Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
2019 йилдан Фарғонада ипак қуртидан йилига тўрт маротаба ҳосил олиш амалиёти жорий этилди
18:02 / 2019-11-28

Мамлакатимизда пиллачилик тармоғини ривожлантириш, пилла етиштириш ва уни қайта ишлаш жараёнига замонавий ва инновацион технологияларни жорий этиш, ипак маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва уларни экспорт қилиш ҳажмларини ошириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.


Мамлакатимизда пиллачилик тармоғини ривожлантириш, пилла етиштириш ва уни қайта ишлаш жараёнига замонавий ва инновацион технологияларни жорий этиш, ипак маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва уларни экспорт қилиш ҳажмларини ошириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 4 декабрдаги “Республикада пиллачилик тармоғини жадал ривожлантиришни қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори соҳа ривожида катта имкониятларни яратди.

Фарғона вилояти азал-азалдан пилла етиштириш сир-асрорларини пухта ўрганган миришкорлар юрти ҳисобланади. Шу билан бирга вилоят ўзининг ижтимоий-иқтисодий салоҳияти, аҳоли сони, ободлиги ва фаровонлиги билан бошқа ҳудудлардан ажралиб туради. Пиллачиликда ҳам ўзига хос тажриба мактабига эга бўлган фарғоналиклар пиллани илмий ва амалий тажрибалар асосида қайта ишлаш усулини ҳам яхши ўзлаштирган. Буни республикамизда илк бор ипакчилик саноатига асос солган Марғилон шаҳри мисолида ҳам кўриш мумкин.

Албатта, бугунги кунда пиллани чуқур қайта ишлашни ташкил этиш орқали ипакли тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш ва сифатини яхшилаш, харидоргир турлари ва дизайнини такомиллаштириш, тайёр маҳсулот билан жаҳон бозорига чиқиш ва экспорт имкониятларини кенгайтириш долзарб масалалар сирасига киради. Боиси, аҳолининг турмуш тарзи ўзгариб бориши натижасида маҳсулот сифати, дизайни ва эстетик хусусиятларига бўлган талаби ҳам ошиб боради.

Фарғона вилояти “Агропилла” масъулияти чекланган жамияти тизимида 15 та туман “Агропилла” ва 2 та шаҳар “Агропилла” масъулияти чекланган жамияти, 2 та уруғчилик корхонаси, тутчилик хўжаликлари фаолият олиб боради. Шунингдек, маҳсулотни қайта ишлашга ихтисослашган замонавий кластер корхоналари – “Водил ипак йигирув” ишлаб чиқариш корхонаси, “Водий маржони” кўп тармоқли ишлаб чиқариш фирмаси ҳамда “Нурли тонг силк”, “Силк ВаЦ” ва “Ёдгорлик” масъулияти чекланган жамиятлари бугунги кун талаблари асосида фаолият кўрсатмоқда.

2017 йили Фарғона вилоятида 842,6 тонна, 2018 йили 1650 тонна пилла хом ашёси етиштирилди. Кейинги уч йил мобайнида вилоятдаги мавжуд тутзорлар фермер хўжаликлари томонидан туман захирасига қайтарилиб, туман ва вилоят ҳокими қарорларига мувофиқ ҳудудий “Агропилла” масъулияти чекланган жамиятларига ажратилди ҳамда пиллани қайта ишловчи корхоналарга фойдаланиш учун ижарага берилди. Шу тариқа вилоятдаги мавжуд тутзорлар, қуртхоналар вилоят “Агропилла” тасарруфига ўтказилди.

Жорий йил вилоятда 20 миллион тут кўчати экиш режалаштирилиб, баҳорги мавсумда 16 миллион 100 мингдан зиёд тут кўчати экилишига эришилди. Шунингдек, 252 гектардан ортиқ янги тутзорлар барпо этилди.

