Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
2018-2022 йилларда 284 маротаба овқатдан заҳарланиш ҳолатлари қайд этилган
15:13 / 2025-03-03

Аҳолини хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, озиқ-овқат маҳсулоти истеъмоли билан боғлиқ бўлган касалланишларнинг олдини олиш инсонлар саломатлигида долзарб аҳамиятга эга. Бу борада юртимизда тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Аммо амалдаги озиқ-овқат хавфсизлиги билан боғлиқ қонун 1997 йилда қабул қилинган бўлиб, бугунги кун талабига мутлақо жавоб бермай қолди. Натижада эса бу билан боғлиқ касалликлар кўпайишига ҳам сабаб бўляпти. Масалан, 2018-2022 йилларда овқатдан заҳарланиш ҳолатлари 284 маротаба қайд этилган. Шу боис, халқаро талаблардан келиб чиқиб, “Озиқ-овқат маҳсулотининг хавфсизлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.  

Мазкур лойиҳа Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида  биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, мазкур қонун лойиҳаси билан озиқ-овқат маҳсулоти хавфсизлигини таъминлаш соҳасида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги вазифа ва ваколатлари аниқ белгиланмоқда.

Шунингдек, “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунга сотувчиларнинг озиқ-овқат маҳсулотларида якуний истеъмол муддати ўтган товарларни қабул қилиш ҳамда реализация қилишларини ман этиш ҳақидаги норма киритилмоқда.

Муҳокамаларда сўз олган фракция аъзолари қонун лойиҳасининг мақсади Ўзбекистон Экологик партияси дастурий мақсадларига ҳамоҳанг эканлигини қайд этиб, уни такомиллаштириш юзасидан ўз таклиф ва тавсияларини билдирди. Лойиҳанинг қабул қилиниши озиқ-овқат маҳсулоти ва озуқа хавфсизлиги соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга, маҳаллий озиқ-овқат маҳсулотларини жаҳон бозорига олиб чиқиш ва республиканинг экспорт салоҳиятини оширишга, аҳолини хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашга хизмат қилиши таъкидланди.  

Муҳтарама Комилова, ЎзА