Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
2019 йилги сайловда қайси партия нечанчи ўринни эгаллаган эди?
18:17 / 2024-09-13

Бу йил бўлиб ўтадиган парламент ва маҳаллий Кенгаш депутатлари сайловига тайёргарлик ишлари тобора қизғин паллага кириб бормоқда. Ҳар бир сиёсий партия мазкур жараёнда муносиб иштирок этиш ва вакиллик органларидан кўпроқ ўрин эгаллаш мақсадида қонунчиликда белгиланган тартибда ҳаракат қилиб, фаолият олиб бормоқда.

Зеро, сайлов сиёсий партиялар учун энг муҳим палла, синов давридир. Уларнинг ушбу сиёсий тадбирдаги иштироки ва ўрни партияларнинг ўз дастурий мақсад-вазифаларини қанчалик даражада амалга ошира олишини белгилаб беради, уларга янги имкониятларни тақдим этади. Шундай экан, ҳар бир партия сайловга катта тайёргарлик ҳамда халқчил ғоя ва ташаббуслар билан кириб боришга интилади.

Шу ўринда мамлакатимиздаги мавжуд 5 та сиёсий партиянинг ўтган галги сайловдаги натижаларини таҳлил қилсак. 2019 йилги сайловда партиялардан парламент қуйи палатасига ҳамда маҳаллий Кенгашларга нечтадан вакил сайланди ва нечанчи ўринга сазовор бўлди?

2019 йилги сайловда овоз бериш натижаларига кўра, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига 53 нафар депутат сайланиб, энг юқори ўрин эгалланди. Маҳаллий Кенгашларга эса партиядан жами 2 минг 243 нафар вакиллар депутат этиб сайланган эди.

Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партиясидан 2019 йилги сайлов якунларига кўра, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига 36 нафар, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига 147 нафар, халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларига 1 минг 119 нафар – жами 1 минг 266 нафар депутатлар сайланган. Шу тариқа ЎзМТДП парламент қуйи палатасида 2-ўринни, маҳаллий Кенгашларда 3-ўринни эгаллади.

«Адолат» социал-демократик партиясидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига 24 нафар вакил сайланиб, 3-ўринга сазовор бўлинди. Маҳаллий Кенгашларга эса 846 нафар «Адолат»чилар сайланиб, 4-ўрин забт этилди.

Халқ демократик партиясидан 2019 йилги сайловда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига 22 нафар вакил сайланган. Халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига 202 нафар, туман ва шаҳар Кенгашларига эса 1 минг 384 нафар — жами 1 минг 586 нафар вакил сайланди.

Ўзбекистон Экологик партиясидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига 15 нафар депутат сайланган бўлса, маҳаллий Кенгашларга 609 нафар вакиллар депутатликка муносиб кўрилди.

Шу тариқа 2019 йилги сайлов натижаларига кўра, сиёсий партияларнинг парламентдаги ва маҳаллий Кенгашлардаги ўринлари қуйидаги кетма-кетликда жой олди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида:

1. Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан – 53 нафар депутат;

2. «Миллий тикланиш» демократик партиясидан – 36 нафар депутат;

3. «Адолат» социал демократик партиясидан – 24 нафар депутат;

4. Халқ демократик партиясидан – 22 нафар депутат;

5. Ўзбекистон Экологик партиясидан – 15 нафар депутат.

Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларида:

1. Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан – 2 минг 243 нафар депутат;

2. Халқ демократик партиясидан – 1 минг 586 нафар депутат;

3. «Миллий тикланиш» демократик партиясидан – 1 минг 266 нафар депутат;

4. «Адолат» социал демократик партиясидан – 846 нафар депутат;

5. Ўзбекистон Экологик партиясидан – 609 нафар депутат.

Ушбу натижалар қўлга киритилганидан сўнг орадан қарийб беш йил муддат ўтмоқда. Партиялар ва уларнинг депутатлик корпуслари ўтган вақт давомида бир қатор ташаббусларни, саъй-ҳаракатларни амалга оширди, албатта. Партияларнинг дастурий мақсад-вазифалари ижросини таъминлаш доирасида муайян ишлар қилинди. Мамлакатимиздаги бешала сиёсий кучнинг бу муддат мобайнидаги амалий фаолияти, ташаббуслари, аҳоли ичига қанчалик кириб боргани ва сайловчилар ишончини қай даражада оқлагани жорий йилда бўлиб ўтадиган сайловда ўз сўзини айтади.

Муҳтарама Комилова, ЎзА