– Ўтган давр мобайнида ўзаро шартнома асосида вилоятнинг бешта – Олтиариқ, Фарғона, Бағдод, Бувайда ва Қува туманларидан 700 тонна пилла хом ашёси қабул қилиб олинди, – дейди “Водил ипак йигирув” корхонаси директори ўринбосари, “Шуҳрат” медали соҳиби Умиджон Муҳамадиев. – Айни пайтда корхонамизнинг 154 нафар ишчи-мутахассиси томонидан пилла хом ашёсини қайта ишлаб, хом ипак, ипак момиғи каби ярим тайёр маҳсулотлар олиш ишлари давом этмоқда. Шунингдек, касаначилик асосида атлас, адрас ҳамда гилам тўқиш фаолияти ҳам ташкил этилган.

Ўтган йили корхона томонидан 2,5 миллион долларлик экспорт фаолияти амалга оширилган бўлса, жорий йил якуни бўйича экспорт кўрсаткичини 3 миллион 300 минг долларга етказиш режалаштирилган. Корхона жамоаси ўз маҳсулотларини Хитой, Вьетнам, Ҳиндистон ва Тожикистонга экспорт қилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, ушбу соҳада катта ҳаётий ва илмий тажрибага эга Умиджон Муҳамадиев таъсисчи бўлган “Фарғона тут ипак қурти уруғчилик” масъулияти чекланган жамияти самарали фаолият юритмоқда. Бу борада Хитой тажрибаси ўрганилиб, вилоят иқлим шароитига мос тут кўчатлари экиляпти. Ана шу мақсадда Фарғона туманида 49 гектар ерда ёрдамчи хўжалик фаолияти ташкил этилган бўлиб, маҳаллий тут кўчатлари ва Хитойдан келтирилган янги навлар парваришланмоқда. Ёрдамчи хўжалик тасарруфидаги 3 гектар ерда инновацион усулда тут уруғи етиштириляпти. 2018 йили вилоятимиздаги тутчиликка ихтисослашган фермер ва деҳқон хўжаликларига шу ерда етиштирилган 4,5 миллион дона тут кўчати етказиб берилди. Белгиланган режага кўра, яқин йилларда вилоятимизда илмий ва инновацион ғоялар асосида янги тутзорлар барпо этилади.

“Фарғона тут ипак қурти уруғчилик” масъулияти чекланган жамияти хитойлик соҳа мутахассислари билан ҳамкорликда сифатли ипак қурти уруғини етиштириш ишларини ҳам ташкил этган. Шу тариқа яқин истиқболда катта валюта эвазига хориждан импорт қилинаётган ипак қурти уруғини ўзимизда етиштириш ҳамда валюта маблағларини тежаш имконияти яратилади. Айни жараёндаги ишлар кўламини илм-фан ютуқлари ва инновацион ғоялар асосида ривожлантириш мақсадида корхона мутахассислари бир неча маротаба Хитойда тажриба ўрганиб келишди.

“Нурли тонг силк” масъулияти чекланган жамияти пиллачилик кластери раҳбари Мақсуджон Қосимов эса хориж тажрибасини ўрганиб, Фарғона водийси табиати учун табиий иқлим шароити энг қулай бўлган Хитойдан 9 миллион дона серҳосил тут кўчатини олиб келиб эктирди. Ҳозирги кунда тут кўчатлари баравж ривожланмоқда.

2019 йилдан бошлаб вилоятда ипак қуртидан йилига тўрт маротаба сифатли ҳосил йиғиштириб олиш амалиёти жорий этилди. Шу сабабли жорий йилги биринчи мавсумда вилоят хирмонига 1486 тонна, иккинчи мавсумда 1836 тонна пилла хом ашёси топширилиб, белгиланган режа 104,9 фоизга бажарилди.

