2020/2021 ўқув йили учун коллежлар ва техникумларга қабул жараёни ҳали бошланмади
Юртимизда янги профессионал таълим тизимининг стратегияси, асосий устувор вазифалари белгилаб берилди.
Юртимизда янги профессионал таълим тизимининг стратегияси, асосий устувор вазифалари белгилаб берилди. Профессионал таълим муассасаларида таҳсил оладиган ҳар бир ёш ҳаётда ўз ўрнини топиши, аввало, ўзи даромад қилиши, шу орқали мамлакатнинг ялпи ички маҳсулотига улуш қўша билиши, иқтисодий юксалишга хизмат қилиши, пировард натижада жамият ривожланишига муносиб ҳисса қўшиши лозим.
Шу вазифаларни амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 6 сентябрда “Профессионал таълим тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони қабул қилинган эди.
Фармонга мувофиқ, Ўзбекистонда шаклан ва мазмунан мутлақо янги, узлуксиз профессионал таълим тизими барпо этилиши, мақсад ва вазифаларидан келиб чиқиб 3 тоифадаги таълим муассасалари фаолият кўрсатиши белгиланди.
Шундай қилиб, 2020/2021 ўқув йилида профессионал таълим тизимида республика бўйича жами 726 таълим муассасаси, яъни 339 касб-ҳунар мактаби, 211 коллеж ва 176 техникум фаолият кўрсатиши белгиланган.
Ушбу 3 тоифадаги профессионал таълим муассасаларида халқаро стандартларга мувофиқлаштирилган таълим дастурлари асосида оилавий бизнес, томорқа бизнеси, қурилиш, хизмат кўрсатиш, чорвачилик, паррандачилик, асаларичилик, балиқчилик каби иқтисодиётимизда муҳим ўрин эгаллаган 200 дан ортиқ ишчи касблар бўйича кадрлар тайёрланиши белгиланган.
КАСБ-ҲУНАР МАКТАБЛАРИДА таълимнинг халқаро стандарт таснифлагичининг 3-даражасига мос келувчи икки йиллик таълим дастурлари асосида 9-синф битирувчилари бошланғич профессионал таълим олади.
Камбағалликка қарши кураш доирасида, энг аввало, кам таъминланган оилалар фарзандларида тадбиркорликка, бизнесга, пировард натижада даромад олишга йўналтирувчи билим, малака ва кўникмалар шакллантирилади.
КОЛЛЕЖЛАРДА таълимнинг халқаро стандарт таснифлагичининг 4-даражасига мос келувчи, касбларнинг мураккаблик даражасидан келиб чиқиб, икки йилгача бўлган муддатлар ўқитишга мўлжалланган таълим дастурлари асосида аниқ иш ўринларига йўналтирилган ўрта бўғин мутахассислари тайёрланади.
Вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар тасарруфида фаолият кўрсатадиган ва шу соҳадаги инвестиция лойиҳалари ҳисобига ташкил этилаётган аниқ иш ўрни учун мутахассислар тайёрлайдиган ушбу коллежларга мактабларнинг 11-синф битирувчилари қабул қилинади.
Коллежларда Германия тажрибасида яхши самара берган “дуал” таълим принциплари жорий этилади: ўқувчилар ҳафтанинг 3 кунида коллежда назарий билим олади, уч кунида корхонанинг ўзида бириктирилган уста, мастер раҳбарлигида тўғридан-тўғри келажакда ишлайдиган иш ўрнида амалиёт ўтайди.
ТЕХНИКУМЛАРДА таълимнинг халқаро стандарт таснифлагичининг 5-даражасига мос келувчи, бакалавриат таълим йўналишлари билан интеграциялашган, кундузги, кечки ва сиртқи таълим шаклларида камида икки йил муддатга мўлжалланган таълим дастурлари асосида 11-синфни тугатган ёшлар ўқитилади.
Икки йиллик таҳсилдан сўнг битирувчилар олий таълим муассасасида ўқиган касби бўйича суҳбат асосида ўқишга қабул қилиниши мумкин. Бу тизим олий маълумот олиш ниятида бўлган кўп сонли мактаб битирувчиларини олий таълим билан қамраб олиш даражасини 2020 йилда камида 25 фоизга ва келгусида 50-60 фоизга етказиш учун хизмат қилади.
Профессионал таълимнинг янги, узлуксиз формати малакали ўрта бўғин мутахассисларини тайёрлаш баробарида жамиятимиз учун энг муҳим ҳисобланган инсон ресурсларини ривожлантириш учун ҳам хизмат қилади. Профессионал таълим тизими ўқитиш шакли дунёдаги энг тараққий этган давлатларнинг муваффақият қозонган таълим дастурлари асосида ташкил этилиши ражалаштирилган.
Жорий йилдаги 2020/2021 йил бакалавр босқичи ва касб-ҳунар мактабларига қабул жараёнлари 20 июль куни якунига етказилиши белгиланган эди. Аммо бу ўқув йилидан ўқишлар бошланиши керак бўлган коллежлар ва техникумлар учун қачон, қай тартибда қабул бўлиши маълум эмас. Бунга бугунги пандемия шароити таъсир қилаётган бўлиши ҳам мумкин.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳам бу борадаги саволлар ва коллежлар, техникумлар учун амалга оширилиши керак бўлган қабул жараёнлари ҳақида тўлиқ маълумот бермаяпти.