Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида 2025 йилги Давлат бюджети лойиҳаси депутатлар томонидан кенг муҳокама қилиниб, бир қатор савол ва таклифлар билдирилди.
Жумладан, «Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси аъзоси Азамат Пардаев давлат-хусусий шериклик асосида фаолият олиб бораётган тадбиркорлик субъектларига берилган солиқ имтиёзлари ва ажратилган субсидияларнинг натижадорлиги, бу имтиёзлар таълим соҳасида рақобатдошликни ошириш ҳамда таълим сифатини яхшилашга нечоғлик таъсир кўрсатаётгани билан қизиқди.

Депутатнинг саволига тегишли мутасадди вакил томонидан қуйидагича жавоб берилди:
— 2018 йилда Президент қарори билан нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини қўллаб-қувватлаш мақсадида имтиёзлар, субсидиялар бериш йўлга қўйилган эди. Ҳозирги кунда 3-7 ёшгача бўлган болалар 3 миллиодан ошган бўлса, мактабгача таълим ташкилотларига қамров 2 миллион 300 мингни ташкил этмоқда. Шундан 937 минги нодавлат секторга тўғри келади.
2018 йилдан буён 31 мингта нодавлат боғча ташкил этилди. 1,5 мингта давлат-хусусий шериклик асосидаги мактабгача таълим ташкилоти ҳамда 29 мингга яқин оилавий боғча ташкил қилинди. 2018 йилдан буён ўтган 6 йил давомида бу йўналишга тахминан 13 триллион сўмга яқин субсидия ва имтиёзли маблағ сарфланган. Бунинг эвазига 31 мингдан ортиқ субъект ҳамда 937 минг нафар бола қамровига эришилди. Бу 3 миллион боланинг 31 фоизини ташкил этади. Қолаверса, хусусий боғчаларда янги иш ўринлари ҳам яратилди.
Шунингдек, таълим сифати ва самарадорлиги қай даражада экани бўйича қўшимча маълумотлар тақдим этилиши таъкидланди.
М.Комилова,
ЎзА