Вилоятда пилла етиштиришни кўпайтириш, ҳудудлардаги пиллани қайта ишлаш корхоналарининг ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш даражасини ошириш, экспорт ҳажмини юксалтириш мақсадида жорий йилнинг август-сентябрь ойларида такрорий пилла етиштиришга алоҳида эътибор қаратилди. Бунинг самараси сифатида ёзги учинчи ва тўртинчи мавсумда 5460 қути ипак қурти парваришланиб, 219 тонна пилла хом ашёси етиштирилди. Ёзги мавсумда 8272 нафар касаначи билан шартномалар тузилиб, уларнинг бир ойлик фаолияти учун бир йиллик меҳнат стажи ёзилиши таъминланди. 2019 йилдан бошлаб шартномада белгиланган миқдордан ортиқча пилла топширилганда, 5 килограммгача ортиқча ҳосил харид нархига нисбатан 15 фоиз, 5 килограммдан юқори қисмига 25 фоиз миқдорида устама ҳақ тўлаш тизими жорий этилди.

Жорий йилда вилоятдаги 5 та пиллани қайта ишлаш корхоналари томонидан туманлар бўйича 25 та қуртхона қурилиши, 134 та кўчмас ва кўчма қуртхоналар қуриб битказилиши ишлари ниҳоясига етказиляпти. 2018 йилдан вилоятдаги қайта ишлаш корхоналарининг ҳар бирида 20 тадан ипак гилам ишлаб чиқариш дастгоҳлари ўрнатилган бўлса, 2019 йилнинг якунига қадар ҳар бир корхонада ипак гилам ишлаб чиқариш дастгоҳлари 50 тага етказилади. Жаҳон бозорида харидоргир ипак гиламлар асосан экспортга чиқарилиши мўлжалланган.

2018 йили вилоят пиллачилик тармоғида 37 минг 878 нафар ҳамюртимиз доимий ва мавсумий иш билан таъминланган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич қарийб 55 минг нафарга етди. 2020 йилда вилоятда пиллачилик тармоғида 61 мингдан ортиқ доимий ва мавсумий иш ўринлари яратиш кўзда тутилмоқда. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 2021 йили тармоқдаги иш ўринлари сони 69,5 мингтага ортади. 2021 йилга бориб иш ўринлари сони 2018 йилга нисбатан 183 фоизга ошиши кутилмоқда.

Ўтган йили вилоятда пиллани қайта ишлаш корхоналари томонидан 6,9 миллион АҚШ доллари миқдорида ипак маҳсулотлари экспорт қилинишига эришилди. Бу борада ишлаб чиқилган “Йўл харитаси”га кўра экспорт ҳажмини 2019 йилда 10,4 миллион АҚШ доллари ҳамда 2020 йили 13,8, 2021 йили 18,8, 2022 йили 20,2 миллион долларга етказиш режалаштирилган. 2025 йилга бориб эса вилоят пиллачилик тармоғида ипак ва тайёр маҳсулотларни сотиш ҳисобига экспорт ҳажмини 35 миллион АҚШ долларига етказиш устувор вазифа сифатида белгиланган.

Жаҳон бозорида табиий хом ашёдан тайёрланган маҳсулотларга талаб кундан-кунга ошиб, мода оламида ипак толалари иштирок этган кийим-кечаклар тобора урфга кираётган бир шароитда пиллачилик тармоғини замонавий мезонлар бўйича ривожлантириш муҳим аҳамият касб этади. Бугунги замонавий дунёда ярмаркалар, фестиваллар, ажойиб ва бетакрор байрам тантаналари, қолаверса, мамлакатимиз тадбиркорлари ва инвесторлар учун яратилаётган қулай бизнес муҳити юртимизнинг табиий сифатли ипак маҳсулотлари жаҳон бозорида бренд бўлишини таъминламоқда.

Юксалиш, тараққиёт ва эртанги кун истиқболи йўлида дадил одимлаётган Фарғона пиллачилиги мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятидаги нуфузи тобора яхшиланиб боришига беқиёс ҳисса қўшаётгани барчамизни беҳад мамнун этади.