Бугунги кунда гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп моддалар ёхуд кучли таъсир қилувчи дори воситаларини истеъмол қилувчилар кўпайиб бораётгани сир эмас. Бу иллат, айниқса, ёшлар ўртасида ҳам тарқалаётгани ачинарли ҳолат. Ҳатто умумтаълим мактаблари атрофида кучли таъсир қилувчи дори воситалирини, электрон сигаретларни сотаётганлар борлиги аниқланмоқда. Бу каби жирканч ҳолатларнинг олдини олиш, ёшларни бу турдаги воситалар истеъмолидан эҳтиёт қилиш муҳим аҳамият касб этмоқда.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси томонидан ўтказилган “Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар, кучли таъсир қилувчи препаратларнинг ноқонуний савдоси (мактаб ўқувчилари орасида оммалашаётган)нинг олдини олиш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар ва уларнинг самарадорлиги” мавзусидаги эшитувда шу ҳақда сўз борди. Унда Ички ишлар, Соғлиқни сақлаш, Мактабгача ва мактаб таълими вазирликлари, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитасининг ахборотлари эшитилди.

Эшитувни кириш сўзи билан очган фракция раҳбари З.Ибрагимова гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар, кучли таъсир қилувчи препаратларнинг ноқонуний савдоси кўпаяётгани аҳоли, айниқса, ёшлар саломатлигига, келажагига салбий таъсир кўрсатишини таъкидлаб, бу борада барча ташкилотлар, кенг жамоатчилик биргаликда кураш олиб бориши лозимлигини қайд этди.
— “Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида”ги қонун гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг муомалада бўлишига оид ижтимоий муносабатларни тартибга солиб келмоқда, — деди эшитувда маъруза қилган фракция аъзоси Таваккал Чориев. — 2017 йилга қадар мазкур қонунга 5 марта ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган. Мазкур қонунда белгиланганидек, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларга бўлган эҳтиёжлар Вазирлар Маҳкамаси томонидан жорий этилган тартибда амалга оширилади. Шунингдек, улардан тиббий мақсадларда врачнинг ташхиси ва рецепти билан фойдаланилади.

Аммо бугунги кунда айрим дорихоналарда халқаро патентланмаган залеплон, прегабалин, тропикамид, циклопентолат, сиклодол, регапен, зардекс, селофен залеплон, лирика каби кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний муомаласи йўлга қўйилган. Ушбу кучли таъсир қилувчи восита ҳамда психоактив моддалар ва гиёҳвандлик (наркотик) воситаларининг ёшлар томонидан истеъмол қилиниши ҳолатлари кўпайган. Айниқса, Тошкент шаҳри, Тошкент вилояти, Фарғона, Наманган, Андижон, Самарқанд, Сурхондарё, Сирдарё вилоятларида ўқувчилар бу турдаги воситаларни истеъмол қилаётгани аниқланмоқда.
Бу борадаги рақамларга тўхталадиган бўлсак, 2020-2022 йилларда 33 нафар умумтаълим мактаб ўқувчилари психоактив моддалар ва наркотик воситаларни истеъмол қилгани аниқланган. Шу даврда 15-17 ёшдаги 4 нафар, 18-29 ёшдаги 489 нафар ёшлар гиёҳвандликка чалинган. Қолаверса, 15-17 ёшдаги 5 нафар ва 18-29 ёшдаги 147 нафар ёшлар гиёҳвандлик моддаларини истеъмол қилган, — деди маърузачи.

Эшитувда масъул вазирлик ва ташкилотлар вакиллари ҳам ушбу йўналишда олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумотлар берди. Хусусан, Ички ишлар вазирлиги вакили майор Н.Абдурасулов ўз ахборотида қайд этганидек, 2020-2022 йиллар давомида психоактив моддалар билан боғлиқ 20 минг 857 та ноқонуний ҳолат аниқланган.
Бу каби ҳолатларга қарши курашиш мақсадида ҳар йили профилактик тадбирлар ўтказиб келинади. Жумладан, февраль ойида республика миқёсида “Ёшлар орасида гиёҳванд воситаларнинг тарқалишига қарши кураш” шиори остида, ноябрь ойида эса “Таркибида гиёҳванд воситалар, психотроп моддалар бўлган, шунингдек, кучли таъсир қилувчи препаратларнинг ноқонуний муомаласига қарши курашиш” тезкор-профилактик тадбирлари ўтказиб келинмоқда.

Эшитувда божхона органлари томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳам маълумотлар тақдим этилди. Қайд этилганидек, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва кучли таъсир қидувчи дори воситалари асосан Афғонистон, Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон давлатлари билан чегара ҳудудларидан юртимизга кириб келмоқда.
Бу ҳолатларни бартараф этиш, психоактив воситаларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйиш ҳамда уларнинг олдини олиш борасида доимий кураш олиб борилмоқда. Чегара постлари жуда қиммат бўлишига қарамай, “Боди сканер”лар билан таъминланган. Шунингдек, кинология маркази ходимлари ва хизмат итлари томонидан ҳам кўплаб ноқонуний ҳолатлар аниқланиб, олди олинаётгани эътироф этилди.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги вакили ҳам сўзга чиқиб, вазирлик томонидан “Умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида гиёҳвандликка қарши профилактик тадбирлар” ва “Психоактив моддаларга қарамликнинг олдини олиш” номли ўқув-услубий қўлланмалар тайёрланиб, таълим бериш жараёнида фойдаланилаётганини таъкидлади.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА