб-қувватлашини ва Ламнинг ушбу нотинч пайтларда кўрсатган жасоратини олқишлашини яна бир бор такрорлади

Энди кейинги ойлар давомида уни қўллаб-қувватлашадими ёки йўқми деган саволга жавоб топишимиз керак. Агар бўлажак сайловларда қонунчилик палатасида демократлар ва Хитой аралашувига қаршилар кўпроқ мандатни эгаллаб олишса, Пекин билан муносабатлар янада таранг ҳолда қолиши мумкин.


ГРУЗИЯ

Сайлов тури: Парламент

Сана: октябргача

Июнь ва Июль ойларида минглаб намойишчилар сайлов қонунчилигига ўзгартириш киритилишини талаб қилиш учун Тбилиси кўчаларига чиқишди. Улар парламентдаги жойларнинг деярли ярмини олиб ташлашга сабаб бўладиган пропорционал сайлов тизимни хоҳлашмоқда.

Ҳукумат ушбу даъвони қабул қилиб, август ойида қонун лойиҳасини тақдим этди. Бироқ, 14 ноябрь куни ҳукмрон партиянинг депутатлари сайлов ислоҳотлари бўйича берган ваъдасини бузган ҳолда янги қонунга қарши овоз беришди. Бу эса мухолифатни яна янги намойишлар ўтказишга ундади.

Сайловлардаги ислоҳотга рухсат берган бош вазир Мамука Бахтадзе, сентябрь ойида истеъфога чиқишини эълон қилди ва унинг ўрнига, ички ишлар вазири бўлган пайтда антироссия намойишларини бостирган Георгий Гахария Бош вазир бўлди.

Ижроия ва мухолифат ўртасида сайловларни ислоҳ қилиш бўйича позицияларни белгилаш бўйича музокаралар муваффақиятсиз якунланганидан сўнг, декабрь ойи бошларида яна норозилик намойишлари бўлиб ўтди, ҳукумат тарафдорлари ва мухолифат намойишчилари ўртасида тўқнашувлар юз берди.

Европа Иттифоқи ва АҚШ Грузия ҳукуматининг сўнгги сиёсий қарорларини танқид қилди. Ушбу сайлов атрофидаги вазият ва хусусан сайловнинг ўзи Грузиянинг мажоритар сайлов тизимидан воз кечиш кечмаслигига ойдинлик киритиб берса ажаб эмас.


АМЕРИКА ҚЎШМА ШТАТЛАРИ

Сайлов тури: президент, вакиллар палатаси ва Сенатнинг қисман янгиланиши

Сана: 3 ноябрь

19 декабрь куни, Вакиллар палатаси Президенти Доналд Трампга қарши импичментни тасдиқлади. Конгресснинг Демократик кўпчилиги, сиёсий жавобгарликнинг ушбу механизмини фаоллаштиришга рухсат берди. Сенат эса республикачилар қўлида, у охирги сўзга эга ва Президентга қарши импичментни қўллаб-қувватлаши даргумон.

Трампни ҳокимятни суиистеъмол қилишда айблаш – демократларнинг унга қарши сайлов кампаниясининг асосий масалалардан бирига айланди. Демократик партиядан номзодлар – асосан Жо Байден, Элизабет Уоррен ва Берни Сандерс бир неча ойлар давомида ўзларини партиянинг биринчи планида кўрсатишга ҳаракат қилишмоқда. Майкл Блумберг охирги қўшилганлардан.

Ҳозирча, Жо Байден номзод бўлишга яқин турибди, аммо Трамп сингари миллиардер ва Нью-Йоркнинг собиқ мери Майкл Блумбергнинг сайлов пойгасига қўшилиши – Демократик сафларда мусобақани қайтадан ташкил қилиши мумкин.

Ҳозирги вақтда кўплаб сўровлар Трампга қарши асосий Демократик номзодларга ғолибликни тақдим этмоқда, аммо бу тенденция 2016 йил давомида ҳам содир бўлган эди.

Ушбу президентлик сайловларида асосий номзодларнинг барчаси 70 ёшдан катта эканлиги ҳам эътиборга молик жиҳатлардан биридир.


ВЕНЕСУЭЛА

Сайлов тури: Парламент

Сана: 6 декабрь

Венесуэлада 5 январь куни Хуан Гуайдонинг парламент раиси вазифасига қайта сайланиши амалга ошмади. Бунга сабаб, полиция кучлари номзоднинг ўзини ҳам бошқа оппозициядаги конгрессменларни ҳам Парламентга киришини тўсиб қўйганлиги бўлди.

Европа Иттифоқи, Америка Қўшма Штатлари ва Америка давлатлари ташкилоти Гуайдони парламентнинг қонуний раиси сифатида тан олишда давом этишларини аллақачон тасдиқлашган.

Айни пайтда мамлакатда Палатанинг икки раиси бор. Сўнгги ойларда Гуайдо, 2020 йил давомида имкон қадар кўпроқ сиёсий гуруҳлар билан келишув ва бирдамликка асосланган ҳолда мухолифат бошида туриб, сиёсий кун тартибни амалга ошириш ниятида эканлигини эълон қилди.

Ўз навбатида, Николас Мадуро ҳукумати сайлов сиёсатини белгилаш учун турли сиёсатчилар, жумладан Гуайдо билан ҳам музокаралар олиб борди.

Шунингдек, ҳукмрон партия халқаро кузатувчиларни қабул қилишга тайёр, аммо Америка давлатлари ташкилоти кузатувчиларини Боливиядаги тўнтаришда иштирок этганликда айблаб аккредитация қилишдан бош тортган.

Бундан ташқари, келгуси ойларда номзодларнинг аккредитацияси ва Миллий сайлов кенгашининг янгиланиши туфайли ҳукумат ва мухолифат ўртасидаги зиддиятлар қайта тикланиши мумкин.

Мухолифатнинг вазифаси - 2015 йилги парламентдаги ғалабасини кенгайтириш ҳисобланади. Президент Мадуронинг ҳозирги ваколати эса 2025 йилда тугайди.