“Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси” АЖ 2025 йилнинг 1 январ ҳолати бўйича давлат томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятини ривожлантириш бўйича амалга оширилган ишлар ҳисоботини эълон қилди.
Хусусан, ушбу давр мобайнида компания тадбиркорликни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш мақсадида 46,7 минг нафар бизнес эгасининг 51 мингта лойиҳасига жами 17,7 триллион сўм миқдорида молиявий ёрдам кўрсатди. Бунинг натижасида мамлакатда 382,8 мингга яқин янги иш ўринлари яратилди. Бу шунчаки рақам эмас, балки қарийб 383 минг оиланинг қора қозони қайнаётганидан, уларнинг иқтисодий ҳолати кун сайин яхшиланиб бораётганидан далолатдир.
Компания 2024 йилда янги молиявий инструментлар жорий этиш орқали хизматлар сонини 2 тадан 24 тагача оширишга эришди. Ушбу хизматлар тадбиркорларга бизнесларини кенгайтириш ва барқарор ривожлантиришда кенг имкониятлар яратди.
Тадбиркорлар билан ўзаро самарали ҳамкорлик натижасида Компания 13,6 мингта лойиҳа учун ажратилган 10,5 триллион сўм кредитга кафил бўлди. 33,5 мингта лойиҳа доирасида 6,6 триллион сўмлик компенсация тўлади. 4 та лойиҳага 5,6 миллиард сўм улуш киритди. 10 та лойиҳага 57,9 миллиард сўм хизматлар ипотекаси берди. 2 та лойиҳага 17 миллиард сўм қарз тақдим этди. 3 657 та лойиҳага ажратилган 334 миллиард сўмлик микрокредитларни қайта молиялаштирди. 124 та лойиҳага 156 миллиард сўм миқдорида ресурс ажратди.
Бугунги кунда Компания хизматлар ипотекаси бўйича 238,2 миллиард сўмлик ва қарз молиявий ёрдами бўйича 203,4 миллиард сўмлик лойиҳалар устида иш олиб бормоқда. Ҳисобот даврида Компания молиявий кўмагидан Хоразм (2,1 триллион сўм), Тошкент вилояти (1,7 триллион сўм), Бухоро (1,6 триллион сўм) ва Тошкент шаҳри (1,6 триллион сўм) тадбиркорлари энг кўп фойдаланган.
Шунингдек, янги иш ўринлари яратиш бўйича Андижон (56 991 та), Фарғона (35 466 та), Хоразм (32 916 та), Самарқанд (49 491 та) ҳамда Наманган (27 402 та) вилоятлари етакчилик қилмоқда. Соҳалар кесимида таҳлил қилсак, ёрдамларнинг 9,3 триллион сўм қисми қишлоқ хўжалиги, 4,4 триллион сўми саноат ва 3,7 триллион сўми хизмат кўрсатишга тўғри келади. Қолган 336 миллиард қисми эса гаровсиз кредитларни қайта молиялаштиришга тегишли.
Эътиборга молик жиҳатлардан бири шундаки, компания хизматларидан фойдаланаётган аёл тадбиркорлар сони изчил ошиб бормоқда. Бугунги кунда уларнинг сони 6 мингга яқинлашган. Ушбу кўрсаткичлар “Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси” АЖнинг мамлакатда бизнес муҳитидаги ўрни қанчалик аҳамиятга эгалигидан ҳам далолат бермоқда.
Моҳигул Қосимова тайёрлади, ЎзА